Трамп ёки Ҳаррис. Улар сайловда ютиши учун 10 сабаб
АҚШда президентлик сайловлари бошланишига оз вақт қолмоқда ва пойга боши берк кўчага кириб қолган — миллий миқёсда ҳам, энг муҳим ҳисобланган «иккиланувчи» штатларда ҳам. Сўровларга кўра, Доналд Трамп ва Камала Ҳаррисни қўллаб-қувватлашдаги фарқ статистик хатолик даражасида, бу эса икки номзодда ҳам рақибини 2-3 фоизлик фарқ билан ортда қолдириш имконияти борлигини англатади — бу эса ғалаба қозониш учун етарли бўлади. Иккала номзод фойдасига ҳам аргументлар топилади — улар нима учун керакли жойларда сайловчиларни сафарбар қила олишлари ва сайловчилар ўзларига овоз беришига ишонч ҳосил қилишлари мумкинлигига.
BBC дастлаб, 130 йил ичида илк бор сайловларда бир марта ютқазган собиқ президент қайта сайланиши мумкинлигига эътибор қаратди.
Трамп ғалаба қозониши мумкин, чунки..
1. У ҳокимиятда эмасди
Иқтисодиёт — сайловчилар учун биринчи ўринда. Ишсизлик даражаси юқори эмас ва фонд бозори ривожланаётган бўлса-да, америкаликларнинг кўпчилиги ҳар куни юқори нархлардан азият чекмоқда.
Пандемиядан кейин инфляция 1970-йиллардан буён мисли кўрилмаган даражага етди. Бу эса Трампга шундай савол қўйиш имкониятини тақдим этади: «Аҳволингиз тўрт йил олдингидан яхшироқми?»
2024 йилда бутун дунё бўйлаб сайловчилар ҳукмрон партияларга қарши овоз бериши кўп кузатилди — бу қисман коронавирусдан кейин яшаш нархи ошгани билан боғлиқ. АҚШдаги сайловчилар ҳам ўзгаришларга чанқоқ кўринмоқда.
Америкаликларнинг фақат тўртдан бир қисми мамлакат кетаётган йўналишдан мамнун эканини айтади. Учдан икки қисми эса келгусида иқтисодий вазият яхшиланишига ишонмаяпти.
Ҳаррис «ўзгаришлар даври» номзоди бўлишга ҳаракат қилмоқда, аммо вице-президент сайловчилар орасида рейтинги пасайган Жо Байден билан бирдек жавобгар деб кўрилади.
2. Ёмон хабарлар унга таъсир қилмайди
2021 йил 6 январда Капитолийдаги тартибсизликлар оқибатлари, қатор айбловлар ва мисли кўрилмаган жиноий ишларга қарамай, Трампни қўллаб-қувватлаш даражаси йил давомида барқарор равишда 40 фоиз ва ундан юқорироқ турди.
Демократлар ва Трампни қўлламайдиган консерваторлар у давлат раҳбари лавозимига лаёқатсизлигини айтишса-да, аксарият республикачилар ўзини сиёсий «жодугар ови» қурбони деб атаган собиқ президентнинг фикрларига қўшилади.
Икки томоннинг позициялари тенг келиб турган ҳолатда, Трамп ҳали кимга овоз беришини ҳал қилмаган ва у ҳақида қатъий фикри бўлмаган сайловчиларнинг бир қисмини ўзига оғдириши етарли бўлади.
3. Унинг ноқунуний иммиграция тўғрисидаги сўзлари сайловчиларга ёқиб тушди
Иқтисодий аҳволдан ташқари, ҳиссиётга бой мавзулар ҳам сайловларда ҳал қилувчи бўлади.
Демократлар абортлар шундай мавзу бўлишига умид қилмоқда, Трамп эса асосий эътиборини иммиграция мавзусига қаратган.
Байден даврида чегарадаги тўқнашувлар барча рекордларни янгилади, иммигрантлар оқими эса чегарадан анча ичкари жойлашган штатларга ҳам таъсир кўрсатди. Хусусан, сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, сайловчилар иммиграция масаласида Трампга кўпроқ ишонмоқда — ва унинг лотинамерикаликлар орасидаги обрўси ўтган сайловлардагига қараганда анча яхшиланган.
4. Олий маълумотга эга бўлмаган сайловчилар сони ўқимишлилардан анча кўп
Трамп ўзини унутилган ва ташлаб қўйилган деб ҳис қилувчи сайловчиларни ўзига жалб қилмоқда. Бу Америка сиёсатини ўзгартириб, азалдан демократлар тарафдорлари бўлган тоифаларни, масалан, касаба уюшмалари фаолларини республикачиларга айлантирди ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни импорт учун божларни ошириш ҳисобига ҳимоя қилишни нормага айлантирди.
Агар Трамп иккиланувчи штатларнинг қишлоқ ва шаҳар чеккасидаги ҳудудларидан етарлича сайловчиларни участкаларга олиб чиқолса, бу, олий маълумотли бўлган ва бу сафарги сайловда бетараф қолишни маъқул кўраётган республикачилар туфайли бўладиган йўқотишлар ўрнини қоплашга имкон беради.
5. Трамп беқарор дунёдаги кучли шахс сифатида гавдаланмоқда
Трампни хуш кўрмайдиганлар у авторитар етакчилар билан яқинлашиб, Американинг иттифоқчилари билан муносабатларни бузишини айтишади.
Аммо собиқ президент ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиб бўлмаслигини ўзининг кучли томони деб билади ва Оқ уйда эканида бирорта катта уруш бошланмаганига эътибор қаратади.
Кўплаб америкаликлар турли сабабларга АҚШ Украина ҳамда Исроилга миллиардларни юбораётганидан норози ва мамлакат Байден даврида заифлашди деб ҳисоблайди.
