Жаҳон | 19:41 / 18.10.2024
2735
2 дақиқада ўқилади

Макрон яна бир бор Исроилни Ливандаги ҳаракатларини тўхтатишга чақирди

Октябр ойи давомида Эммануэл Макрон икки маротаба халқаро ҳамжамиятни Исроилга қарши қурол эмбаргосига чақирди. Франция етакчисининг чақириқлари Испания ва Италия томонидан қўллаб-қувватланди.

Фото: Getty Images

Франция президенти Эммануэл Макрон яна бир бор Исроилни Ливандаги тажовузини тўхтатишга, қўшни мамлакат суверенитетини ҳурмат қилишга ва ҳарбий ҳаракатларни Ливан ичига қадар кенгайтирмасликка чақирди.

Макроннинг айтишича, Франция ҳукумати «Исроил, унинг хавфсизлиги ва мавжудлиги билан бирга», аммо бу яҳудийлар давлати бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан «келишмовчилик» бўлиши мумкин эмаслигини англатмайди.

Октябр ойи давомида француз етакчиси икки маротаба халқаро ҳамжамиятни Исроилга қарши қурол эмбаргосига чақирди. Макроннинг чақириқлари Испания ва Италия томонидан қўллаб-қувватланди.

Куни кеча Италия бош вазири Жоржия Мелони ўз мамлакати Европа Иттифоқининг бошқа давлатларидан фарқли ўлароқ, Исроилга қурол етказиб беришга тўлиқ эмбарго жорий этганини маълум қилди: «Исроил ҳарбийлари Ғазода ҳарбий операцияларни бошлаганидан кейин ҳукумат зудлик билан 7 октябрдан кейин имзоланган барча янги экспорт лицензиялари ва битимларни тўхтатиб қўйди».

«Биз барчасини блоклаб қўйдик», — дейди Италия етакчиси. Шунингдек, у ўз ҳукумати томонидан кўрилаётган чоралар шериклари Франция, Германия ва Буюк Британияга нисбатан «анча қаттиқ» эканини билдирган.

Франция ҳукумати Ғазодаги геноцидга алоқадорлиги учун айбланиши мумкин

Франциянинг EuroPalestine ноҳукумат ташкилоти президент Эммануэл Макрон, собиқ бош вазир Габриэл Аттал ва собиқ ташқи ишлар вазири Стефана Серужни устидан Халқаро жиноий судга шикоят киритди. Ташкилот уларни Исроил томонидан амалга оширилган «ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар ва геноцид жиноятлари»да айбламоқда.

EuroPalestine’нинг қайд этишича, француз амалдорлари Исроил ҳукуматига 2023 йил октябрдан бери ҳарбий, дипломатик ва иқтисодий фронтларда ёрдам бериш орқали юқоридаги жиноятларда шерикка айланган.

14 октябр куни ташкилот ўз даъволарини тасдиқловчи 27 варақли иш ҳужжатларини Ҳаагадаги прокурорга тақдим этган.

Мавзуга оид