Жаҳон | 08:50 / 14.10.2024
8788
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Ливандан тинчликпарвар кучларни олиб чиқишга чақирди

Исроил бош вазири Нетняҳу БМТ бош котиби Гутерришга мурожаат қилиб, Ливандан UNIFIL тинчликпарвар кучларини «зудлик билан» олиб чиқишга чақирди.

Фото: Reuters

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу БМТ бош котиби Антониу Гутерришга мурожаат қилиб, Ливан жанубидан UNIFIL тинчликпарвар кучларини «зудлик билан» олиб чиқишни сўради. Тегишли видеомурожаат 13 октябр, якшанба куни исроиллик сиёсатчининг ижтимоий тармоқларида эълон қилинди.

Нетаняҳунинг фикрича, тинчликпарвар кучларни эвакуация қилишдан бош тортиб, БМТ уларни «Ҳизбуллоҳ» ташкилотининг «гаровига» айлантирмоқда. «Бу уларни ҳам, аскарларимиз ҳаётини ҳам хавф остига қўяди», дея қўшимча қилди у.

БМТ Исроилни Ливандаги қароргоҳига ҳужум қилишда айблади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 10 октябр куни Исроилни БМТнинг Ливандаги муваққат кучлари штаб-квартираси (UNIFIL) ва БМТ миссиясининг мамлакат жанубидаги бошқа иккита объектига ҳужум уюштирганликда айблади. Оқибатда Индонезия фуқаролари яралангани айтилмоқда. Исроил томони бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермади.

БМТ маълумотларига кўра, яраланганлар Нақура шаҳридаги UNIFIL кузатув минорасидан Исроилнинг «Меркава» танки томонидан ўққа тутилганидан кейин қулаган. Ҳозир иккаласи ҳам касалхонада, ҳаётлари хавф остида эмас. Баёнотда, шунингдек, Исроил ҳарбийлари UNIFIL'нинг бошқа позицияларига ҳам ҳужум қилгани қайд этилган. Оқибатда транспорт воситалари ва алоқа тизимларига зарар етган, бироқ ходимлардан жабрланганлар йўқ.

Италия мудофаа вазири Гидо Кросетто воқеани «қабул қилиб бўлмас» деб атади ва Исроилнинг Римдаги элчиси билан фавқулодда музокаралар ўтказди. UNIFIL миссиясида қатнашаётган 10 минг аскардан минг нафари италияликдир. Ирландия бош вазири Саймон Харрис тинчликпарвар кучларга қилинган ҳужумларни «қабул қилиб бўлмас» деб атади. Ирландия ҳарбийлари ҳам БМТнинг Ливандаги муваққат кучлари таркибига киради.

6 октябр куни UNIFIL Исроилнинг ўз тинчликпарвар кучларини Ливан жанубидаги Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати жангчиларига қарши курашаётган ҳудуддан кўчириш таклифини рад этгани маълум бўлди.

Мавзуга оид