«Бу фалокат эмас» — Дунё бўйлаб Трампнинг ғалабасига қандай реакция қилинмоқда?
Американинг етакчи нашрлари (ҳам консерватив, ҳам либерал нашрлар) прогнозларига кўра, Дональд Трамп ғалаба учун зарур бўлган 270 дан ортиқ делегат овозини тўплаб, АҚШнинг янги президентига айланган. Овозларни ҳисоблаш давом этаётгани туфайли расмий натижалар ҳали эълон қилинмади, жаҳон давлатлари раҳбарлари эса уни ғалаба билан табрикламоқда. Қуйида Трампнинг Оқ уйга қайтиши муносабати билан билдирилган дастлабки реакциялар келтирилади.
Урсула фон дер Ляйен
Еврокомиссия раҳбари
Мен Доналд Трампни чин қалбдан табриклайман. Евроиттифоқ ва АҚШ — шунчаки иттифоқчилар эмас. Бизни 800 миллион фуқароларимизни бирлаштирадиган, халқларимиз ўртасидаги ҳақиқий шериклик боғлаб туради.
Шундай экан, келинг, уларга фойда келтиришда давом этадиган мустаҳкам трансатлантика кун тартиби устида биргаликда ишлайлик.
Марк Рютте
НАТО бош котиби
Унинг етакчилиги алянсимиз қудратини сақлаб қолиш яна муҳим аҳамиятга эга бўлади. Мен НАТО кучи орқали тинчликни илгари суриш учун у билан яна бирга ишлаш имкониятини интиқлик билан кутаман.
Виктор Орбан
Венгрия бош вазири
АҚШ сиёсий тарихидаги энг катта қайтиш! Президент Доналд Трампни улкан ғалабаси билан табриклайман. Дунё учун жуда муҳим ғалаба!
Ражаб Тоййиб Эрдўған
Туркия президенти
Мен қаттиқ курашдан сўнг АҚШдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонган дўстим Доналд Трампни табриклайман.
Умид қиламизки, Америка халқи сайловлари билан бошланадиган бу янги даврда Туркия ва АҚШ муносабатлари кучаяди, минтақавий ва глобал инқирозлар ҳамда урушлар, айниқса Фаластин масаласи ва Россия-Украина уруши якунланади. Ишонаманки, янада адолатли дунё барпо этиш учун қўшимча саъй-ҳаракатлар амалга оширилади.
Мен умид қиламанки, сайловлар АҚШнинг дўстона ва иттифоқчи халқига ҳамда бутун инсониятга фойда келтиради.
Иван Курилла
тарихчи, америкашунос
Хўш, бу сафар овозлар узоқ вақт қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.
Республикачи дўстларимни табриклайман.
Демократ дўстларимга ҳамдардлик билдираман.
Умид қиламанки, энди демократлар ва республикачилар ёнма-ён яшаб, қарама-қарши партия тарафдорларида душманни кўрмасликни қандай уддалашни ўйлаб кўришади.
Йўқ, бу фалокат эмас. Энди демократлар диққатни жамлаб, сиёсий рақибларига эмас, балки ўзларига танқидий нуқтайи назар билан қараб, 4 йилдан кейинги сайловда ғолиб бўлишлари мумкин. Республикачилар эса аҳолининг ярмини қўрқувга соладиган фундаментализм йўлидан кетмасдан, демпартия сиёсатида ўзларига ёқмаган жиҳатларни қандай тузатиш ҳақида ўйлашлари мумкин.
Ташқи сиёсатда ҳам фалокат юз беради деб ўйламайман. Бу ерда ҳам барча йўллар очиқ ва барча қўрқадиган (сайловолди кампанияси вақтида энг кўп муҳокама қилинган) йўл танланиши шарт эмас. Танлов яхши бўлишига кафолат йўқ, аммо ёмон бўлиши ҳам муқаррар эмас.
Александр Баунов
Берлиндаги Карнеги Россия ва Евросиёни ўрганиш маркази катта илмий ходими
Трампнинг ғалабаси ўзига яраша мантиқий. Агар ковид бўлмаганида, иқтисодий кўрсаткичларга кўра у қаторасига иккинчи бор сайланган бўларди. Дунёдаги кўплаб бизнеслар каби унинг сиёсий бизнеси ҳам пандемиядан омон чиқолмади. Аммо Трампнинг бугунги ғалабаси унинг 2020 йилги ўғирланган сайловлар ҳақидаги шикоятларининг ҳақиқий баҳосини кўрсатади.
Бошқа томондан, демократлар ўзига ўзи қилди. Байден бир муддат учун президент бўлишга ваъда берганини эслаш учун сунъий интеллект хизматига мурожаат қилишга ҳожат йўқ: у Трамп ғалаба қозонишига йўл қўймаслик учун жамиятни бирлаштириш, янги авлоддан ворис тайёрлаш ва кетишни ваъда қилиб президентликка сайланганди. Кейин эса ҳеч қандай ворис тайёрламади ва кетиш ҳақидаги фикрини ўзгартирди. Кейин — олдин ҳеч қачон кузатилмаган тарзда — ўз партияси босими остида сайловга уч ой қолганида пойгадан чиқиб, президентликка номзод сифатида праймериз жараёнидан ўтолмаган, Трамп ва Байдендан ёшроқ бўлса ҳам, сиёсий авлод ўзгаришини акс эттирмайдиган (у Обаманинг қарийб тенгдоши) вице-президентни ўрнига номзод сифатида қолдирди.
Буни ҳатто энг содиқ сайловчилардан ҳам яшириш қийин эди, шу туфайли Трамп ўтган сафаргидан фарқли ўлароқ popular vote бўйича ҳам устун келди.
Олег Дерипаска
миллиардер
Трампни табриклашни бошлашди…
Хайрли тонг, янги дунё…
Нефт майга бориб 50 доллар бўлади, афтидан, ҳаммаёқда тинчлик бўлади…
Михаил Ходорковский
тадбиркор
Трамп Камалани тор-мор этди! Буни ҳеч ким башорат қилмаганди. Энди унда ўзгариш қилиш учун мандат бор. Нима бўлишини билмайман, аммо зерикарли бўлмаслиги аниқ!
Дмитрий Медведев
РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари
Мен бир неча кун олдин Telegram’да Капитолий тепалигидаги Россияга қарши иккипартиявий консенсус ҳақида айтгандим. Бу баҳо адолатли, «филлар» сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритгани ҳисобга олинган ҳолда ҳам.
Аммо Трампда биз учун фойдали бўлган бир фазилат бор: суяк суягигача бизнесмен бўлгани учун пулни турли хўракхўрларга — тентак иттифоқчиларга, аҳмоқона хайрия лойиҳаларига ва очкўз халқаро ташкилотларга сарфлашни ёқтирмайди.
Бандерачиларнинг токсик Украинаси ҳам шу тоифада. Гап Трамп урушга қанчагача пул беришга мажбур бўлишида. У қайсар, лекин тизим кучлироқ.
Нима бўлганда ҳам бугун Киевдаги яшил ярамас қулоғигача оқ кукунга ботади…
Олаф Шолц
Германия канцлери
Германия ва АҚШ аввалдан Атлантиканинг икки томонида фаровонлик ва эркинликни таъминлаш учун биргаликда муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келади. Биз фуқароларимиз манфаати учун бу [ҳамкорлик]ни давом эттирамиз.
Эммануэл Макрон
Франция президенти
Тўрт йил олдин қилганимиз каби биргаликда ишлашга тайёрмиз. Сизнинг ва менинг эътиқодларим бўйича. Ҳурмат ва амбициялар билан. Кўпроқ тинчлик ва фаровонлик учун.
Бинямин Нетаняҳу
Исроил бош вазири
Қадрдоним Доналд ва Мелания Трамп, сизни тарихдаги буюк қайтиш билан табриклайман! Сизнинг Оқ уйга тарихий қайтишингиз Америка учун янги ибтидони англатади ва Исроил ҳамда Америка ўртасидаги буюк иттифоққа содиқлигингизнинг кучли тасдиғи ҳисобланади.
Бу улкан ғалаба!
Ҳақиқий дўстлик билан, сизнинг Бинямин ва Сара Нетаняҳу.
Володимир Зеленский
Украина президенти
Трампнинг яққол етакчилиги, Америкадаги сайловларда мутлақо ишончли натижа. Бундай ғалаба билан табриклайман.
Президент Трампни шахсан олқишлаш ва Украинанинг АҚШ билан стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилиш имкониятини интиқлик билан кутаман.
