«Ҳаётий ҳикоялар» туркумидан берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони бундан бир неча йил аввал кимнингдир ноқонуний иши туфайли оғир ҳолатга тушиб қолган. Ўшанда унинг боласи ва онаси ҳалок бўлган, хотини эса ақлдан озган.

У ўз мактубида оғир кечган ҳаёти ва ўша машъум кун тафсилотларини ёзиб юборибди.

«Отам болалигимда вафот этгандан сўнг мени онам ёлғиз ўзи тарбиялаган. Мени ўксинмасин деб онам бошқа турмуш қурмаган. Эслайман, ёшлигимда онам «болам тенгқурларидан кам бўлмасин», деб бир нечта жойда ишларди.

Отасиз ўсган бўлсам ҳам, ёмон болаларга қўшилмадим, айримларга ўхшаб безори бўлиб кетмадим. Онамнинг мен учун заҳмат чекиб ишлаётганини билиб турардим. Шу сабабли мактабда аъло баҳоларга ўқидим. Хулқим ҳам яхши эди.

Онамга енгилроқ бўлсин деб ёзги таътилда «Ўрикзор», «Ипподром» ва бошқа бозорларга чиқиб шарбат, сув сотардим. Шу йўл билан пул ишлаб мактаб учун кийимларни ўзим олардим.

Мактабни битказгач, икки йил уриниб, ўқишга кира олмадим. Шундан сўнг аввалига у, бу ишларни қилиб юрдим. Кейин «Ўрикзор»даги бир дўконга шогирд бўлдим. Бу орада уйландим.

Дўконда шогирд бўлиб юрган кунларимда ойлигим яхши эди ва онам ишдан бўшаб таътилга чиқди. Ўзига қолса, ишдан бўшамоқчи эмасди, бироқ мен уни шунга мажбурладим.

Эсимда, онам мени уйлантириш учун кўп хонадонларнинг эшигини тақиллатиб борган, бироқ «отасиз ўсганга қиз бермаймиз», деб кўпчилик рад этган. Охирида бир хонадон рози бўлган. Билсак бўлажак қайнотам ҳам отасиз ўсган ва бунинг машаққатларини бошидан ўтказган инсон экан.

Уйланганимдан сўнг бир йил ўтиб ўғил фарзандли бўлдим. Боламиз бир ёшга киргач, ҳарна рўзғорга ёрдам бўлар, деб хотиним ҳам ишга чиқиб кетди. Ўғлимизга онам қарай бошлади.

Ўшанда онам ўғлимни эплай олармикан деган хавотир бор эди. Бу ҳақда онамга айтган эдим, уришиб берди: «Болам, куни билан бекор бўлсам. Битта болага қараш нима бўлибди?!

Савдонинг паст-баландларини билиб олгач бир неча йилдан сўнг устозимдан фотиҳа олиб, ўзим дўкон очиб, озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғуллана бошладим.

Ҳаётимиз бир маромда давом этар, мендан бахтли одам йўқ эди. Агар ўша пайтда кимдир «Яқинда бошингга улкан синовлар ёғилади ва қочгани жой топа олмай қоласан», деса ишонмасдим.

Ўша машъум кунни яхши эслайман. Эрталаб онам, хотиним ва ўғлим биргаликда нонушта қилдик. Онам ва хотиним билан яхши кайфиятда хайрлашиб ишга кетдим. Тушгача савдо ҳам яхши бўлди.