Жаҳон | 19:09 / 25.09.2024
5099
3 дақиқада ўқилади

“Технологик урушларнинг янги саҳифаси” — таҳлилчилар Исроилнинг пейжер операцияси ҳақида

Исроил махсус хизматлари томонидан Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га қарши пейжер, рация каби электрон қурилмаларнинг портлатилиши замонавий урушларнинг бошқа бир янги шаклига яққол мисол бўлди. Аммо бундай операцияларни Исроил биринчи марта ўтказаётгани йўқ. Мавзу борасида сиёсий таҳлилчилар Шавкат Икромов ва Фазлиддин Мадиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Шавкат Икромовнинг сўзларига кўра, халқаро уруш қонунчилигида “Буби тузоғи” деган тушунча бор. Бунда турли ёнувчи мосламалар ёки ўйинчоқларга масофадан туриб бошқарилувчи бомбалар ўрнатилади ва шу орқали душманга тизимли ва мақсадли ҳужум қилинади. Бу уруш қонунчилигига кўра баҳсли масала, лекин айрим ўринларда бунга рухсат берилади. Бу жараён тўғридан тўғри уруш сифатида баҳоланмайди, балки қўрқитиш усули сифатида қаралади. Бу каби ҳолатлар Исроил тарихида аввал ҳам бўлган, дейди у.

17 сентябр куни “Ҳизбуллоҳ” томонидан тезкор алоқа учун фойдаланиладиган пейжерларда қатор портлашлар содир бўлди. Эртаси куни рациялар ҳам портлатилган. Портлашлар оқибатида камида 37 киши ҳалок бўлган ва уч мингга яқин инсон жароҳатланган. The New York Times нашрига кўра, Эроннинг Ливандаги элчиси Можтаба Амани бир кун олдин пейжер портлаши оқибатида бир кўзидан айрилган, иккинчи кўзи эса жиддий шикастланган.

Фазлиддин Мадиевнинг қайд этишича, бу воқеалардан кейин ливанликлар барча техник қурилмалар, оддий қулоқчиндан тортиб электр токида сув қайнатувчи чойнаккача портлаши мумкин деб ҳисоблашмоқда. Бу борада текширувлар амалга оширилмоқда, лекин Ливанда бошқа портлаш бўлмаслигига ҳеч қанақа кафолат йўқ, дейди у.

ОАВга кўра, “Ҳизбуллоҳ” томонидан ўз аъзолари учун буюртма қилинган 5000 пейжердан иборат янги партия ичига оз миқдорда портловчи моддалар ўрнатилган. Бу Тайван, Япония ёки Венгрияда қилингани ҳақида тахминлар тарқалганди, бу мамлакатларда айбловлар рад этилди.

Бутун дунё Исроилнинг масофадан туриб алоқа воситаларини портлатганидан ҳайратда, бироқ 1998 ва 2000 йилларда ҳам ливанликлар Исроил томонидан болалар ўйинчоқларининг ичига портловчи моддалар жойлагани ҳақида БМТга арз қилишган.

Фазлиддин Мадиев Исроилнинг технологик операциялари ҳақида сўз юритаркан, Эрондаги уранни бойитиш дастурига масофадан туриб етказилган катта зарар Теҳроннинг бу дастурини 10 йилларга кечиктириб юборганини айтади.

НормуҳаммадАли суҳбатлашди.

Мавзуга оид