Спорт | 13:17 / 06.11.2024
18316
19 дақиқада ўқилади

ЕЧЛда сенсациялар куни. «Реал» ва «Сити» ютқазди

Европа Чемпионлар Лигасида 4-тур кутилмаган натижалар билан бошланди. 

Фото: AS

«Реал»да инқироз

«Реал» — «Милан» 1:3
Голлар:
Винисиус (23, пеналти) — Тиав (12), Мората (39), Рейндерс (73). 
«Реал» – Лунин, Менди (Гарсия, 74), Рюдигер, Милитао, Васкес, Беллингҳэм (Родриго, 74), Модрич (Себаллос, 63), Чуамени (Диас, 46), Валверде (Камавинга, 46), Винисиус, Мбаппе.
«Милан» – Менян, Тео, Томори, Тиав, Эмерсон, Рейндерс, Фофана, Муса, Пулишич (Лофтус-Чик, 70), Леау (Окафор, 78), Мората (Абраҳам, 70).
Огоҳлантиришлар: Мората (21), Камавинга (58), Милитао (68), Васкес (68), Винисиус (71), Фофана (85).

«Реал» «Милан»га қарши — Европа футболи классикаси. Бу иккиси — топ-клуб ибораси билан синоним. Бу икки клуб биргаликда асосий еврокубокда (Чемпионлар кубоги/Чемпионлар лигаси) биргаликда 22 ғалабага эришгани (15+7) ҳам кўп нарсадан далолат.

Ҳозирда бу жамоалар бир даражада эмас. «Милан» 2010-йиллардаги чуқур инқироздан чиқиб олди ва икки йил олдин скудеттони қўлга киритиб, Чемпионлар лигасига қайтди ва қаторасига тўртинчи мавсум турнирга йўллана олмоқда. Аммо қизил-қоралар яна қайта қуриш босқичини бошлади — янги мураббий, янги ғоялар, янги футболчилар. Ҳозирча Паулу Фонсеканинг ишлари силлиқ кечмаяпти, аммо мавсум бошидаги икки ойдан аниқ хулоса чиқариш ҳам тўғри бўлмайди.

«Сантяго Бернабеу»да мағлубиятга учраса ҳам мухлислар буни фалокат сифатида қабул қилишмасди — италияликлар учун тақвим осонроқ, қолган турларда «Слованом» (сафар), «Црвена Звезда» (уй), «Жирона» (уй) ва Загребнинг «Динамо» (сафар) клубларига қарши ўйинларда вазиятни ўнглаш мумкин. Бу оралиқда 10-12 очко плей-оффга (балки топ-8 га кириш учун ҳам) чиқиш учун етарли бўлади. Аммо ўтган ҳафтада жамоа А Серияда ўз уйида «Наполи»га иложсиз ҳолатда ютқазганди (0:2) ва яна бир топ-рақибга қарши кучсиз ўйин — жамоага имиж нуқтайи назардан ҳам, руҳий томондан ҳам зарба бўлиши мумкин эди.

Имиж масаласи «Реал» учун ҳам долзарб эди, жамоа ўз уйида «Барселона»га 0:4 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин ўзини оқлаши талаб этиларди. Карло Анчелотти жамоаси охирги ўн кунни шу мағлубият юки билан ўтказди, чунки ўтган дам олиш кунларида Испания чемпионати доирасида «Валенсия»га қарши ўтиши керак бўлган ўйин кучли сув тошқинлари туфайли бекор қилинганди. «Милан» эса «Монца»га қарши ўйинда ғалаба қозониб (1:0), ўз айбини бироз ювганди.

«Реал» дарҳол босим ўтказиб, меҳмонларни қўрқитишга қарор қилди, аммо Килиан Мбаппе ҳали ҳам яхши формада эмас: француз ҳужумчиси икки бор хато зарба берди — аввалига ҳеч ким халал бермаётган ҳолатда йўллаган зарбасидан кейин тўп олис бурчакка тўғри бормади, кейин эса Лукас Васкеснинг қанотдан узатмасини дарвозага тўғрилаб юбора олмади.

