Жаҳон | 19:44 / 29.10.2024
5149
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Шимолий Корея қўшинлари урушга қўшилса, Украина учун қурол чекловини олиб ташлаш билан таҳдид қилди

Пентагон расмий вакили Сабрина Сингхнинг сўзларига кўра, КХДР аскарлари жанг майдонида кўриниш берса, «бу вазиятнинг янада кучайишини ва президент Владимир Путиннинг умидсизлиги ортиб бораётганини англатади».

Фото: AP

Шимолий Корея аскарлари Россия томонида туриб жангга киришса, Украина Қуролли кучларида (УҚК) уларга қарши Америка қуролларини қўллаш бўйича ҳеч қанақа чеклов бўлмайди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги расмий вакили Сабрина Сингх маълум қилди.

Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Корея ўзининг 10 минг аскарини Россияга юборган. «Уларнинг бир қисми аллақачон Украина яқинига жойлашиб бўлган ва биз Россия улардан жанговар ҳаракатлар ёки Курск областида УКҚга қарши операцияларни қўллаб-қувватлашда фойдаланишидан хавотирдамиз», — дейди Сингх.

Унинг сўзларига кўра, Шимолий Корея аскарлари жанг майдонида кўриниш берса «бу вазиятнинг янада кучайишини ва президент Владимир Путиннинг умидсизлиги ортиб бораётганини англатади», шунингдек, Россия армиясининг «муаммолари кутилганидан ҳам каттароқ эканини» билдиради. Сингх украинлар ўзларининг суверен ҳудуди учун курашаётганини, АҚШ эса нима бўлган тақдирда ҳам уларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш мажбуриятини зиммасига олганини эслатиб ўтди. «Бу айни вақтда русларнинг йўқотиши 500 минг кишини ташкил этаётган урушга ўз аскарларини юбораётган Шимолий Корея инобатга олиши керак бўлган жиҳат», — дея таъкидлайди Сингх.

Шу билан бирга, у КХДР қўшинлари Курскка етиб борганини тасдиқлашдан бош тортган. «Афтидан, улар шу йўналиш бўйича ҳаракатланмоқда… Аммо ҳозирча менда бу борада батафсил маълумотлар йўқ», — дейди Пентагон вакили. 28 октябр куни НАТО бош котиби Марк Рютте Шимолий Корея ҳарбийлари Курск областига етиб келганини маълум қилганди.

Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, КХДРнинг 1,5 минг нафар элита махсус кучлари 8-13 октябр кунлари Владивосток портига етиб келган ва ҳозирда маҳаллий полигонларда тайёргарликдан ўтмоқда. Бўлинмалар таркибида аскарлардан ташқари бир нечта юқори мартабали офицерлар, жумладан, махсус операциялар бўйича қўмондонлик қилувчи генерал ҳам бор.

Ўз навбатида Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл Сеул Шимолий Корея қўшинларининг Россияга юборилиши ва улардан Украина урушида фойдаланилиши «нафақат Корея яриморолидаги, балки Европадаги глобал хавфсизликка ҳам таҳдид туғдирувчи провокация» дея ҳисоблашини айтиб, УҚКга қурол юбориш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлиги ҳақида огоҳлантирди.

Мавзуга оид