Андрей Ермак
Украина президенти офиси раҳбари
Украина президенти Володимир Зеленский ва бизнинг жамоа сентябрда президент Доналд Трамп билан яхши учрашув ўтказгандик. Ўшанда Украина ғалаба режаси, Украина ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ҳамда урушни тўхтатиш йўлларини батафсил муҳокама қилишга муваффақ бўлгандик.
Шунингдек, Доналд Трампнинг биринчи муддатида ҳам президентларлар яхши ишчи муносабатларга эга бўлганди. Муҳими, Украинани АҚШдаги икки партия ҳам қўллаб-қувватлайди. «Куч орқали тинчлик» — бу айнан ҳозир керак бўлган ёндашув. Россия ва автократлар фақат куч тилини тушунади. Агрессорлар аниқ адолат доирасига қайтарилиши лозим.
Бизга адолатли тинчлик керак, дунёга эса — кучли АҚШ ва демократия ғалабаси. Америка халқини олқишлайман ва қўллов учун миннатдорчилик билдираман.
Александр Роднянский
продюсер
Бу демократлар тўла тор-мор этилиши. Мутлақо. Тотал. Ва, тўғрисини айтсам, бунга муносиб эдилар. Трамп аллақачон ўз тарафдорларига мурожаат қилди. «Буюк ғалаба» ҳақида гапирди ва «Американинг олтин асри»ни ваъда қилди. Урушларсиз дунёни. «Олтин аср» ҳақида билмайман, аммо бизга янги реаллик тақдим этилди. У эса чиндан ҳам доимо янги имкониятлар келтиради.
Трампнинг ғалабаси — Исроил ва унинг иттифоқчилари учун яхши янгилик. Яқин Шарқдаги мўътадил сунний режимлар учун ҳам. Эрон ва унинг прокси-армиялари учун жуда ёмон хабар. Биз минтақада вазият қанчалик тез ўзгаришига гувоҳ бўламиз. Трамп анчадан буён Авраам келишуви учун Тинчлик бўйича Нобел мукофотини олишни истайди. Агар у Исроил ва минтақа мамлакатлари, биринчи навбатда Саудия Арабистони билан тинчлик битимларини тузиш жараёнини якунига етказса, у буни олади.
Биз Украинадан жуда хавотирдамиз. Биз тез орада унинг «режаси» нимани англатишини билиб оламиз. «24 соат ичида тинчлик» нимани англатади? Ёки «Москва бўйлаб ракеталар» сўзлари нимани англатади? Ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши ва можарони музлатишга уринишга гувоҳ бўлишимиз тайин. Бу қандай бўлади?
Барибир, Трамп учун асосийси — Америка. У уни ўзгартириши ва ислоҳ этиши лозим. Энг асосий муаммоларни ҳал қилиш ва уни яна ҳокимиятга қайтарган «ижтимоий ғазаб»ни тинчлантириш. Бу қанчалик ўхшайди?
Қандай бўлмасин, Америка халқининг танлови шу бўлди. Янги реалликка дуч келибсиз!
Константин Сонин
иқтисодчи
Шуниси аниқ бўлдики, Доналд Трамп — Америка сиёсатидаги аниқ фигура. 130 йил ичида илк бор ва бутун тарихда иккинчи бор бир сайловни ютқазган собиқ президент унда яна ғалаба қозона олди.
Вице-президент Ҳаррис кучли сайлов кампаниясини ўтказди, ҳеч қандай фундаментал хатоларга йўл қўймади. Ва шунга қарамай, бу етарли бўлмади — амалдаги президентнинг обрўси яхши бўлмаган, фуқароларнинг кўпчилиги мамлакат нотўғри йўлдан кетмоқда деб ҳисоблаётган, рақиб эса кучли бўлган шароитда хато қилмасликнинг ўзи етарли эмас. Кўпроқ нарса керак эди.
Трамп президент сифатида шовқин кўтаришдан бошқа яна нима қилади? <…> Агар республикачилар икки палатада ҳам кўпчиликни ташкил эта олса, унда солиқлар пасайтирилади — улар доимо шундай қилишган. Улар харажатларни қисқартира олмайди, шундай экан, тақчиллик ўсади ва давлат қарзи ўсиши тезлашади.