Меҳмонлар бош мураббийи бу ўйин учун қизиқарли тактик юришлар тайёрлаганди. Ҳимояланишда «Милан» футболчилари 5-2-3 схемаси бўйича жойлашди, бунда марказий ҳавбек Юнус Муса ўнг қанот ҳимоячисига айланди, номинал ўнг қанот ҳимоячиси Эмерсон Роял эса ўнг марказий ҳимоячи позициясига ўтди. Бу Винисиусни тўхтатиш учун қилингани кўриниб турарди, чунки Эмерсон — «бирга бир» вазиятда ишончли эмас ва бундай рақибга қарши унга ёрдам кераклиги аниқ эди. Винисиусда ягона имконият бўлди ва у бундан фойдаланди: 21-дақиқада у Эмерсон подкат ташлаганда бор маҳоратини ишга солиб йиқилди ва белгиланган пеналтини «паненка» зарбаси билан аниқ ижро этди. Аммо бу голи билан у фақат ҳисобни тенглаштирди.

Италянлар самаралироқ ҳаракатланди. 12-дақиқада Пулишич бурчакдан тўп узатди, Тшау Милитао ва Тчуамени ўртасига ёриб кириб, бош билан қайтариб бўлмас зарба йўллади. Кўп ўтмай у бу трюкни такрорлади, аммо бу сафар тўпга ета олмади. Лунин Рейндерснинг кучли зарбасини ҳам қайтаришига тўғри келди. 39-дақиқада эса Фофана Тчуаменининг хато узатмасидан кейин тўпни эгаллаб олиб, голли ҳужумни бошлаб берди: Пулишич Леауга узатма берди, унинг зарбаси Луниндан ўтмади, аммо қайтган тўпга биринчи бўлиб Мората етиб келди.

Танаффусда Анчелотти Тчуамени ва Валвердени Камавинга ва Браимга алмаштирди. Ҳисобда ортда қолиш «Реал»га бегона эмас ва бу жамоа ирода кўрсатиши билан ажралиб туради, аммо бу сафар ўхшамади. Италянлар ҳисобни ушлаш учун ўйнади ва буни аъло даражада уддалади, қолаверса жамоа анча эрта учрашув тақдирини ҳал қилиши мумкин эди: Леау аввалига боши билан ажойиб зарба йўллади ва Лунинни қаҳрамонлик кўрсатишга мажбур қилди, кейин эса «бирга икки» кўринишидаги идеал қарши ҳужумни бузиб қўйди. 

«Реал» ҳаддан ташқари пассив ўйнашда давом этди. Мадридликлар фақат ҳакам билан баҳслашиб, сариқ карточка олиш билан ажралиб туришди: 68-дақиқадан 71-дақиқагача Васкес, Милитао ва Винисиус огоҳлантирилди. Кейин эса навбатдаги гол ўтказилди: Леау Милитао ва Васкесни ортда қолдириб кетиб, Рейндерсни тўп билан таъминлади, у эса тўпни Луниннинг оёқлари орасидан ўтказди.

Мадридликлар ўз майдонида ўтказилган қаторасига икки ўйинда жами 1:7 ҳисобида ютқазди. «Реал»да инқирозли ҳолат бўй кўрсатмоқда. Жамоа ЕЧЛнинг 4 туридан кейин фақат 6 очкога эга, «Милан»да ҳам шунча, аммо бу жамоа 5-турга бошқача кайфиятда йўл олмоқда.

Гвардиола учун шок

«Спортинг» — «Манчестер Сити» 4:1
Голлар:
Дёкереш (38, 49 пеналти, 81 пеналти), Араухо (46) — Фоден (4). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ҳоланд (69). 
«Спортинг» – Исраэл, Рейс (Сен-Жюст, 75), Диоманде, Дебаст, Гонсалвеш, Тринкау (Ҳардер, 89), Араухо (Катаму, 75), Юлманд, Морита (Браганса, 75), Кенда (Куарежма, 85), Дёкереш.
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол, Аканжи, Симпсон-Пуси, Люис, Ковачич (де Брюйне, 84), Нунеш, Силва (Гундўған, 77), Фоден, Савио (Доку, 77), Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Ковачич (45), Гонсалвеш (55), Савио (73), Араухо (73), Нунеш (79), Юлманд (88).

