Жаҳон | 21:07 / 05.10.2024
1463
2 дақиқада ўқилади

Emirates йўловчиларнинг самолёт бортига пейжер ва рациялар олиб чиқишини тақиқлади

Авиакомпаниянинг маълум қилишича, қўл юки ёки багаждан топилган бундай буюмлар Дубай полицияси томонидан мусодара қилинади.

Фото: AFP

Emirates авиакомпанияси самолёт бортига ўзлари билан пейжер ёки рациялар олиб чиқишни ёки уларни багажга топширишни тақиқлади. Бу ҳақда авиакомпания баёнотида сўз боради.

«Дубайга ёки Дубай орқали учадиган рейсларнинг барча йўловчиларига пейжерлар ва рацияларни қўл юки ёки багаж орқали ташиш тақиқланади. Қўл юки ёки багаждан топилган бундай буюмлар Дубай полицияси томонидан мусодара қилинади», — дейилади хабарда.

17 сентябр куни Ливанда «Ҳизбуллоҳ» томонидан тезкор алоқа учун фойдаланиладиган пейжерларда қатор портлашлар содир бўлди. Эртаси куни рациялар ҳам портлатилди. Портлашлар оқибатида камида 37 киши ҳалок бўлган ва уч мингга яқин киши жароҳатланган.

Reuters агентлиги Ливан хавфсизлик хизматидаги манбаларга таяниб, Исроил разведка хизмати «Моссад» бир неча ой олдин «Ҳизбуллоҳ» томонидан сотиб олинган беш минг пейжерга портловчи моддалар ўрнатганини хабар қилди.

Расмий Байрут ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати вакиллари воқеада Исроилни айблади. У қилган ишлари учун «лойиқ жазо» олишига ваъда берилди. Reuters манбасининг таъкидлашича, пейжерлар Исроил разведка хизмати «Моссад» томонидан «ишлаб чиқариш босқичида» ўзгартирилган. Sky News Arabia манбаларига кўра, қурилмаларда детонатор қопқоқларини жиҳозлаш учун ишлатиладиган азот кислотаси эфирини ўз ичига олган портловчи модда - пентаэритриттетранитрат бўлган. Тахминларга кўра, портлашлар «Моссад» аккумуляторлар ҳароратини масофадан оширганда содир бўлган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид