Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида умумий қиймати 2 миллиард долларлик 9 та лойиҳанинг қурилиши ва фаолиятига старт берди. Маросим Янгийўл туманида бўлиб ўтди.
Йирик лойиҳалардан бири – Олмалиқ шаҳрида 1 миллиард доллар инвестиция ҳисобидан 227 гектар майдонда қуриладиган “Буюк ипак йўли” махсус саноат технопарки. У ерда электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика каби йўналишларда 100 га яқин корхона жойлаштирилади. 3 мингта янги иш ўрни яратилиб, йилига 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 300 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлади.
Юқори Чирчиқ туманида 350 миллион доллар эвазига 69 гектар майдонда тўқимачилик саноат парки ташкил этилади. Бу мажмуада 20 дан ортиқ ип-калава, мато тўқиш ва бўяш, тайёр текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари жойлаштирилади.
Янгийўл туманида йилига 50 минг тонна минерал ўғит ва кимёвий воситалар, Қибрайда юқори сифатли экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш корхоналари ишга туширилмоқда.

Тошкент вилояти энергетика соҳасида ҳам катта салоҳиятга эга бўлиб, бу ерда 5,7 гигаваттли қувватлар мавжуд. Бу миқдорни ошириш мақсадида 1,5 миллиард долларлик 800 мегаваттдан ортиқ 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Яшил энергетикани ривожлантириш билан бирга, энергетика тизими барқарорлигини сақлаш бўйича учун 2030 йилгача умумий қуввати 4 минг 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш тизимларини барпо этиш режалаштирилган. Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида барпо этиладиган 3 та лойиҳа бунда муҳим ўрин тутади. Аввало, “Чайна Датанг” компанияси билан Бўка туманида қиймати 240 млн долларлик қуёш электр станцияси барпо этилади. Бу станцияда йилига 576 миллион киловатт соат ёки 240 минг хонадон учун етарли электр энергияси олинади. Натижада вилоятда генерация қувватлари 6,5 гигаваттга, электр энергияси ишлаб чиқариш йилига 24 миллиард киловатт-соатга етказилади.
Яна иккита лойиҳа – “China Energy Overseas Investment” компанияси билан ҳамкорликда Паркент ва Пискент туманларида қуриладиган 220 миллион долларлик, 200 мегаваттли энергия сақлаш тизимларидир. Улар куннинг тиғиз пайтларида узилишга йўл қўймаслик ва истеъмолчиларни электр билан ишончли таъминлаш имконини беради.











