Жаҳон | 22:24 / 26.10.2024
4432
2 дақиқада ўқилади

Нега инвесторлар ҳамон Хитой компаниялари акцияларига эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда?

Инвесторлар уч йиллик инқироздан кейин Хитой молия бозорларининг тикланишидан умидвор. Баъзи сармоядорлар қайтяпти, хорижий инвестициялар ўсиши кутилмоқда, шундай бўлса-да экспертлар Хитой молия бозорларининг фундаментал муаммолари ҳал этилмаганини айтмоқда. Хўш, бу туб муаммолар қайсилар?

Illustration: Satoshi Kambayashi / The Economist

Сўнгги ойларда Хитойда молия бозорлари анча тебранишларга учради: Шанҳай ва Шенчжен биржаларидаги энг йирик компаниялар акцияларидан иборат CSI 300 индекси ҳам тез кўтарилиш, ҳам кескин пасайишни бошдан кечирди. Давлат ёрдами кутилаётгани фонида бозор спекулятив ютуқларга гувоҳ бўлган бўлса-да, узоқ муддатли инвесторлар эҳтиёткорлик билан иш юритишлари зарур, деб ёзади The Economist.

CSI 300 индекси аввалига 35 фоизга кўтарилиб, кейин 7 фоизга тушди. Бу асосан ҳукумат ва Хитой Халқ банкидан кутилаётган иқтисодий рағбатлантириш чоралари туфайли содир бўлди, бироқ бу кутилмалар кўп ҳолларда аниқ ҳаракатлар билан тасдиқланмади.

Инвесторлар уч йиллик инқироздан сўнг Хитой бозорининг тикланишига умид боғламоқда. Ушбу инқирозга кўчмас мулк соҳасидаги муаммолар, ҳукуматнинг хусусий секторга нисбатан босими ҳамда Хитой ва АҚШ ўртасидаги тобора кучайиб бораётган геосиёсий зиддиятлар сезиларли даражада таъсир кўрсатган эди.

2022 йилдан бери “Хитой бозорининг инвестицияга нолойиқлиги” атамаси муҳокама қилинмоқда. Бу атама JPMorgan ўз ҳисоботида сиёсий беқарорлик Хитой акцияларини инвесторлар учун жозибасиз қилиб қўяётганини таъкидлагандан сўнг пайдо бўлган. Бу атама вақтинчалик сиёсий хавф-хатарларни акс эттириш мақсадида қўлланилган бўлса-да, Хитой бозорини узоқ муддатли сармоялар учун хавфли қиладиган муаммолар ҳамон мавжуд бўлиб қолмоқда.

Баъзи инвесторлар бозорга қайтаётган, чет эл сармоялари эса ўсиш потенциалига эга бўлса-да, Хитой молиявий тизимининг туб муаммолари ҳамон ҳал этилмаган. Асосий муаммолар қаторига қуйидагилар киради: корпоратив бошқарувнинг заифлиги, давлат корхоналарининг устунлиги, ҳукуматнинг тўсатдан сиёсатни ўзгартириш одати. Бу одат бутун иқтисодиёт тармоқларига жиддий зарба бериши мумкин, худди 2021 йилда таълим ва технология компаниялари билан бўлгани каби. Ҳукуматнинг яқинда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатган саъй-ҳаракатларига қарамай, бундай вайронкор ўзгаришлар такрорланмаслигига ишонч йўқ.

Мавзуга оид