Зеленский Европа пойтахтларини айланди. У иттифоқчилардан нима талаб қилди? Ва у нимага эришиши мумкин?
Politico журналистлари версияси.
Украина президенти Володимир Зеленский 10-11 октябр кунлари бирданига Европанинг тўрт асосий давлати пойтахтлари — Лондон, Париж, Рим ва Берлинда бўлди. Бу сафар йўл-йўлакай амалга ошди — аввалига Зеленский фақат Германияга, АҚШ президенти Жо Байден иштирокидаги «Рамштайн» форматидаги учрашувга бориши режалаштирилганди. Аммо «Милтон» тўфони туфайли Байден Европага ташрифини қолдирди, шундан кейин «Рамштайн» учрашуви ҳам бекор қилинди. Шундан кейин Зеленский Буюк Британия, Франция, Италия ва Германия раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш учун йўл олди. Politico нашри ушбу учрашувларда муҳокама қилгани деярли аниқ бўлган Киевнинг Ғарбдан асосий сўровлари рўйхатини тузди — ва улардан ҳар бирининг қаноатлантирилиши эҳтимолини баҳолади.
НАТОга йўл
Politico Киевдагилар Украина НАТОдан хавфсизлик кафолатини олишини Россиянинг келгусида қилиши мумкин бўлган янги ҳужумининг олдини олишнинг ягона йўли деб билишларини эслатган. Аммо, дейди нашр муаллифлари, яқин вақтлар ичида таклиф олиш — «оддий вазифа эмас»: гарчи НАТОдагилар бир неча марта Украина кун келиб алянс аъзоси бўлишини айтган бўлса-да, ҳозирча аниқ муддат йўқ ва кутилмаяпти ҳам.
Бу фонда сўнгги ойларда Киев турли давлатлар, жумладан, НАТО аъзолари билан хавфсизлик соҳасида янада қалин алоқалар ўрнатишга қаратилган йигирмага яқин икки томонлама келишувлар имзолади — амо улар НАТО хавфсизлик кафолатлари билан таққослаш мумкин бўлган мажбуриятларни ўз ичига олмайди.
Сафар якунларига кўра бу масалада муваффақиятга эришиш имконияти: 5 дан 1.
Украин осмони ҳимояси
Украина ғарблик иттифоқчиларни — биринчи навбатда, Полша ва Руминияни — ўз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини Украинанинг ғарбий қисми устидаги Россия дронлари ва ракеталарини уриб тушириш учун чегарага яқинроқ жойлаштиришга чақириб келади. Аммо НАТОдагилар эскалациядан хавфсираб, бундай ёндашув алянснинг можарога «бутунлай бошқа даражадаги аралашуви» бўлишини билдиради.
Киевдагилар АҚШ Исроилга Эрон ракеталарини уриб туширишда ёрдам кўрсатаётганига эътибор қаратиб — ўз иттифоқчиларини ҳам Украинани ҳимоялашда «шундай қатъият кўрсатиш»га чақиради.
Шунингдек, Украина ўзининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтиришни — Американинг Patriot ва Франция-Италия маҳсулоти бўлмиш SAMP/T тизимларини қўшимча равишда етказиб беришни сўрайди.
Муваффақият учун имконият: Полша ва Руминия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан фойдаланиш — 5 дан 1, Украина ҲҲМ тизимларини кучайтриш — 5 дан 4.
Россия ҳудуди бўйлаб зарбалар
Лондонда бош вазир Кир Стармер ҳамда НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашувда Зеленский Украинанинг Россия ичкарисидаги нишонларга Ғарб қуроллари билан зарба беришни тақиқловчи чекловларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
Рютте бу масалада амалда Зеленскийни қўллашини билдирди, аммо якуний қарорни алянс эмас, балки муайян қуролни етказиб берувчи алоҳида давлатнинг ўзи қабул қилишини қайд этди. «Алоҳида иттифоқчилар буни қилиш-қилмаслиги ҳамиша уларнинг ўзига боғлиқ», — деган у.
Сентябр ойи бошида матбуотда бир неча марта АҚШ ва Буюк Британия гўёки Украинага шундай рухсат бергани тўғрисида норасмий хабарлар пайдо бўлганди, аммо бу хабарлар расмий даражада тасдиқланмади ва бундай қуроллардан Россия ҳудудига зарба берилиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмади. Иттифоқчилар бунга рухсат берилиши назорат қилиб бўлмайдиган эскалацияга олиб келиши — Россия ядровий жавоб ҳам қайтариши мумкинлигидан хавотирда, дея ёзади Politico.
Муваффақият учун имконият: 5 дан 1 .
Taurus ракеталари етказиб берилиши
Politico нашри эслатганидек, Ғарбдаги асосий иттифоқчилар (АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Италия) фақат Украинанинг оккупация қилинган ҳудудлари ва чегара ҳудудлар бўйлаб қўллаш шарти билан катта масофага ҳаракатланувчи ракеталарни чекланган партияларда етказиб берган — аммо фақат Германия ҳозиргача бундай қилмаган.
Украина ва иттифоқчилар томонидан ҳам, Германиянинг ўзидаги кўплаб сиёсатчилар, жумладан, мамлакат ТИВ раҳбари Анналена Бербок томонидан ҳам кучли дипломатик босим ўтказилганига қарамай, ГФР канцлери Олаф Шолц кўп ойлар мобайнида бир неча марта бу борадаги сўровларни қатъиян рад этган.
Германия Украинанинг энг йирик ҳарбий донорларидан бири бўлиб қолмоқда — хусусан, 9 октябр куни Бундестаг 2024 йил охиригача ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, танклар ва ўқ-дорилар етказиб бериш учун 400 миллион евро ажратишни маъқуллади. Аммо, расмий Берлиннинг Taurus ракеталари бўйича позицияси деярли ўзгаришсиз қолади.
Муваффақият учун имконият: 5 дан 1.
Украинани «арсенал демократияси»га айлантириш
Тайёр қуролларнинг янги етказиб берилишидан ташқари, Украинанинг мақсадларидан бири — ўз иқтисодиётини мустаҳкамлайдиган ва армияни Россияга қарши эркин қўллаши мумкин бўлган ўқ-дорилар билан таъминлай оладиган ўз ҳарбий саноатига инвестициялар жалб этишдир.
Politico нашри Rheinmetall, Nammo ва Saab каби кўплаб йирик ҳарбий ишлаб чиқарувчилар аллақачон маҳаллий корхоналар билан биргаликда Украина ҳудудида ўқ-дорилар ва қурол ишлаб чиқариш бўйича дастурларни йўлга қўйганини эслатган.
Зеленский «Рамштайн» бекор қилинишидан олдинроқ ҳам ушбу учрашувда бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласини кўтармоқчи эканини айтганди.
Муваффақият учун имконият: 5 дан 5.
Мавзуга оид
11:31
AFP: Украина Курск областидан қўшинларини олиб чиқиш ниятида эмас
08:30
Болтиқбўйи давлатлари НАТОдаги иттифоқчиларини Киевга ёрдамни кучайтиришга чақирди
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024