Чироқчилик Абдуҳамид ота Нурмуҳаммедов ва андижонлик Шарифа момо Убайдуллаева турмуш қуришганига 53 йил бўлган. Улар 1960-йилларда Киев чет тиллари институтида инглиз тилини ўқишаётган вақтларида танишишган. Kun.uz “Ҳаётий ҳикоялар” рукнида нуроний жуфтликнинг ҳаёт йўллари ҳақидаги ҳикоясини тақдим этади.

Шарифа ая Убайдуллаева – 75 ёшда. У Андижонда туғилган. Абдуҳамид ота Нурмуҳаммедов Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилган, ёши – 76 да. Ҳозирда улар Қарши шаҳрида яшайди.

Шарифа Убайдуллаева ва Абдуҳамид Нурмуҳаммедов. Фото: Kun.uz

Шарифа ая: Ота-онам мени 10 йил кутишган. Худо 10 йилдан кейин мени уларга берган. Шу сабабли уларнинг севимли қизи бўлганман. Хоҳлаган ҳамма нарсамни муҳайё қилишган. Онам тиббиёт марказида ишлаган, отам эса тарих фани ўқитувчиси бўлган. У бизга ўзининг ёшлиги ва Афғонистонда яшагани ҳақида кўп гапириб берарди. У менинг шифокор бўлишимни хоҳлаган, лекин ўқитувчим биз ўзбекларни қўй деб атагани учун инглиз тили ўқитувчиси бўлишга қарор қилдим. Отам мени Киевга юборди, у ерда 5 йил ўқидим. Украин манбаларидан жуда кўп нарса ўргандим. Украин ва рус йигитларини урушда кўриб йиғлайман, чунки улар менинг қалбимга яқин. Бу ерда биз билан инглизча гаплаша оладиган ҳеч ким йўқ. Шу сабабли инглиз тилим унчалик яхши эмас.

Абдуҳамид ота: Менинг ҳам инглиз тилим унчалик яхши эмас, сўз бойлигим ҳам зўр эмас. Мен 1948 йилда Чироқчи туманида туғилганман, Киевда ўқиганман. Биз ўша ерда танишганмиз. 1971 йилда эса турмуш қурдик. Тўрт нафар фарзандимиз бор, иккиси қиз, иккиси ўғил.

Ҳаёт тақозоси билан шундай бўлдики, биз мактабни битиргандан кейин 1966 йилда ҳам 10-, ҳам 11-синфлар мактабни тугатди ва ўқишга кирадиган абитуриентлар жуда кўпайиб кетди. Ундан ташқари, 1966 йилда ер қимирлаши содир бўлганди, шу сабабли қардош республикалар Ўзбекистонга ёрдам қўлини чўзди. Украина ва Россия ўқитувчи кадрларни тайёрлаб берамиз деган мажбуриятни олган шекилли, Россия, Украина шаҳарларига ўқишга танлов бошланди. Ё врач ёки ўқитувчи бўлмоқчи эдим. Тиббиёт институтига кириш учун ҳамма ҳужжатларни тайёрлаб турганимда эълон келиб қолди. Тақдир тақозоси билан кириб қолдик. Ҳеч қаерга чиқмаган қишлоқ боласи Киевга кетишга мажбур бўлди.

Қишлоқда ўсганмиз, рус тилини билиш даражамиз ҳам ўзига яраша. Нон билан сувни биламиз, бошқа рус тилидан билимимиз йўқ эди. Кейин мажбур бўлдик рус тилини ўрганишга. Бизни рус болалар ичига қўшиб қўйди, улар ўзбек тилини, биз рус тилини билмаймиз. Аммо мулоқот қилиб, бир йил ичида тилни ўрганиб олдик.