Жаҳон | 10:50 / 09.10.2024
1473
2 дақиқада ўқилади

ЕИ РФга қарши янги санкция механизмини яратишни маъқуллади

Жозеп Боррел ташаббуси билан Европа Иттифоқи Россиядан келаётган гибрид таҳдидларга, хусусан, сайловга аралашув, дезинформация ва киберҳужумларга қарши курашишнинг янги механизмини яратмоқда.

Фото: Sean Gallup / Getty Images

Европа Иттифоқи кенгаши Россиянинг беқарорлаштирувчи ҳаракатларига жавобан қўлланадиган санкциялар механизмини яратишни маъқуллади. Янги механизм Брюсселга хатти-ҳаракатлари ЕИ ва унинг аъзолари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва учинчи давлатларнинг асосий қадриятлари, хавфсизлиги, мустақиллиги ва яхлитлигига путур етказадиган одамлар ва ташкилотларни жиноий жавобгарликка тортиш имконини беради, дея маълум қилди сешанба, 8 октябр куни Европа Иттифоқи кенгаши. 

Россия гибрид таҳдидлари

Бошқа нарсалар қаторида, гап сайлов жараёнларига путур етказиш ва демократик институтларни бузиш, жамоат манфаатларини ва муҳим инфратузилмани ифодаловчи компанияларга таҳдид ва диверсия каби гибрид таҳдидлар ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, киберҳужумлар, дезинформация ва мигрантлардан беқарорлик воситаси сифатида мақсадли фойдаланиш бу борада тилга олинади.

Боррел ташаббуси

Ушбу механизм доирасида жисмоний ва юридик шахслар қўшиладиган алоҳида санкция рўйхатини яратиш кўзда тутилган. Уларнинг активлари музлатилади, Европа Иттифоқидаги фуқаролар ва компанияларга уларга маблағ бериш тақиқланади. Ва бу рўйхатдаги одамларнинг Европа Иттифоқи ҳудудига кириши ҳам ман этилади.

Қарор Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ташаббуси билан қабул қилинди. Тушунтирилганидек, бу яқинда янги ҳаракатлар орқали кучайган Россиянинг Европа Иттифоқидаги гибрид фаолияти кампаниясига ЕИ жавобининг бир қисмидир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид