Жаҳон | 21:41 / 09.10.2024
29007
3 дақиқада ўқилади

Сўнгги 5 йил ичида илк бор Шимолий Оролга сув қуйиш режаси бажарилди

Охирги йилларда Қозоғистондаги Шимолий Орол денгизига 350-400 миллион куб метр сув қуйилган бўлса, жорий йил бошидан буён бу ҳажм 2 миллиард куб метрдан ошди, йил охирига қадар яна 500 миллион куб метр сув қуйиш режалаштирилган.

Фото: aralsea.nethouse.ru

Қозоғистонда сўнгги 5 йилда илк бор Шимолий Орол денгизига сув қуйиш режаси деярли 100 фоизга бажарилди. Kazinform хабарига кўра, денгизга жами 977 миллион куб метр сув қуйилган.

Қайд қилинишича, охирги йилларда денгизга 350-400 миллион куб метр сув қуйилган бўлса, жорий йил бошидан буён бу ҳажм 2 миллиард куб метрдан ошди, йил охирига қадар яна 500 миллион куб метр сув қуйиш режалаштирилган.

«Натижада бугунги кунда Шимолий Орол денгизининг сув ҳажми 22 миллиард куб метрга етди. Вегетация мавсумида денгизга секундига 7-10 куб метр сув юборилган бўлса, жорий йилда денгизга секундига 60-70 куб метр сув юборилди», деди Орол-Сирдарё ҳавза инспекцияси бошлиғи ўринбосари Зейнулла Қазтоғанов.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Орол денгизининг минераллашуви пасайиб, балиқлар кўпайган. Денгиз қуриётганидан бери маҳаллий балиқчилар йилига атиги 400 тонна балиқ овлаган бўлса, ҳозир 7,5-8 минг тоннагача балиқ овламоқда.

Қаратерен қишлоғида яшовчи 76 ёшли балиқчи Кунтуған Турғанбаев бутун умр шу касб билан шуғулланган. Унинг сўзларига кўра, сув келганида янги имкониятлар пайдо бўлган.

«Кўзимизни очганимиздан бери денгиздан балиқ овлаймиз. Чучук сув балиқлари дарёга кириб боряпти. Бу йил балиқ ўтган йилгидан кўп. Агар Орол денгизи шу даражада сақланса, балиқчилик ривожланади», деди у.

Шу билан бирга, Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда Шимолий Орол денгизини сақлаб қолиш бўйича лойиҳанинг иккинчи босқичига тайёргарлик кўряпти.

Ҳозир лойиҳа учун зарур ҳужжатлар ишлаб чиқиляпти. Иккинчи босқич барқарор сув билан таъминлашдан тортиб Шимолий Орол денгизида иқтисодий ва ижтимоий лойиҳаларни ривожлантиришгача бўлган турли йўналишларни ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, 1989 йилда Орол денгизи қуриши оқибатида иккита сув ҳавзасига – Шимолий ва Жанубий Оролга ажралиб кетган эди. Шимолий Орол – Қозоғистон ҳудудида жойлашган.

Мавзуга оид