Жаҳон | 11:30 / 24.10.2024
3407
3 дақиқада ўқилади

ЕИ: Гутерриш BRICS саммитида Украинадаги урушни қоралаши керак

Гутерриш ва Қозондаги BRICS саммитининг бошқа иштирокчилари Владимир Путинни Украинадан қўшинларни зудлик билан олиб чиқиб кетишга чақириши керак, деди Боррел матбуот котиби Питер Стано.

Фото: REUTERS / Alexey Filippov

22 октябр куни Қозонда очилган BRICS саммитининг барча иштирокчилари ушбу платформадан фойдаланиб, Россия президенти Владимир Путинни Украинадаги урушни зудлик билан тугатишга чақириши керак. Бу ҳақда 23 октябр, чоршанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел матбуот котиби Питер Стано маълум қилди.

Бу чақириқ, айниқса, БМТ бош котиби Антониу Гутерришга тегишли, деди Стано. Унинг сўзларига кўра, у Путиндан «рус қўшинларини Украина ҳудудидан дарҳол ва сўзсиз олиб чиқиб кетишни» талаб қилиши керак.

Антониу Гутерриш 22 октябр куни BRICS саммитида иштирок этиш учун Қозонга келди, деб хабар қилди Татаристон парламенти матбуот хизмати. Уни аэропортда Татаристон Давлат кенгаши раиси Фарид Мухаметшин ва Қозон мэри Илсур Метшин кутиб олди.

РФ Қозондаги BRICS саммитида 30 дан ортиқ давлат вакилларини қабул қилди

Иқтисодиётлари жадал ривожланаётган BRICS мамлакатлари етакчилари Россия Федерацияси таркибидаги Татаристон Республикасининг пойтахти Қозон шаҳрида тўпланиб, иттифоқнинг кенгайиши, савдода долларсизланиш ва минтақавий можароларни муҳокама қилди.

22 октябр, сешанба куни Қозонда бошланган BRICS'га аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида 30 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этиши кутилганди.

Жорий йилда Миср, Эфиопия, Эрон ва БАА аъзо бўлганидан сўнг иштирокчилари сони 9 тага етган ассоциация иши сўнгги йилларда Россияга қарши Украинадаги можаро фонида киритилган Ғарб санкциялари туфайли кун тартибига тобора кўпроқ кириб бормоқда.

Саммитнинг биринчи кунида BRICS'га аъзо давлатлар раҳбарлари ва бошқа юқори мартабали расмийларининг учрашувлари бўлиб ўтди. Иккинчи ва учинчи кунларда саммитда таклиф этилган давлатлар расмийлари иштирок этади.

Россия 2024 йилда BRICS'га раислик қиляпти. Кенгайтирилган форматдаги бирлашма саммити биринчи марта ўтказилмоқда ва Ғарб давлатларининг Россия Федерациясини изоляция қилишга уринишлари фонида алоҳида аҳамиятга эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид