АҚШ–Эрон келишуви фонида Исроилдаги айрим сиёсатчилар меморандум бандларининг Тел-Авивга тақдим этилмаганидан норозилик билдирди. Бу ҳолат иттифоқчилар ўртасидаги совуқлик аломатларини юзага чиқарди. Таҳлилчиларга кўра, Исроилнинг музокаралардан четлатилгани сулҳнинг мустаҳкамлигини сўроқ остида қолдиради.
Мавзу борасида Kun.uz студиясида сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Умрбек Юсупов сўз юритди.
— Келишув доирасида Исроилга Ливан масаласида мажбурият юкланган бўлса, АҚШ нега меморандумни Исроилга очиқламади?
Камолиддин Раббимов: Бу аслида мантиқан тушунарли ҳолат. Сабаби, Исроил ҳозирги келишувдан кескин норози. Матбуотдаги чиқишлардан айрим доираларда “ўз одамларимиз бизга хиёнат қилди” деган кайфиятни кўриш мумкин. Яъни АҚШ маъмуриятидаги этник яҳудийлар тегишли маълумотларни Исроил билан баҳам кўрмагани учун танқид қилиняпти.
Доналд Трамп Эрон масаласида имкон қадар кескин сиёсат юритишга ҳаракат қилди. Бироқ Исроил хоҳлаган даражадаги кенг кўламли урушга бориш АҚШ учун реал эмас. Чунки Америка ички тизими институтлар, сайловлар, жамоатчилик фикри бундай қарорларни чеклаб туради. Демократия ҳали ҳам ишлаяпти ва ҳар қандай президент, жумладан Трамп ҳам бу омилларни эътиборсиз қолдира олмайди. Шу сабабли АҚШ маълум нуқтага қадар босим ўтказиб, кейин ортга чекинди, “қўлимиздан келганини қилдик” деган позиция кузатилмоқда.
Исроил эса бу жараёнда кўпроқ вето қўйишни ёки кескин сценарий – катта урушни афзал кўрмоқда. Исроил матбуотида “энди умидимиз кейинги АҚШ президентидан” деган фикрларни учратиш мумкин. Трампдан кейин ким президент бўлиши эса катта савол. Агар демократлар ҳокимиятга келса, Исроил учун вазият мураккаблашиши мумкин. Чунки улар анъанавий тарзда Исроилдан бироз масофа сақлашга ҳаракат қилади. Буни тарих ҳам кўрсатган. Масалан, 2015 йилда Барак Обама даврида Эрон билан келишув арафасида Бинямин Нетаняҳу АҚШ Конгрессида чиқиш қилиб, бу битимни имзоламасликка чақирган эди. Уни республикачилар таклиф қилган, демократларнинг бир қисми эса бунга норозилик билдириб зални тарк этган.
Обама эса ўша пайтда кенгроқ геосиёсий стратегияни илгари сурган: Эрон билан муросага келиш, бошқа минтақавий масалаларни юмшатиш ва асосий эътиборни Хитойга қаратиш. Бу ёндашув Исроил манфаатлари билан тўлиқ мос келмаган.
Умрбек Юсупов: Масалан, оддий кузатувчи сифатида мен ҳам Al Arabiya ва Bloomberg орқали келишувнинг 14 та банди ҳақида маълумотга эга бўлдим. Шу ўринда савол туғилади, нега бу жараён Исроилга тўлиқ очиқ кўрсатилмади ёки музокаралар давомида у мунтазам хабардор қилинмади?








