Жаҳон | 23:45 / 24.10.2024
4875
2 дақиқада ўқилади

Полшада Беларус орқали ноқонуний мигрантларни ташиш билан шуғулланган жиноий тўда аниқланди

Жиноий гуруҳ Афғонистон, Миср, Ироқ, Эрон ва Сурия фуқароларини қонуний йўллар билан тўғридан-тўғри ёки Россия орқали Беларусга келган. Шундан кейин уларни Полша чегарасидан ЕИ ҳудудига ўтказиб юборган.

Фото: AP

Полшалик чегарачилар Европа полиция агентлиги ҳамкорлигида мигрантларни Беларус ва Россиядан ЕИга етказиш билан шуғулланиб келган йирик жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди. Тергов Европол назорати остида ўтказилди ва унда Австрия, Чехия, Германия, Венгрия, Литва, Полша, Словакия ва Украина вакиллари иштирок этди.

Қайд этилишича, операция давомдиа 11 нафар гумонланувчи, асосан, Полша, Россия ва Украина фуқаролари қўлга олинган. 11 та объектда тинтувлар ўтказилган, электрон қурилмалар ва 80 минг злотага яқин нақд пуллар ашёвий далил сифатида олинган.

«Аъзолари асосан поляклари ва бошқа давлатлар — Украина, Беларус, Россия ва Грузия фуқаролари бўлган жиноий тўда фаолиятига чек қўйилди. Улар камроқ маош сўрайдиган ЕИ фуқароси бўлмаган ҳайдовчилар хизматидан ҳам фойдаланиб келган», — дейилади хабарда.

Жиноий гуруҳ Афғонистон, Миср, Ироқ, Эрон ва Сурия фуқаролари қонуний йўллар билан тўғридан-тўғри ёки Россия орқали Беларусга келган. Шундан кейин жиноий гуруҳ аъзолари уларни Беларус—Полша чегараси олиб борган ва у ердан ноқонуний йўллар билан қўшни давлатга ўтказиб юборган. Полша ҳудудига ўтган мигрантлар енгил автомобилларда ЕИнинг бошқа мамлакатларига, хусусан, Германияга олиб борилган.

Европолга кўра, ушбу жиноий тармоқ орқали 600 нафарга яқин ноқонуний мигранг Европа Иттифоқи ҳудудига киритилган. Контрабандачилар ўз хизмати эвазига 5 минг евро олган. Шунингдек, мигрантлар Полшадаги ҳайдовчиларга охирги манзилга етказиб қўйгани учун яна 500 евро тўлаши керак бўлган.

2021 йилнинг ёз ва кузида Полша ҳамда Болтиқ давлатларида миграция инқирози бошланди — ушбу давлатлар ҳукуматларининг ҳисобланишича, бу Беларус президенти Александр Лукашенко режими томонидан уюштирилган. Беларус ҳукумати пул эвазига Яқин Шарқ давлатларидаги минглаб мингрантларни Минскка олиб келиб, у ердан эса ЕИ билан чегарага жойлаштирган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид