Шиорини ҳайқирган Орбан ва Bella Ciao'ни куйлаган сўллар: ЕПда Венгрия бош вазири билан кескин мунозара юз берди
Венгрия бош вазири Орбан Европарламентда ўз мамлакатининг Европа Иттифоқига раислик қилиш мақсадларини эълон қилди, бунга жавобан деярли барча фракциялар депутатлари унинг баёнотларини кенг танқид остига олди.
Европарламент аъзолари Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан мунозаралар чоғида уни Россия президенти Владимир Путинга яқинликда айблаб, асосий ҳуқуқ ва эркинликларнинг бузилиши, шунингдек, Венгриядаги коррупциянинг юқори даражасини кескин қоралашди. 9 октябр, чоршанба куни Страсбургда консерваторлардан тортиб сўлларгача бўлган кенг кўламли сиёсий кучлар вакили бўлган кўплаб европалик парламентарийлар Орбанга қарши чиқишди.
Депутатлар Орбаннинг нутқидан ҳайратда қолишди
Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ўтган ёзда Орбаннинг кенг танқид қилинган «тинчлик ташаббуси»ни эслади, унда у бошқа нарсалар қаторида Владимир Путин ва Доналд Трамп, шунингдек, Хитой раҳбари Си Жинпиннинг олдига Брюссел билан келишмасдан туриб ташриф буюрган. Уруш сабабини «Путиннинг ҳокимиятга интилишида эмас, балки Украинанинг эркинликка чанқоқлигида» кўраётганлар ҳамон бор», — деди у.
Ўз навбатида, Европа халқ партияси (ЕХП) раиси Мартин Вебер Орбан ўз нутқида Украинадаги уруш ҳақида бир оғиз сўз айтмаганидан «ҳайратда» эканини айтди. У венгриялик сиёсатчининг Путин, Трамп ва Си билан учрашувларини қоралаб, уларни «автократлар учун ташвиқот шоуси» деб атади.
Кўп сонли маърузачилар орасида Орбаннинг Венгриядаги асосий рақибларидан бири – консерватив «Ҳурмат ва эркинлик» (TISZA) партияси раҳбари, ҳозир Европа парламенти аъзоси бўлган Питер Мадяр ҳам бор эди. Унинг сўзларига кўра, Орбан даврида Венгрия «Европа Иттифоқидаги энг коррупциялашган мамлакатлардан бирига айланди».
Орбан депутатларни Венгрияга қарши «интифада»да айблади
Ўз навбатида, 2010 йилдан бери ҳокимиятда бўлган венгер ўнг популисти қонун чиқарувчиларни ўз мамлакати ҳақида «сўл қарашдаги ёлғонлар»ни тарқатишда ва жорий ярим йил давомида Европа Иттифоқига раислик қилаётган Венгрияга қарши «ўзига хос интифада»да айблади.
Қарама-қаршиликка Орбаннинг Венгриянинг Европа Иттифоқига раислиги устувор йўналишлари ҳақидаги нутқи сабаб бўлди. Унда у Европа Иттифоқининг сўнгги йилларда қабул қилган асосий қарорларини шубҳа остига олди ва Европа Иттифоқининг миграция, ташқи ва иқлим сиёсатида туб бурилиш талаб қилди.
Венгрия раислигининг шиори - «Европани яна буюк қиламиз»
«Европа бошпана тақдим этиш тизими шунчаки ишламаяпти», деди Венгрия бош вазири. Унинг фикрича, Европа Иттифоқи ноқонуний муҳожирларни ўз ҳудудига киритмаслиги, балки уларни келган давлатларига қайтариши керак.
Бундан ташқари, у европаликларнинг Россия нефти ва газидан воз кечишини танқид қилди, чунки бу, унинг сўзларига кўра, ЕИда иқтисодий ўсишга таҳдид солади. Иқлим сиёсатида Орбан Брюсселнинг 2050 йилга бориб Европани иқлим жиҳатидан бетараф биринчи қитъага айлантириш мақсадини шубҳа остига қўйди.
«Келинг, Европани яна буюк қиламиз», — деб ҳайқирди Орбан Европа Кенгашидаги раислик шиорини, у АҚШ президентлигига номзод Доналд Трампнинг сайловолди шиорига ўхшаб кетади. Унинг нутқи давомида социал-демократлар «Демократлар автократларга қарши» ёзуви ёзилган плакатларни кўтариб олди, нутқидан сўнг сўл лагер вакиллари фашизмга қарши Bella Ciao мадҳиясини куйладилар, деб ёзади AFP. Ўта ўнг парламентарийлар Орбанга ўрнидан турган ҳолда қарсак чалишди.
Мавзуга оид
16:16 / 08.11.2024
Тахтақорача довонида тош босиб қолганларнинг икки нафари венгриялик бўлган
10:29 / 07.11.2024
Трампнинг ғалабаси: Орбан Украина бўйича ЕИ янги стратегиясини талаб қилмоқда
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
14:26 / 06.11.2024