Жаҳон | 13:00 / 07.10.2024
9035
2 дақиқада ўқилади

Россия ўз элчиси Антоновни АҚШдан чақириб олди

Россиянинг Вашингтондаги элчиси Антоновнинг хизмат сафари якунланган, ТИВ хабарига кўра, у ватанига қайтмоқда. Унинг ўрнига Россиянинг АҚШдаги дипломатик миссияси раҳбари сифатида ким келиши айтилмаган.

Анатолий Антонов Фото: Валерий Шарифулин / ТАСС

Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов АҚШдаги фаолиятини якунлаб, Москвага қайтмоқда. Бу ҳақда 5 октябр, шанба куни Россия ташқи ишлар вазирлиги Россия ахборот агентликларига маълум қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Антонов «Вашингтондаги хизмат сафарини якунламоқда». Россиянинг АҚШдаги элчихонаси ТАСС агентлигига собиқ элчи бортида бўлган самолёт Москва вақти билан 5 октябр куни кечқурун Москвага учганини маълум қилди. Бу лавозимда Анатолий Антонов ўрнига ким келиши ҳақида маълумот берилмаган.

2017 йилнинг августида Россиянинг АҚШдаги элчиси лавозимига тайинланишидан олдин Антонов Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Хавфсизлик ва қуролсизланиш масалалари департаментида ишлаган. 2011-2016 йилларда у Россия Федерацияси мудофаа вазирининг ўринбосари, кейин эса Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлагани учун Антонов халқаро санкциялар остида, хусусан, Канада, Европа Иттифоқи, Швейцария ва Британияда.

The Insider эслатишича, 2022 йилнинг 20 февралида Россия «ДХР» ва «ЛХР» мустақиллигини тан олишидан бир кун олдин ва Украинада кенг кўламли уруш бошланишидан тўрт кун олдин Антонов Донбасс ва Луҳанск Украинанинг бир қисми эканлигини ҳамда Москва қўшни давлатга бостириб кириб, унинг ҳудудини эгаллаб олишни режалаштирмаётганини айтган. Кейинчалик у Россия расмийлари томонидан айтилган ҳар қандай баёнотларни такрорлашда давом этди.

Мавзуга оид