Жаҳон | 23:25 / 03.10.2024
3871
2 дақиқада ўқилади

Тинчлик бўйича Нобел мукофотига 280 дан ортиқ номзод илгари сурилди. Улар орасида Навалний ҳам бор

Тинчлик бўйича Нобел мукофотига илгари сурилган номзодлар орасида колонияда вафот этган россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навалний ҳамда Украина президенти Володимир Зеленский етакчилик қилмоқда.

Фото: Reuters

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти учун 286 нафар номзод кўрсатилди, деб хабар беради Reuters. Улра орасида БМТнинг қочоқлар иши бўйича олий комиссари, Рим папаси Франциск ва британиялик натуралист Девит Аттенборо ҳам бор.

Агентлик томонидан экспертлар орасида ўтказилган сўровда, улар БМТнинг Фаластин қочоқлари иши бўйича агентлиги, БМТ Халқаро суди ва ташкилот бош котиби Антониу Гутерришни ҳам рўйхатга киритган. Шу билан бирга, экспертлар БМТнинг Фаластин қочоқлари иши бўйича агентликка мукофотнинг берилишини баҳсли деб атаган — айниқса, агентлик ходимларининг 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан Исроилга уюштирган ҳужумига алоқадорлиги ҳақида хабарлар тарқалган ҳозирги вазиятда.

Ўз навбатида колонияда вафот этган россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навалний ҳамда Украина президенти Володимир Зеленский номзодлари ҳам етакчилик қилмоқда. Reutersʼнинг ёзишича, Навалнийга мукофотни топширишнинг иложи йўқ, чунки у марҳумларга берилмайди. Зеленский бўлса, жанг қилаётган давлат раҳбари бўлгани учун номзодликдан чиқиб кетиши мумкин.

Норвегия Нобел қўмитаси, шунингдек, жорий йилда мукофотни ҳеч кимга бермаслик бўйича ҳам қарор қабул қилиши мумкин — мукофот тарихида бунақаси 19 марта содир бўлган, охиргиси 1972 йилда.

«Балки қўмита айнан шу йили тинчлик бўйича Нобел мукофотини ҳеч кимга бермай, сайёрамиз уруш домида эканига эътибор қаратар», — дейди Стокголм халқаро тинчлик тадқиқот институти раҳбари Дэн Смит.

2024 йилда Нобел мукофоти лауреатлари 7-14-октябр кунлари эълон қилинади. Норвегия Нобел қўмитаси тинчлик бўйича лауреатни 11 октябрда эълон қилади. 2023 йилда мукофот эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси Наргиз Муҳаммадийга насиб этган.
 

Мавзуга оид