Рубен Аморим билан Лиссабондаги сўнгги учрашуви олдидан ажойиб хайрлашишди, «Жозе Алваладе»даги трибуналардан бири мураббийга бағишланган улкан баннер билан ёпилди. Унинг хайрлашув учрашуви ўзи АПЛдаги энг яхши жамоа деб атаган «Манчестер Сити»га қарши кечди.

Ўйин «шаҳарликлар»нинг кучли прессинги билан бошланди. Морита эса бунга тайёр эмасди ва тўп йўқотганидан кейин Фоден тезкор гол урди. «Шерлар»нинг энг яхши тўпурари Дёкереш эса яккама-якка вазиятга чиқиб борганида тўпни Эдерсон устидан ташлаб қўйишга уриниб, вазиятни қўлдан чиқарди. Аммо швед ҳужумчиси бундан керакли сабоқ чиқарди ва Жеовани Кенданинг пасидан кейин мувозанатни тиклади, шу куни ЕЧЛда дебют қилган 19 ёшли Симпсон-Пюзи унга қаршилик кўрсата олмади. Бу Дёкереш жорий мавсумда 17 ўйинда урган 21-гол бўлди.

22-голини у иккинчи бўлимда Тринкау ишлаган пеналти эвазига урди, бундан олдинроқ эса «Спортинг» танаффусдан қайтибоқ ҳисобда олдинга чиқиб олганди. Бу голда ҳам Дёкереш муҳим ишни бажарди, у ўзи билан ҳимоячини қанот томонга олиб кетди ва Педру Гонсалвешнинг пасига Макси Араухо очилди. Бу ҳужум Манчестернинг қизил томонидагиларнинг Аморим бўйича кутилмаларини ошириб юборгани тайин.

Ва бу ҳали ҳаммаси эмасди. Бернарду Силва Диоманде томонидан йиқитилганидан кейин мезбонлар дарвозаси томон ҳам пеналти қўйилди, аммо Ҳоланднинг асаблари дош бермади. Унинг нуқтадан йўллаган зарбаси дарвоза тўсинини синдириб юборай деди, Дёкереш эса Матеус Нунеснинг фолидан кейин навбатдаги 11 метрлик зарбани аниқ ижро этди. Бу «Спортинг» футболчилари учун асосий еврокубокда 1982 йилдан буён илк ҳет-трик бўлди. «Сити» ЕЧЛда олдин ҳам Месси ва Нкункудан учтадан гол ўтказганди, қолаверса, 2014 йилда «Реал», 2016 йилда «Барселона» билан ўйинларда 4 тадан гол ўтказиб ютқазган. Қолаверса, жамоа олти йилдан буён биринчи бор қаторасига уч ўйинни бой берди.

Слот Алонсодан зўрроқ

«Ливерпул» — «Байер» 4:0
Голлар:
Диас (61, 83, 90+2), Гакпо (63). 
«Ливерпул» – Келлеҳер, Цимикас (Робертсон, 80), ван Дейк, Конате (Куанса, 88), Александер-Арнолд (Брэдли, 81), Мак Аллистер, Гравенберҳ, Жонс (Собослаи, 73), Гакпо (Нунес, 80), Диас, Салоҳ.
«Байер» – Градецки, Инкапиэ, Та, Тапсоба, Грималдо (Телла, 81), Гарсия (Андрих, 73), Фримпонг, Жака, Паласиос (Ҳофманн, 73), Бонифасе (Шик, 81), Виртц.
Огоҳлантиришлар: Гарсия (26), Градецки (60).

