Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026га бориш имконияти кескин ошди – We Global Football
Осиёда 2026 йилги жаҳон чемпионати ҳал қилувчи саралаш босқич 4-тур ўйинларидан кейин We Global Football портали миллий жамоаларнинг океан ортидаги турнирга бориш имконияти фоизларини янгилади. Ўзбекистоннинг бу сафарги мундиалда иштирок этиш имконияти юқори баҳоланмоқда.
Унга кўра, Ўзбекистон миллий жамоасининг 4-турда Бирлашган Араб Амирликлари устидан қозонган ғалабасидан (1:0) кейин А гуруҳидан ЖЧ-2026 финал босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олиш имконияти 93,1 фоизга кўтарилган. Яъни, имконият 10 фоиздан кўпроққа ошган. Бу борада мамлакатимиз миллий жамоаси мундиалга тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиш учун даъвогарлар орасида Япония, Эрон ва Жанубий Кореядан кейинги 4-ўриндан жой олган.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон миллий жамоасининг 3-турда Эрон билан дуранг (0:0) қайд этганидан кейин А гуруҳидан ЖЧ-2026 финал босқичига тўғридан-тўғри йўл олиш имконияти 75,9 фоиздан 82,8 фоизга кўтарилган эди. 2-турда Қирғизистон устидан эришилган ғалабадан (3:2) кейин Ўзбекистоннинг имконияти 70,3 фоиздан 75,9 фоизга кўтарилганди, ЖЧ-2026га чиқа олмаслик имконияти эса 1 фоиздан 0,4 фоизгача пасайтирилган эди.
А гуруҳидан Эроннинг ЖЧ-2026га тўғридан-тўғри бориш имконияти энг юқори баҳоланган – 99,6%. Форсларнинг имконияти аввалги турдан кейин бир ярим фоизга – 98%дан 99,6%га ўсган.
Ўзбекистоннинг 5-турдаги рақиби Қатар 4-турда Эрондан учралган мағлубиятидан (1:4) кейин имкониятини анча пасайтириб, даъвогарлар топ-10лигини тарк этди.
Осиё миллий жамоаларининг 4-турдан кейин ЖЧ-2026га бориш имкониятлари (We Global Football талқини):
1. Япония – 99.99% (3-турдан кейин – 99.9 % эди)
2. Эрон – 99.6% (98.0 %)
3. Жанубий Корея – 99.5% (97.5 %)
4. Ўзбекистон – 93.1% (82.8 %)
5. Австралия – 75.1% (57.8 %)
6. Ироқ – 53.4% (61.5 %)
7. Иордания – 41.6% (29.0 %)
8. Саудия Арабистони – 16.7% (31.2 %)
9. Баҳрайн – 7.9% (10.6 %)
10. Уммон – 5.4% (9.4 %).
Маълумот учун, Ўзбекистон навбатдаги турларда 14 ноябр куни Доҳада Қатар меҳмони бўлса, 19 ноябрда Лаосда Шимолий Кореяга қарши майдонга тушади. Ҳозирда даволаниш муолажаларини олаётган жамоамизнинг словениялик бош мураббийи Сречко Катанец ушбу баҳсларда иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 учун Осиёга 8,5 ўрин ажратилган. Учта гуруҳдан 2тадан жамоа тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқса, гуруҳлардаги 3-4-ўриндаги жамоалар плей-оффлар орқали қолган 2,5та йўлланма учун кураш олиб боради.
Ўзбекистон А гуруҳида Эрон билан бир хил – 10 очкодан жамғариб, қўшҳокимлик қилмоқда. Жаҳон чемпионати 2026 йилнинг 11 июн — 19 июл кунлари АҚШ, Канада ва Мексиканинг 16та шаҳрида бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
22:18 / 16.11.2024
We Global Football Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026га чиқиш имкониятини бироз пасайтирди
17:05 / 15.11.2024
«166 дақиқа». Катанецнинг энг катта хатоси ҳақида
23:32 / 14.11.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон 90+12-дақиқада гол ўтказиб, Қатарда мағлубиятга учради
17:51 / 14.11.2024