АҚШ ҳарбийлари якшанбага ўтар кечаси Эрондаги нишонларга зарба берди – бу сўнгги бир ҳафта ичида учинчи зарбалар серияси бўлди; америкалик ҳарбийлар буни Эроннинг Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган кемага уюштирган ҳужумига жавоб деб атади. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бўғоз ёпилаётганини маълум қилди, мамлакат олий раҳбари Мужтаба Хоминаий эса ўз мурожаатида отасининг ўлими учун қасос олишга ваъда берди.

Америка Марказий қўмондонлиги (Centcom) баёнотида айтилишича, корпус кучлари Кипр байроғи остида сузган кемага «очиқчасига ҳужум қилган». Пентагонга кўра, ушбу кема двигатели жиддий шикастлангани туфайли «ҳаракатни давом эттира олмаган». Экипаж аъзоларидан бири бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Ундан аввалроқ корпус Ҳўрмуз бўғози орқали олдиндан келишилмаган йўналишда сузган кема билан қарама-қаршилик юзага келгани ҳақида хабар қилганди.

Эронлик ҳарбийларга кўра, кема ўз транспондерини ўчириб қўйган ва кемачиликни хавф остида қолдирган. У эронлик ҳарбийларнинг «огоҳлантирувчи зарбаси»дан кейингина тўхтаган.

Шу билан бирга, корпус Ҳўрмуз бўғози кейинги хабарномага қадар ёпилиши ва «АҚШ минтақа ишларига аралашувини бас қилмагунича» очилмаслигини маълум қилган.

Шунингдек, Эрон Американинг «тажовузига энг қатъий тарзда» жавоб бериши ва минтақадаги Америка базаларига зарбалар давом эттирилиши қўшимча қилинган.

АҚШнинг сўнгги зарбаларидан кейин Эрон ҳам АҚШнинг минтақадаги иттифоқчиларини ўққа тута бошлади. Бирлашган Араб Амирликлари Мудофаа вазирлиги якшанбага ўтар кечаси мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракета ва дрон ҳужумларини қайтараётганини маълум қилди.

Журналистлар хабар беришича, Қатар пойтахти Доҳада ҳам портлаш овозлари эшитилган. Маҳаллий аҳолига уйдан ва хавфсиз жойлардан чиқмаслик тавсия этилган.

Зарбалар алмашинуви ва йўналишлар бўйича баҳс

Ҳафта давомида эронлик ҳарбийлар Ҳўрмуз бўғозида учта тижорий кемани ўққа тутган, шундан кейин, АҚШ ва Эрон ўртасида зарбалар алмашинуви бўлиб ўтганди.

Американинг 8 июлда йўллаган зарбалари оқибатида чиққан ёнғин. Фото: Reuters