«Энфилд»даги ўйин афишасини мураббийлар дуэли ҳам кучайтирди. Ўтган мавсум давомида «Ливерпул» Юрген Клопп кетганидан кейин ўз собиқ футболчиси Ҳаби Алонсони олиб келиши ҳақида хабарлар чиққанди. Аммо «Реал»да Карло Анчелоттининг ўрнини эгаллаши ҳам айтилган испаниялик мутахассис «Байер»да қолди, аммо қизиллар Арне Слот тайинланганидан афсусда эмас. Мерсисайдликлар билан 2004/05 йиллар мавсумида афсонавий Истанбул финалида ғалаба қозонган кумир эса ўз уйидаги каби кутиб олинди.

Биринчи бўлимда «Байер» тенгма-тенг курашди. Аммо ўйиннинг бир соати ортда қолганидан кейин меҳмонлар уч дақиқа ичида нокаутга учратилди. Аввалига — Жонс кесиб ўтувчи паси билан рақиб ҳимоячиларини иложсиз ҳолатда қолдирди — Диас тўпни Градецки устидан ошириб ташлади. Кейин эса Салоҳ Гакпони голли пас билан таъминлади, видеоҳакамлар бу вазиятда офсайд қайд этган лайнсменнинг хатосини тўғрилади. Мисрлик ҳужумчининг яна бир узатмасидан кейин Диас иккинчи голини урди, қўшимча дақиқаларда эса колумбиялик ҳужумчи ҳет-тригини нишонлади. Унинг ватандошлари бу турнирда бу ишни охирги марта 27 йил олдин амалга оширишганди (Фаустино Асприли), Луис — Германия чемпионларига имкон қолдирмади. Слот эса Чемпионлар лигасидаги илк кампаниясини тўрт ғалаба билан бошлаб, Клопп графиги бўйича кетмоқда.

Рекордчи Дэвид

«Лилл» — «Ювентус» 1:1
Голлар:
Дэвид (27) — Влаҳович (60, пеналти). 
«Лилл» – Шевале, Гудмундссон (Баккер, 81), Алессандро, Диаките, Манди, Буадди, Андре, Гомес (Мукау, 55), Жегрова, Саҳрауи (Пардо, 87), Дэвид.
«Ювентус» – Ди Грегорио, Кабал (Савона, 68), Калулу, Гатти, Камбиязо, Тюрам (Маккенни, 68), Локателли, Копмейнерс, Йилдиз (Мбангула, 81), Консейсау, Влаҳович (Веа, 68).
Огоҳлантиришлар: Кабал (62), Андре (73).

Навбати билан «Реал» ва «Атлетико»ни мағлуб этган «Лилл» «Ювентус»дан қўрқиши даргумон эди. Влаҳовичнинг голи офсайд туфайли бекор қилинишидан кўп ўтмай французларнинг энг яхши тўпурари Дэвид ҳисобни очди. Канадалик ҳужумчи ўз ишини қилди, қолгани эса — Жегрованинг хизмати, у майдоннинг иккинчи қисмида кучли босим остидан чиқиб кетди ва жамоадошининг йўлига тўпни ташлаб берди. Қаторасига учинчи турда ўз номини таблога ёздириб қўйган Дэвид Юсуф Язижини ортда қолдирди ва 13 гол билан «Лилл»нинг асосий еврокубокдаги энг яхши тўпурарига айланди. Лекин бу ғалаба учун етарли бўлмади, Влаҳович эса иккинчи бўлимда пеналтини аниқ ижро этиб, ўз голини барибир урди.

«Боруссия» уй жамоаси

«Боруссия» Д — «Штурм» 1:0
Гол:
Мален (86). 
«Боруссия» Д – Майер, Бенсебайни, Шлоттербек, Жан, Гросс, Брандт, Нмеча, Забитцер (Мален, 68), Гиттенс (Кэмпбелл, 77), Гирасси, Байер (Азхил, 89).
«Штурм» – Схерпен, Газибегович, Лавале, Айву, Жонстон (Гайрҳофер, 60), Китейшвили (Хорват, 90), Чуквуани, Бевинг, Ялкуйе, Жатта (Звонарек, 46), Бирет (Ярдимжи, 75).
Огоҳлантиришлар: Илцер (44), Мален (74).

«Селтик» — «Лейпциг» 3:1
Голлар:
Кюн (35, 45+1), Ҳатате (72) — Баумгартнер (23).
«Селтик» – Шмейҳел, Тэйлор (Валле, 68), Трасти, Картер-Викерс (Скейлз, 74), Жонстон, Ҳатате, Макгрегор, Энгелс (Бернарду, 68), Маэда, Фуруҳаси (Ида, 82), Кюн (Ян Ҳён Жун, 74).
«Лейпциг» – Гулачи, Ҳенрикс, Битшиабу, Орбан, Гертрюйда, Нуса (Элмаз, 68), Кампл, Айдара (Зайвалд, 76), Баумгартнер (Уэдраого, 76), Опенда (Андре Силва, 82), Шешко (Поулсен, 68).
Огоҳлантириш: Шешко (62).

Германиянинг икки вакили турли натижалар билан тугаган қийин ўйинлар ўтказди. Бу мавсумда сафар ўйинларида қийинчиликка дуч келаётган «Боруссия» Дортмунддаги барча ўйинларни ўзиники қилмоқда ва охирги дақиқаларга қадар қаттиқ қаршилик кўрсатган «Штурм»ни ҳам таслим этди. Ўйин охирида зарба бериш позициясига чиқиб борган Мален сенсацияни бекор қилди. Қанчалик кўп танқидга учрамасин, Нури Шаҳин Дортмунд билан «Сигнал Идуна Парк»да ўтган мавсумнинг дастлабки етти ўйинида ҳам ғалаба қозонган илк мураббий бўлди.

«Лейпциг» эса, аксинча яхшироқ бошлаганди — бурчак зарбаси ижро этилганида Баумгартнер ҳисобни очди. Кюн эса биринчи бўлимнинг ўзидаёқ вазиятни «Селтик» фойдасига ўзгартирди. У дастлаб чиройли айланма зарбаси билан тўпни олис «тўққизлик»ка йўналтирди, кейин эса бир неча метр масофадан туриб дарвозани ўққа тутди. Бу ўйинда дарвозабонларнинг ўйини ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шмейҳел ҳисоб 2:1 эканида ўта мураккаб зарбани қайтарган бўлса, Гулачи эса қанотдан узатилган тўпни ушлаб қола олмади ва уни Ҳататенинг оёғига ташлаб берди.

Каталонлар антирекорди

ПСВ — «Жирона» 4:0
Голлар:
Фламинго (16), Тиллман (33), Бакайоко (83), Крейчи (89, автогол). 
ПСВ – Бенитес, Дамс (Оппегор, 71), Боскали, Фламинго, Карсдорп (Сайбари, 71), Мауро Жуниор, Тиллман, Тил (Бабади, 85), Ланг (Дриауех, 64), де Йонг (Пепи, 85), Бакайоко.
«Жирона» – Гассанига, Блинд, Крейчи, Давид Лопес, Мартинес, Клуа (Гарсия, 79), Эррера (Ромеу, 61), Мигелл Гутиеррес, Хил (Ким Мин Су, 79), ван де Бек (Хуанпе, 61), Миовски (Стуани, 67).
Огоҳлантиришлар: Мартинес (40), де Йонг (40), Хил (48), Карсдорп (58), Дамс (60).
Четлатиш: Мартинес (55).

«Слован» — «Динамо» Загреб 1:4
Голлар:
Стрелец (5) — Спикич (10), Сучич (30), Куленович (54, 72).
«Слован» Братислава – Такач, Вут, Байрич, Кашия (Войтко, 79), Блэкмэн, Саввидис (Мак, 71), Игнатенко, Марцелли (Метсоко, 72), Толич, Барсегян (Гайдош, 87), Стрелец (Мустафич, 87).
«Динамо» Загреб – Загорац, Огивара (Пер-Габриэл, 75), Торренте, Теофил-Катрин, Ристовски, Батурина (Адеми, 64), Мишич, Сучич (Качавенда, 87), Пяца (Хожа, 87), Куленович, Шпикич (Берно, 75).
Огоҳлантиришлар: Кашия (61), Огивара (66), Игнатенко (86).

