Евроиттифоқ Россияни дон кемаларига ҳужумларни тўхтатишга чақирди
Россиянинг Қора денгиздаги дон кемаларига ҳужуми халқаро ҳуқуқни очиқдан-очиқ бузишдир, дея маълум қилди Европа ташқи сиёсий фаолият хизмати.
Европа Иттифоқи Россияни Қора денгизда дон ташувчи кемаларга ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. 10 октябр, пайшанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг матбуот котиби Питер Стано: «Бу ҳужумлар халқаро ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилишини ташкил этади», деди.
Унинг сўзларига кўра, Қора денгизда дон ташувчи кемаларга ҳужум қилиб, Россия «Африка ва Осиёдаги ёрдамга муҳтож миллионлаб одамларнинг озиқ-овқат таъминотини хавф остига қўяди», деб хабар беради dpa агентлиги. Еврокомиссия маълумотларига кўра, Россия сўнгги пайтларда Украина донини олиб кетаётган юк кемаларига атайлаб бир неча бор ҳужум қилган.
Россиянинг Украина жанубидаги портларига ҳужуми
10 октябр куни Одесса области ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Кипер Telegramʼда Россиянинг Одесса области портларидаги инфратузилма ва фуқаролик кемаларига сўнгги учта зарбаси натижасида саккиз нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилди. Кипернинг сўзларига кўра, «Россия атайлаб тинч аҳоли ва ҳимоясиз одамларни нишонга олмоқда». Бу зарбалардан мақсад Украина ўз донини экспорт қилишига йўл қўймасликдир, деб ёзган эди у аввалроқ.
Одесса ОҲМ раҳбарининг сўзларига кўра, 9 октябр куни Россия Одесса порт инфратузилмасини баллистик ракеталар билан ўққа тутиб, Панама байроғи остидаги контейнер ташувчи Shui Spirit кемасини нишонга олган. Ушбу ҳужум натижасида камида олти киши ҳалок бўлди, яна 11 киши яраланди.
7 октябр куни Россия баллистик ракетаси Палау байроғи кўтарилган фуқаролик кемасига бориб урилди. 60 ёшли украиналик, юк ташиш билан шуғулланувчи хусусий компания ходими вафот этди. Яна беш нафар хориж фуқароси яраланган, деб хабар берди Кипер.
6 октябр куни Одесса области прокуратураси Россия Қуролли кучларининг Одесса ва областга Shahed-136 учувчисиз учиш аппарати ва «Искандер-М» баллистик ракетаси ёрдамида ҳужум қилгани, натижада юк ташувчи фуқаролик кемасига зарар етказилгани ҳақида хабар берган эди. Прокуратура маълумотларига кўра, омборлардан бирининг қўриқчиси бўлган 59 ёшли эркак тан жароҳати олиб, касалхонага етказилган.
Украина бош вазири ўринбосари Алексей Кулебанинг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги уч ой ичида Россия Украина жанубидаги портларга 60 та ҳужум уюштирган. Шу билан бирга, 300 дан ортиқ бино, 177 та машина ва 22 та кема зарар кўрган. Кулебанинг Telegramʼдаги баёнотига кўра, 79 нафар тинч аҳоли, жумладан порт ходимлари ва кема экипажи аъзолари яраланган.
Дон экспорти учун Украинанинг янги денгиз йўлаги
Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг, Россия Қора денгиз флоти Украинанинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг денгиз орқали экспортига тўсқинлик қилишга уринди. 2022 йил июлидан 2023 йил июлигача «дон келишуви» амал қилган — БМТ ва Туркия воситачилигида Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда Россия хавфсизлиги кафолатлари бўйича тузилган келишув. Бироқ, 2023 йил июл ойида Россия 17 июлда муддати тугаган «дон битими»ни амалда бекор қилганини билдирди. Шу билан бирга, Москва Ғарбни келишувларнинг бир қисмини бажармаганликда айблади.
Шундан сўнг, 2023 йилнинг кузида Киев Қора денгизнинг ғарбий қисмида янги хавфсиз денгиз йўлагини яратишга муваффақ бўлди. Бунгача Украина қуролли кучлари Змеиний оролини озод қилиб, Россиянинг бир қанча ҳарбий кемаларини, жумладан, Россия Қора денгиз флотининг флагмани «Москва» крейсерини чўктирган эди.
Мавзуга оид
16:03 / 20.12.2024
ЕИнинг 15 та давлати сурияликларнинг бошпана сўровини кўриб чиқмаяпти
13:52 / 19.12.2024
ЕИ суди Дерипаска ва икки банкни санкциялар остида қолдирди
15:20 / 18.12.2024
ЕИ Суриядаги дипломатик ваколатхонасини қайта очишга тайёр
16:06 / 17.12.2024