Жаҳон | 23:05 / 19.10.2024
7529
2 дақиқада ўқилади

Ҳаво маконининг бузилиши: Руминия қирувчи самолётларни ҳавога кўтарди

Руминия ўз чегараси томон ҳаракатланган объект туфайли тревога берди. Мамлакат реал вақт режимида НАТОни содир бўлган ҳолат бўйича хабардор қилган ва улар билан мунтазам алоқада бўлиб турибди.

Фото: Gianluca Vannicelli/IPA/picture alliance

НАТО ҳимояси остидаги ҳаво полицияси хизматининг қирувчи самолётлари Руминия чегараси томон ҳаракатланган объект туфайли ҳавога кўтарилди. 19 октябр куни Руминия Миллий мудофаа вазирлиги Қора денгиз ҳудудида, Сфинту-Георге аҳоли пунктидан тахминан 45 километр шарқда «кичик ҳаво объекти» аниқлангани туфайли тревога сигналини берган.

Нишонлар радиолокацион кузатув тизими орқали аниқланганидан кейин Испания Ҳарбий-ҳаво кучларининг (ҲҲК) иккита F-18 самолёти Михаил Когэлничану номидаги 57-авиабазадан, шунингдек, Руминия ҲҲКнинг иккита самолёти Борчадаги 86-авиабазадан ҳавога кўтарилган.

Номаълум объект Руминия чегарасини Констанса уезди ҳудудида кесиб ўтган. Миллий ҳарбий қўмондонлик маркази Фавқулодда вазиятлар бош инспекциясини уезднинг шимоли-шарқий қисмидаги аҳолини огоҳлантириш чораларини кўриш ҳақида хабардор қилган.

«Қирувчи самолётлар траекториянинг бирор нутқасида нишон билан визуал алоқага киришмаган», — дейилади мудофаа идораси хабарида. Кузатув тизими радар сигналини йўқотиб қўйган, ҳаво тревогаси бекор қилинган ва самолётлар базага қайтарилган.

Руминия реал вақт режимида НАТОни содир бўлган ҳолат бўйича хабардор қилган ва улар билан мунтазам алоқада бўлиб турибди.

Июл охирларида Руминия ҳудудида Россия дрони парчалари топилганди. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Украинага тунда уюштирилган ҳужум натижасида Россия учувчисиз учоқларининг бўлаклари Руминия ҳудудига қулаганини қайд этган. Ўшанда ҳам ҳодиса ҳақида НАТО бўйича ҳамкорлар хабардор қилинган эди.

Мавзуга оид