Кўплаб эркак сайловчилар (Трамп Жо Роганнинг подкастларида уларга хушомад қилган) уни Ҳаррисга қараганда кучлироқ етакчи деб ҳисоблайди.
Ҳаррис ғалаба қозониши мумкин, чунки...
1. У Трамп эмас
Ўз устунликларига қарамай, Трамп жуда қутбланувчи фигура бўлиб қолмоқда.
2020 йилда у республикачилар номзоди сифатида энг кўп сайловчи қўлловига эга бўлганди, аммо етти миллион кўпроқ америкалик Байденни қўллагани туфайли ютқазганди.
Бу сафар Ҳаррис сайловчиларни Трампнинг қайтиши қанчалик қўрқинчли эканига ишонтиришга уринмоқда. У рақибини «фашист» ва демократияга таҳдид деб атаб, партиялар ўртасидаги «драма ва можаролар»га барҳам беришни ваъда қилмоқда.
Июл ойида Reuters/Ipsos ўтказган сўровлар америкаликларнинг бешдан тўрт қисми мамлакат назоратдан чиқиб кетган деб ҳисоблашини кўрсатганди. Ҳаррис сайловчилар — айнқиса мўътадил республикачилар ва бирор партияга аъзо бўлмаганлар — ўзида барқарорлик келтира оладиган номзодни кўришига умид қилмоқда.
2. У Байден ҳам эмас
Агар Байден президентлик пойгасидан чиқмаганида демократлар ютқазиши тайин эди. Трампни енгиш муштарак истаги бўлган партия тезда Ҳаррис атрофида сафарбар бўлди. Дастлабки ҳафталарда у ҳайратланарли тезлик намойиш этиб, келажакка қаратилган ғояларни тақдим этди ҳамда сайловчилар базасини илҳомлантирди.
Республикачилар Байденнинг муваффақиятсиз қарорлари учун уни ҳам жавобгар қилиб кўрсатганида, Ҳаррис бу ҳужумларнинг бир қисмини муваффақият билан қайтарди.
Унинг энг яққол ажралиб турган устунлиги — ёшидир. Сўровлар бир неча марта сайловчиларни Байден ўз лавозимини бажаришга нақадар лаёқатли экани хавотирга солаётганини кўрсатганди. Кейин эса роллар алмашди ва Трамп ғалаба қозонса, президентликка сайланган энг кекса номзод бўлади.
3. У аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилади
Бу президентлик сайловлари Олий суд «Роу Уэйдга қарши» қонуни ҳамда аборт учун конституцион ҳуқуқни бекор қилганидан кейинги даврдаги биринчиси бўлади.
Аборт ҳуқуқини ҳимоя қилишни истовчи сайловчилар Ҳаррисни қўллашади. Бу мавзу сайловдаги давоматни кўтариши ва натижаларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигига 2022 йилги оралиқ сайловлар даврида ҳам гувоҳ бўлганди.
Бу сайловларда 10 та штатда, жумладан, иккиланувчи штатлар қаторидаги Аризонада бюллетенларда абортларни тартибга солиш масаласидаги саволлар ҳам бўлади. Бу Ҳаррис тарафдорлари фаоллигини ошириши мумкин.
Бундан ташқари, тарихий прецедент имконияти ҳам унинг аёл сайловчилар орасидаги позициясини оширишга хизмат қилади — АҚШда илк бор аёл президент бўлиши мумкин.
4. Унинг тарафдорлари овоз беришга келиши эҳтимоли кўпроқ
Сўровлар шуни кўрсатадики, Ҳаррисни қўллаб-қувватлайдиган аҳоли гуруҳи (масалан, кекса ёшлилар ва олий маълумотлилар), катта эҳтимол билан сайлов участкаларига чиқишади.
Алалоқибат, демократлар азалдан сайловларда фаоллик кўрсатганлар орасида энг яхши натижаларни кўрсатган, Трамп эса доим ҳам овоз бермайдиганлар, масалан, ёш эркаклар ва олий маълумотга эга бўлмаганлар орасида машҳур.
Масалан, New York Times/Siena сўровига кўра, Трамп Ҳаррисни сайловчи сифатида рўйхатдан ўтган, аммо 2020 йилги сайловда овоз бермаганлар орасида сезиларли фарқ билан ортда қолдирган.
Шундай экан, асосий масала — улар бу сафар овоз беришга бориш-бормаслигида.
5. У катта миқдорда пул йиғди (ва сарфлади)
Сир эмаски, Америка сайловлари жуда катта пулларни талаб қилади ва бу сафаргиси тарихдаги энг қиммат сайлов бўлиши мумкин.
Харид қобилияти ҳақида гап кетганида эса Ҳаррис олдинда. Financial Times таҳлили кўрсатишича, у июл ойида президентликка номзод бўлганидан кейинги ойларда Трамп 2023 йил январидан буён тўплаганидан кўпроқ маблағ йиққан. Газетанинг қайд этишича, Ҳарриснинг штаби реклама учун қарийб икки баробар кўпроқ харажат қилиш имконига эга бўлган.
Бу натижани амалда иккиланувчи штатлардаги сайловчилар ҳал қиладиган кескин пойгада аҳамиятга эга бўлиши мумкин, бу ҳудудларга эса тўрт томондан сиёсий рекламалар ёғдирилди.
Мавзуга оид
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
10:37 / 23.11.2024
Суд Трампнинг Сторми Дэниэлсга тўловлари бўйича иш юзасидан қарорни кечиктирди
09:56 / 23.11.2024
Трамп Сорос фонди собиқ менежерини молия вазири этиб танлади
17:48 / 22.11.2024