Жаҳон | 19:29 / 23.10.2024
1179
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Евроиттифоқ ўз разведка хизматини яратишни муҳокама қилмоқда

ЕИнинг ўз разведка хизмати йўқ ва Европа Иттифоқи амалдорлари ҳаммага очиқ манбалар ҳамда блокка аъзо мамлакатлардан олинган маълумотларни таҳлил қилади холос.

Фото: Getty Images

Финландиянинг март ойида лавозимдан кетган президенти Саули Ниинистё Еврокомиссия топшириғига биноан Европа ҳамжамиятининг инқирозларга чидамлилигини оширишга қаратилган ҳисоботни тайёрлади. Бу ҳақда ҳужжат лойиҳасидан хабардор манбаларга таяниб Bloomberg хабар берди.

Ҳисобот муаллифининг таъкидлашича, Европа Иттифоқи хориж давлатларидан бўладиган таҳдидларга қарши туриш, шунингдек, блок ҳудудидаги жосусликка «кескин жавоб қайтариш учун» тўлақонли разведка органини яратиши керак. Агентлик манбалари сўзларига кўра, ЕИнинг янги разведка хизмати бошқа мамлакатлардан келадиган ва блокка қарши йўналтирилган таҳдидларга оид разведка маълумотларини тўплаши лозим. Шу билан бирга, хизмат миллий агентликлар вазифасини такрорламаслиги керак.

Евроиттифоқнинг ўз разведка хизмати йўқ ва ЕИ амалдорлари ҳаммага очиқ манбалар ҳамда блокка аъзо мамлакатлардан олинган маълумотларни таҳлил қилади — бу эса потенциал таҳдидларни аниқлаш ва уларга жавоб бериш қобилиятини чеклайди.

Ниинистё Европа Иттифоқи Разведка ва ситуацион маркази — блокдаги мамлакатлар махсус хизматларини бирлаштирадиган орган ваколатларини кенгайтиришни таклиф қилмоқда. Манбаларнинг сўзларига кўра, марказ разведка маълумотларини тўплаш билан шуғулланиши мумкин, жумладан, европалик дипломатлар ёрдамида ҳам.

Бундан ташқари, Ниинистё ЕИ давлатларида жосуслик ва ноқонуний махфий фаолият бўйича бир хил қонунларни жорий этишни таклиф қилмоқда — бу алоҳида давлатлар жосуслар учун бошпанага айланиб қолмаслиги учун хизмат қилади. Шунингдек, таҳдид туғдирувчи учинчи давлат дипломатларининг ЕИ бўйлаб ҳаракатини чеклаш таклифи ҳам илгари сурилмоқда.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 2024 йил мартида Саули Ниинистёга мазкур ҳисоботни тайёрлашни топширган эди. Bloombergʼнинг қайд этишича, ҳисобот РФ президенти Владимир Путиннинг ЕИ шарқидаги ҳаракатлари, Яқин Шарқдаги можаролар, Хитой таъсир доирасининг ошиб бораётгани, миграция инқирози фонида тайёрланган.

Мавзуга оид