Трамп НАТОдан чиқмайди, унда бунинг учун мандат йўқ ва етарлича сиёсий кучи ҳам, аммо ўтган сафаргидек асабийлашишига тўғри келади. <…> Украинага ёрдам кечиктирилади, қисқартирилади, баланд овоздаги талаблар янграйди ва ҳоказолар, аммо, ўйлайманки, ёрдам бериш давом этади. Камроқ ҳажмда, мунтазам эмас, лекин бўлади.
Трамп ноқонуний муҳожирларни оммавий депортация қилишга ҳам ваъда берган, аммо бундай бўлмайди. Бу худди 2016 йилда ваъда қилинган «қурилишига Мексика тўлайдиган девор» каби. Девор қурилмади, Мексика бир цент ҳам тўламади ва шунга қарамай, Трамп сайловчилари кўз ўнгида «ваъдасида турди». Депортациялар бўйича ҳам шундай бўлади.
Иқтисодиётга тартибга солувчи юки камаяди. Бу — Трампни қўллаётган жиддий иқтисодчиларнинг асосий ташвиши. Бу 2016–2020 йилларда ҳам камайганди, бу сафар ҳам камаяди.
Яна нима? Трамп — рекорд даражада кекса президент ва жуда соғлом эмаслиги кундек равшан. У чалкашиб кетиши, нима ҳақда гапираётганини унутиб қўйиши ҳолатлари кўпаяди. Аммо унинг когнитив қобилиятлари учун «планка» аввал ҳам юқори бўлмаган, шундай экан, бу энг ўткир муаммо эмас. Бундан ташқари, у яна бир муддатга сайлана олмайди — бу шуни англатадики, «ворислик» учун рақобат дарҳол бошланади.
Ҳа, прогнозчилар ва Трампнинг ўзидан ташқари, 2024 йилги сайлов ғолибларидан яна бири психотерапевтлардир. Тўрт йил давомида кўплаб америкалик эркаклар ва аёллар уларнинг хизматига эҳтиёж сезади.
Стивен Кинг
ёзувчи
Чиройли, аммо мўрт буюмлар сотиладиган дўконларда шундай ёрлиқни кўриш мумкин: «Кўриниши чиройли, ушлаб кўриш ёқимли, аммо сиз уни синдиришингиз билан — у сотилган бўлади». Демократия ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин.
Филип Пулман
ёзувчи
Алвидо, Америка. Танишганимдан хурсандман.
Дмитрий Песков
Россия президенти матбуот котиби
Менга [Россия] президентининг [Доналд] Трампни табриклаш режаси маълум эмас. Келинг, гап бизга қарши урушда бевосита ва билвосита иштирок этаётган дўстона бўлмаган давлат ҳақида эканини унутмайлик.
Унинг [Трампнинг] халқаро майдондаги тинчликка интилиш ҳақидаги баёнотлари бўлганди. Ва унинг эски урушларни давом эттириш ва янгиларини қўзғашга қаратилган спиралли ва тотал сиёсатни тўхтатишга интилишлари ҳақидаги баёнотлар ҳам. Ҳа, бу баёнотлар етарлича муҳим. Аммо энди ғалабадан кейин, овал кабинетга киришга тайёргарлик кўраётганда ёки овал кабинетга кирганда баёнотлар бошқача тус олади. Шунинг учун биз ҳамма нарсани синчковлик билан таҳлил қилишимиз, ҳаммасини кузатиб боришимиз ва аниқ сўзлар ҳамда қадамларга асосланган ҳолда хулоса чиқаришимизни айтамиз.
Биз АҚШ [Украинадаги] бу можарога барҳам беришга қодир эканини бир неча бор айтганмиз. Албатта, буни бир кечада амалга ошириб бўлмайди, аммо айнан АҚШ ушбу можарони қўзғатиб, доимий равишда керосин сепиб, унда бевосита иштирок этаётган давлат бўлгани учун, ҳа, АҚШ ўз ташқи сиёсатидаги траекторияни ўзгартиришга қодир. Аммо бу қилинадими ва қандай қилинади — буни биз январдан кейин кўрамиз.
Мавзуга оид
10:37
Суд Трампнинг Сторми Дэниэлсга тўловлари бўйича иш юзасидан қарорни кечиктирди
09:56
Трамп Сорос фонди собиқ менежерини молия вазири этиб танлади
17:48 / 22.11.2024
Трамп Пэм Бондини бош прокурор лавозимига янги номзод сифатида кўрсатди
21:00 / 21.11.2024