Жаҳон | 10:30 / 18.10.2024
1721
2 дақиқада ўқилади

Литвиненко ҳақидаги филм режиссёри Некрасов Россияни тарк этди

Август ойида ҳибсга олинган ҳужжатли филм режиссёри Андрей Некрасов қамоқдан озод этилди. У Россияни тарк этган ва «учинчи давлатда», деб хабар берди унинг Facebook саҳифаси маъмурлари.

Смоленск яқинида август ойида ҳибсга олинган режиссёр ва ёзувчи Андрей Некрасов озодликка чиқди ва Россияни тарк этди. Бу ҳақда 16 октябр, чоршанба куни унинг Facebookʼдаги саҳифасида эълон қилинган хабарда айтилади.

Хабарда айтилишича, бир кун олдин, 15 октябр куни суд ижрочилари Некрасовни Москвага олиб келишган, шундан сўнг у Россияни тарк этган ва ҳозир «учинчи давлатда». «Ҳаёт ва соғлиқ учун ҳеч қандай хавф йўқ», деб таъкидлайди хабар муаллифлари.

Август ойида фақат Германия фуқаролигига эга бўлган 66 ёшли Андрей Некрасов Смоленск областида янги филмни суратга олиш вақтида ушланган эди. Унинг сўзларига кўра, фуқаролик кийимидаги «ФСБ» ходимлари у «ФСБ» биноси ёнида суратга олиш ишларини ташкил этганини даъво қилган. 

Суд режиссёрни «ноқонуний профессионал фаолиятда» айбдор деб топиб, 90 кунга ҳибсга олди. Россияда ноқонуний меҳнат фаолияти бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 18.10-моддаси жарима ва мамлакатдан мажбурий депортация қилиш жазосини назарда тутади.

Мавзуга оид