Куннинг илк ўйинларида олдинги турларда бирорта ғалабага эришмаган жамоалар ўзаро тўқнашди. Якунда ПСВ ниҳоят ғалабага эришди, натижа биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлди, мезбонларнинг ҳар бир голи «Жирона» учун аламли бўлди. Дастлаб мезбонлар ҳимоячиси Фламинго Тиллман аутдан ташлаб берган тўпни дарвоза тўрига йўллади, бу вазиятда Тиллман тўп ташлашдан олдин майдонга кириб кетганди ва гол бекор қилиниши керак эди. Аммо VAR ҳакамлар хатосини тузатмади, Тиллман эса меҳмонларни яна бир бор ранжитди — яқин бурчакка йўллаган зарбаси билан дарвозабонни доғда қолдирди. Қўшимчасига, иккинчи бўлим бошида испанлар бир киши кам бўлиб қолишди ва нафақат йирик ҳисобда ютқазишди, балки ЕЧЛда ишониб бўлмайдиган рекорд ўрнатишди. «Жирона» футболчилари 4 тур давомида тўрт марта ўз дарвозаларини ишғол этиб қўйишди.

Гуруҳ босқичига ўтиб, тарих яратган «Слован» эса асосий аутсайдер бўлиб қолмоқда. Владимир Вайсс жамоаси тўрт турдан учтасида йирик ҳисобда ютқазди, «Манчестер Сити» билан натижани тушуниш мумкин, аммо жамоа Загребнинг «Динамо»сидан ҳам ўз уйида тўртта гол ўтказди. Словакларнинг энг яхши тўпурари Стрелецдан тезкор гол ўтказиб юборган хорватлар якунда йирик ҳисобдаги ғалабага эришди. Жамоа «Бавария»дан учралган 2:9 ҳисобидан кейин мураббийни алмаштирди ва Ненад Белица бошқарувида кейинги уч ўйинда етти очко жамғарди.

«Болоня» — «Монако» 0:1
Гол:
Керер (87). 
«Болоня» – Скорупски, Миранда (Одгор, 90+2), Лукуми, Бекема, Пош, Моро (Побега, 46), Фройлер, Фаббиан (Фергюсон, 81), Ндойе, Илинг-Жуниор (Орсолини, 68), Кастро (Даллинга, 68).
«Монако» – Маецки, Мависса Элеби (Кайо Энрике, 78), Керер, Синго, Вандерсон, Магасса, Камара (Матазо, 78), Головин, Бен-Сегир (Минамино, 71), Аклиуш, Эмболо.
Огоҳлантиришлар: Моро (27), Фаббиан (53), Камара (75), Мависса Элеби (77), Лукуми (88).

Умумий гуруҳ жадвалидаги вазият:

Кун статистикаси

«Милан» ҳужумчиси Мората ЕЧЛда собиқ жамоаси дарвозасига урган голлари сонини 3 тага етказди. Бунгача Бензема, Шупо-Мотинг ва Криштиану Роналдуда ҳам шунчадан эди. Ибраҳимович эса 5 гол билан яққол етакчи.

«Реал» Чемпионлар лигасида (Чемпионлар кубоги билан биргаликда) 7-бор «Милан»га ютқазди. Мадридликлар асосий еврокубокда бундан кўпроқ фақат «Бавария» (11) ва «Ювентус»га (9) ютқазган.

«Монако» турнирда қаторасига 23 ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаяпти. Жамоа охирги бор 2016 йил 2 ноябрда ЦСКА билан ўйинда гол ўтказмаганди (3:0).

ПСВ форварди Люк де Йонг нидерланд клублари билан еврокубокларда ўтказган ўйинлар сони 85 тага етди. Фахрий футболчи Вилли ван де Керкҳоф, Данни Блинд ва Ник Виргевердан ўзиб кетиб, миллий рекорд ўрнатди.

«Реал» Лука Модрич ЕЧЛда «Реал» сафида 99-марта бошланғич таркибда чиқди. Бу яримҳимоячилар учун клуб рекорди ҳисобланади, бунгача фаолиятини якунлаган Тони Кроос энг яхши кўрсаткичга эга эди.

Мавзуга оид