Исроил 1990-йиллардан буён Ҳамаснинг ҳар бир янги раҳбарини ўлдириб келади, аммо ҳамиша унинг вориси топилади

Унинг ўлими у Исроил давлатини тарихдаги энг катта мағлубиятини қабул қилишга мажбур қилган жанговар кучга айлантирган ташкилот учун жиддий зарбадир. BBC халқаро бўлими муҳаррири Жереми Боуэн Синварнинг ўлимидан кейинги ҳолатни таҳлил қилди.

У махсус топшириқли бўлинманинг режалаштирилган амалиёти вақтида эмас, Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрида исроиллик ҳарбийлар билан тасодифий тўқнашув оқибатида ҳалок бўлган.

Воқеа жойида олинган фотосуратларда Синвар ҳарбий либосда, исроилликлар танки зарбаси вайрон қилган бино харобалари орасида жонсиз ётганини кўриш мумкин.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу аскарларни мақтади ва бу ғалаба қанчалик катта бўлмасин, ҳали урушнинг якуни эмаслигини таъкидлади.

«Бугун биз яна бир бор бизга зарар етказадиганларга нима бўлишини кўрдик. Бугун биз яна бир бор дунёга эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабасини намойиш этдик. Аммо, азизларим, уруш ҳали якунланмади. Бу қийин ва бизга қимматга тушади», — деган у.

«Биз ҳали катта синовларни енгиб ўтишимиз керак бўлади. Бизга чидамлилик, бирдамлик, мардлик ва қатъият керак. Биз биргаликда жанг қиламиз ва биргаликда — худонинг ёрдамида — ғалаба қозонамиз».

Нетаняҳу ва Ғазодаги урушни қўлловчи исроилликларнинг кўпчилиги бундай ғалабага муҳтож эди.

Бинямин Нетаняҳу кўп марта урушнинг асосий мақсади — Ҳамасни ҳарбий ва сиёсий куч сифатида йўқ қилиб, гаровдаги исроилликларни уйга қайтариш эканини айтганди.

Уруш бир йилдан ортиқ давом этаётгани, камида 42 минг фаластинлик ҳалок бўлгани ва Ғазонинг катта қисми харобага айланганига қарамай, на у ва на бу мақсадга эришилди.

Гаровга олинган исроилликлар ҳамон озод этилгани йўқ, Ҳамас эса жангни давом эттирмоқда ва исроиллик аскарлар ҳалок бўлмоқда.

Синварнинг ўлими Исроил истаган ғалаба бўлди. Аммо ҳозирча Нетаняҳу урушнинг бошқа мақсадларига эришилгани ҳақида айта олмайди, унинг ўзи таъкидлаганидек, ҳарбий ҳаракатлар давом этади.