Пресс-тур мақсади иштирокчиларини президентимиз ислоҳотлари натижасида қад ростлаган янги 3-Мис бойитиш фабрикаси фаолияти билан яқиндан таништиришдан иборат эди. ОАВ вакилларига дастлаб фабрикани қурилиш жараёни хақидаги филм намойиш этилди. Сўнг Марказий диспетчерлик бошқарув пункти фаолияти билан яқиндан танишишди.

Фабрика директорининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари Одил Файзуллаев таъкидлаганидек, янги фабриканинг ўзига хос хусусиятларидан бири - тўлиқ автоматлаштирилган бошқарув тизими татбиқ этилганидир. Энг замонавий рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни қўллаган ҳолда тизим корхонанинг бутун технологик циклини - рудани циклли-оқимли ташиш ва уни майдалашдан тортиб, бойитиш, сув таъминоти ва чиқиндиларни чиқиндихоналарга олиб кетиш жараёнларигача қамраб олади.

Марказий диспетчерлик бошқарув пунктидан бутун технологик цикл кўриниб туради. Энергия ҳисоби, руда сарфи, сув таъминоти ва ёрдамчи участкалар иши бўйича маълумотлар битта экранга чиқаради, шунингдек, асосий кўрсаткичларни - энергия сарфи ҳажмидан тортиб двигател подшипникларининг ҳароратигача кўриш мумкин. Бундай назорат хавфларни ўз вақтида аниқлашга ёрдам беради, тўхтаб қолиш эҳтимолини камайтиради ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади. Тизим ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини автоматик режимда бошқаради ва минтақадаги ягона шундай лойиҳа ҳисобланади.

Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили йирик майдаланган маъдан омбори бўлди. Мазкур обморнинг сиғими 320 минг тонна бўлиб, бу ерга ҳар бири соатига 6,5 минг тонна руда майдалаш қувватига эга учта майдалаш ва юклаш узел (ДПУ)ларида биринчи босқич — йирик майдалаш жараёнидан ўтган 300–350 мм гача майдаланган маъданлар иккита циклик-оқимли технологияли (ЦПТ) конвейерлар орқали етказиб берилади.

ОАВ вакиллари пресс-тур давомида фабриканинг 3-босқич майин майдалаш корпуси (HGPR) ва маъданни тайёрлаш корпусида бўлди.

Фабриканинг устун жиҳати – нафақат ишлаб чиқариш қувватида, балки технологик даражаси ва автоматлаштириш тизимларининг юқорилигида ҳам яққол намоён бўлади. Мажмуада дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчи компаниялари маҳсулотлари ва технологиялари жорий этилган. Масалан, юқори босимли HPGR майдалагичлари энергия сарфини 30 фоизгача камайтириб, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади.