Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси аъзоларига алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланди
Эрон сиёсий элитаси вакиллари Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» аъзоларига тегишли пейжерлар портлаганидан ташвишда. ИИМК кучлари ҳозирда ўзаро алоқани қандай усулда таъминлаётгани номаълум.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) раҳбарияти Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати иштирокчиларининг пейжерлари портлаши билан боғлиқ воқеадан кейин ўз аъзоларига алоқа воситаларидан фойдаланишни тўхтатишни буюрди. Бу ҳақда Эрон хавфсизлик хизматидаги манбаларига таяниб Reuters хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, ИИМК нафақат алоқа воситалари, балки барча электрон қурилмалар устида кенг кўламли текширувларни олиб бормоқда. Уларнинг аксарияти Эронда ишлаб чиқарилган ёки Хитой ва Россиядан олиб келинган.
Reuters манбаси ИИМК кучлари ўртасида алоқа қандай таъминланаётгани тўғрисидаги саволларга жавоб беришдан бош тортган. Фақат улардан бирининг маълум қилишича, ҳозирда мессенжерларда шифрлаш тизимидан фойдаланилмоқда.
Ушбу амалдорнинг таъкидлашича, Эрон сиёсий элитаси вакиллари Ливандаги портлашлардан ташвишда. ИИМК вакиллари портлаб кетган қурилмаларнинг техник баҳоланиши юзасидан «Ҳизбуллоҳ»га мурожаат қилган ва уларнинг бир нечта намунаси ўрганиш учун Теҳронга юборилган.
Эрон ҳукумати, шунингдек, мамлакатда Исроил агентлари мавжудлиги, жумладан, улар томонидан оғдириб олинган эронликлар бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Ҳозирда ҳукумат ИИМКнинг қатор аъзоларига нисбатан терговни бошлаган. Гап уларнинг Эрондаги банк ҳисобрақамлари ва оилаларини, хорижий сафарларини текшириш ҳақида кетмоқда.
Сентябр ўрталарида Ливанда «Ҳизбуллоҳ» тезкор алоқа воситаси сифатида фойдаланиб келган пейжерлар ва рацияларда портлашлар юз берганди. Ҳодиса оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, 3 мингдан ортиқ инсон жароҳат олган. Ливан ва «Ҳизбуллоҳ» мазкур ҳужум ортида Исроил турганини таъкидламоқда, Исроил ҳукумати эса айбловларни рад этяпти.
Reuters агентлигининг маълум қилишича, Исроил разведкаси портловчи воситаларни «Ҳизбуллоҳ» бир неча ой олдин харид қилган 5 мингта пейжерга ўрнатган.
Мавзуга оид
19:07
“Исроилнинг шартлари асосидаги сулҳ” — экспертлар Ливандаги оташкесим ҳақида
07:31 / 27.11.2024
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
09:28 / 26.11.2024
Байден ва Макрон Ливанда сулҳ эълон қилишга тайёрланмоқда
19:34 / 25.11.2024