Жаҳон | 13:07 / 13.10.2024
13192
4 дақиқада ўқилади

«Чекмайди ва онда-сонда озгина ичади». Камала Ҳаррис ўз тиббий картасини эълон қилди

Саломатлиги ҳақидаги маълумотларини нашр этиш АҚШ президентлигига номзодларнинг узоқ йиллик сиёсий анъанасидир. Ҳужжатда 59 ёшли Ҳаррис соғлом ва фаол турмуш тарзини олиб бориши таъкидланган. Республикачи номзод, 78 ёшли Доналд Трамп август ойида ўзининг тиббий маълумотларини эълон қилишдан «жуда хурсанд бўлиши»ни айтган эди, бироқ шундан буён матбуотнинг бу борадаги сўровларини рад этиб келмоқда.

Фото: Rebecca Noble/Getty Images

Саломатлиги ҳақидаги маълумотларини нашр этиш АҚШ президентлигига номзодларнинг узоқ йиллик сиёсий анъанасидир. Ҳужжатда 59 ёшли Ҳаррис соғлом ва фаол турмуш тарзини олиб бориши таъкидланган.

АҚШ президентлигига Демократик партиядан номзод бўлган Камала Ҳаррис шанба куни ўз саломатлиги тўғрисидаги шифокорлар хулосасини тақдим этди. Президентлик сайловларига бир ойдан камроқ вақт қолмоқда ва Ҳаррис бундай қадам ташлаши ўз рақиби, 78 ёшли Доналд Трампга қўшимча босим юклашига умид қилмоқда.

Трамп бир неча марта Оқ уйнинг ҳозирги раҳбари, 81 ёшли Жо Байден ўз лавозими учун жуда қарилик қилишини айтиб, унга когнитив лаёқатни аниқлаш тестидан ўтишни маслаҳат берганди.

Эндиликда, демократлар номзоди 59 ёшли Камала Ҳаррис бўлганидан кейин, унинг сайловолди штаби Трампнинг услубини унинг ўзига қарши қўллаб, унинг ишга яроқлилигини шубҳа остига қўймоқда.

Ҳарриснинг тиббий картасига кўра, у мутлақо соғлом. Унинг даволовчи шифокори Жошуа Симмонснинг мактубида Ҳаррис «президент вазифаларини муваффақиятли бажариш учун зарур бўлган жисмоний ва руҳий барқарорликка эга»лиги ёзилган.

У сўнгги бор жорий йил апрелида тиббий кўрикдан ўтган.

Шифокор Симмонснинг сўзларига кўра, пациентнинг қорин бўшлиғи ва териси текширилганида ҳеч қандай бузилиш аниқланмаган, унинг юрагида муаммолар йўқ ва диабет, босим ҳамда холестерин даражаси нормада.

Камала Ҳарриснинг онаси йўғон ичак саратони билан касалланган, аммо, тиббиёт ходимларининг сўзларига кўра, у профилактика бўйича барча тавсияларга амал қилади, жумладан, мунтазам равишда колоноскопиядан ўтади.

Симмонс Ҳаррисда D витамини етишмаслигини қайд этган, аммо у мунтазам равишда витамин қабул қилишига ишонтирган.

Маълумотномада Ҳаррис сўнгги уч йил давомида аллергиядан даволангани, энди унга дори-дармонлар талаб қилинмаслиги, фақат вақти-вақти билан ринит (бурун шиллиқ қаватининг яллиғланиши ёки шамоллаш) безовта қилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Шунингдек, Ҳаррис «тиғиз иш графигига қарамай, жуда соғлом овқатланиши ва соғлом, фаол ҳаёт тарзини олиб бориши», аэробика билан шуғулланиши ҳамда бошқа қийин машғулотларни бажариши таъкидланган.

«У чекмайди ва алкогол фақат вақти-вақти билан ва оз миқдорда истеъмол қилади», — деган шифокор.

Bloomberg таъкидлаганидек, бу маълумотларни эълон қилиш орқали Ҳаррис қадимий сиёсий анъанага амал қилмоқда, бунда ҳар икки партия номзодлари сайлов пойгасида ўз соғлиғини ошкор қилади.

Доналд Трампнинг саломатлиги ҳақида нималар маълум?

Август ойида Доналд Трамп CBS каналига берган интервюсида сўнгги тиббий кўрикда шифокор унга «юқори баҳо» берганини айтганди.

Аммо Трамп ҳеч қачон ўзи тўғрисидаги тиббий маълумотномаларни эълон қилмаган.

2015 йилда президентликка номзодини қўйганида, у ўзининг даволовчи шифокорининг хатини эълон қилган, унда Трамп «президентлик лавозимига сайланган энг соғлом одам бўлиши» айтилганди.

Трампнинг саломатлиги бўйича энг батафсил таҳлил 2018 йил январида ўтказилган. Унинг юрак, бош, шунингдек, оёқ-қўллари тўлиқ текширилганди.

Оқ уй шифокори, доктор Ронни Жексон ўшанда журналистларга Трампнинг соғлиги шунчаки аъло даражада эканини айтганди.

Шу билан бирга, у Трамп ўша вақтда рецепт бўйича ва рецептсиз қатор дориларни қабул қилганини тан олган. Хусусан, холестерин даражасини пасайтириш бўйича воситалар, соч тўкилиши профилактикаси учун препарат, яримвитаминлар, шунингдек, тери тошмаси ва яллиғланишига қарши малҳам ишлатган.

Айни вақтда Доналд Трамп тарихда АҚШ президентлиги учун номзод бўлган энг кекса кишига айланган — у 78 ёш-у 119 кунлик.

Жо Байден 2021 йилда президентликка сайланганида 78 ёш-у 61 кунлик эди.

Мавзуга оид