Жаҳон | 22:56 / 29.10.2024
4410
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Хитой электромобилларига 35 фоизгача бож жорий этишни маъқуллади

Европа комиссияси томонидан божлар тасдиқланганига қарамай, томонларнинг техник гуруҳлари бу борада муросага келиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда.

Фото: Getty Images

Еврокомиссия Европа Иттифоқига Хитойдан импорт қилинадиган электромобилларга 35 фоизгача бўлган божларни жорий этишни маъқуллади.

«Бугун Европа комиссияси Хитойдан беш йил муддатга аккумуляторли электромобиллар импортига якуний компенсацион божларни жорий қилиш орқали субсидияга қарши текширувини якунлади», — дейилади хабарда.

ЕИнинг юқори мартабали вакилларидан бирининг журналистларга маълум қилишича, Еврокомиссия томонидан божлар тасдиқланганига қарамай, томонларнинг техник гуруҳлари бу борада муросага келиш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Дипломатнинг сўзларига кўра, «Еврокомиссия қарори ЕИнинг чоршанба куни чоп этиладиган расмий журналида эълон қилинади ва 31 октябрдан кучга киради».

Европа Иттифоқи бир неча ойлик ўйланишлардан кейин октябр бошида Хитой билан кенг кўламли иқтисодий урушни бошлашга қарор қилганди. АҚШ эса Хитой учун ўз бозорини 2024 йил май ойида деярли ёпган эди — мамлакат Хитой автомобиль саноатининг барча турдаги маҳсулотлари импорти учун 100 фоизли бож жорий этган.

Аввалроқ Европа Иттифоқи ва Хитой ХХРдан импорт қилинадиган электромобилларга нисбатан божлар кучга киришидан олдин ўзаро манфаатли муқобил йўлларни қидириш бўйича музокараларни давом эттириш ниятида экани тўғрисида хабар берилган эди. Европа комиссиясига кўра, Хитойда электромобиллар давлатдан олинган субсидия ҳисобига ишлаб чиқарилмоқда, шу боисдан уларнинг нархи ЕИда ишлаб чиқарилган транспорт воситаларидан арзон.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид