Жаҳон | 21:54 / 15.10.2024
2794
2 дақиқада ўқилади

Бокуда Қорабоғни қайта тиклашга қаратилган халқаро кўргазма очилди

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ушбу тадбир ўзаро манфаатли асосда Қорабоғни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлади.

Фото: Anadolu Agency

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев «Қорабоғни тиклаш, қайта қуриш ва ривожлантириш» — Rebuild Karabakh 4-Озарбойжон халқаро кўргазмаси иштирокчиларини қутлади, деб хабар беради Anadolu агентлиги.

Давлат раҳбари ўз мурожаатида Бокуда ўтказилаётган «Каспий қурилиш ҳафталиги» қурилиш ва инфратузилма соҳасидаги энг обрўли тадбирлардан бирига айланганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, турли давлатлар компаниялари минтақанинг биснес имконияти билан танишиш ва ҳамкорлик учун янги йўлларни топиш имкониятига эга.

Президент Алиев озод этилган ҳудудларни тиклаш ва қайта қуриш контекстида Rebuild Karabakh кўргазмасининг муҳим аҳамиятга эга эканини билдирди. Озарбойжон президентига кўра, ҳар йили кўргазмада Қорабоғни қайта тиклашга йўналтирилган турли лойиҳалар намойиш этилади ва ташаббуслар муҳокама қилинади.

Илҳом Алиев давлат ва хусусий секторнинг биргаликдаги иштироки лойиҳаларни ҳамда бизнес имкониятларини амалга оширишда янги истиқболларни очишига ишонч билдирди. Давлат раҳбари кўргазма иштирокчиларини унинг йўналишлари билан яқиндан танишишга, ҳамкорлик учун янги ғояларни алмашишга таклиф қилди.

Озарбойжон президенти кўргазманинг барча иштирокчиларига муваффақият тилаб, тадбир Қорабоғнинг фойдали ҳамкорлик асосида тикланиши ва барқарор ривожланиши учун катта имкониятлар яратишини таъкидлади.

Мавзуга оид