Ўзбекистон | 20:00 / 09.11.2024
9587
11 дақиқада ўқилади

Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести

Йўловчининг метро бекатида ҳожат чиқариши кўп йиллик муаммони очиб ташлади, улкан тоғ тоши ҳаракатдаги Cobalt’ни босиб қолди, Чирчиқ шаҳар ҳокими ўринбосари 1 млн доллар билан ушланди, ноқонуний эгалланган ер участкаларини расмийлаштиришга оид янги акция старт олди — ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари Kun.uz дайжестида.

1 млн доллар билан ушланган “замҳоким”

Ўзбек амалдорларининг «иштаҳаси» янада очилиб, пора олишда ҳам кимўзарга ўтишган ва янги рекордларни ўрнатишга бел боғлаган кўринади: Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари 1 млн доллар пора билан ушланди.

«Замҳоким» 20 гектар ер учун 2 млн доллар талаб қилган. У келишилган пулдан 1 млн АҚШ долларини ҳайдовчиси орқали олган вақтида ушланган.

Ҳоким ўринбосари ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда кластер шаклидаги савдо мажмуаси ташкил этиш учун 40 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш шарти билан шаҳар ҳокимлиги захирасидаги 20 гектар ер майдонини аукцион савдога чиқартириб, ютиб бериш ва 49 йил муддатга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 2 млн доллар талаб қилган.

У олдиндан 1 млн долларни ўз ҳайдовчиси орқали олган вақтида ушланган. Ўринбосар қамоққа олинган.

Кўпчиликни бир савол ўйлантираётган бўлса керак: 2 млн долларни «замҳоким»и фақат ўзи учун сўраганмикин?.. Қизиқ, албатта…

Ҳафта давомида яна икки “замҳоким”га ҳукм ўқилганидан воқиф бўлдик – 32 млн сўм билан ушланган Тахиатош тумани ҳокими ўринбосари Ғулом Бектемиров 5 йилу 2 ойга, минг доллар билан ушланган Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари Ҳакимжон Маллаев 7 йилга қамалди.

Пропан 5 ойда қарийб 2 баробарга қимматлади

Пойга ўйнаётганлар фақат “замҳоким”лар эмас, Ўзбекистоннинг монополлашган ва бетизгин нефт-газ маҳсулотлари нарх-навоси ҳам “кимўзарга” илгариламоқда. 

Пропаннинг 1 тоннаси 5 июндан 5 ноябргача бўлган даврда биржа савдоларида 5,3 млн сўмдан 10,2 млн сўмгача ёки 91,4 фоизга ошди. Пропан нархининг қимматлашиши фонида АИ-80 бензини нархи ҳам кўтарилиб боряпти.

Охирги ойларда пропан ва АИ-80 бензини нархи ёнилғи қуйиш шохобчаларида кескин қимматлашди. Айрим ҳудудларда тақчиллик ҳам кузатиляпти. Ушбу ёнилғи маҳсулотларининг қимматлашиши биржада нархлар ошгани фонида рўй беряпти.

Нархлар манипуляцияси ортида кимлар тургани жамоатчиликка маълум эмас. Нима ҳам дердик – инсоф берсин…

Машина олиб киришга янги тўсиқ

Пропан ва бензин нархларининг каррасига ошаётганини ҳазм қилиб улгурмаган автомобил, айниқса “иномарка” ишқибозлари учун яна бир хунук хабар - хориждан юртимизга автомобиллар олиб кираётган хусусий тадбиркорлар учун уларнинг бизнесини қийинлаштирувчи ва харажатларини оширувчи янги тартиб жорий қилинди.

Энди якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган автомобиллар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви жорий қилинади. Текширувдан ўтган автоларга мувофиқлик сертификати тақдим этилади.

Гарчи бу гап-сўзлар жорий ҳафтада жамоатчиликка маълум бўлган бўлса-да, UzTest ахборот хизмати автомобилларни электромагнит мослашувчанлик бўйича текширувдан ўтказиш аввалдан бўлганини таъкидлади.

«Бундан мақсад битта транспорт воситаси бошқа автомобилга зиён етказишининг олдини олиш. Ўзбекистондаги расмий дилерлар бу текширувдан ўтиб бўлган. Уларга сертификат ҳам берилган. Ўтган йили бу 40 та, бу йил эса 30 дан ортиқ шундай сертификатлардан берилган. Улар машиналарини ҳар 3‑6 ойда текширувдан ўтказиб туради ва ҳужжатларни тақдим этади». 

Энди расмий дилер бўлмаган автосалонлар ва якка тартибдаги шахслар учун ҳам бу тартиб қўлланади ва 7 ўриндиққача бўлган автомашиналар учун 9 млн 88 минг сўм, электромобиллар учун эса қарийб 6 млн 300 минг сўмни ташкил этади. Транспорт воситаларининг тоифасига қараб нарх яна ўзгаради.

Сертификат олиш учун синовлар Пискент автополигонида амалга оширилади.

Нима бўлганда ҳам, жорий этилаётган бу тартиб туфайли қилинадиган харажатлар харидорларнинг зиммасига қўшимча юк бўлиб тушади.

Тахтиқорачадаги фожиа

Ҳафта ҳам ўзбекистонликлар, ҳам венгрияликлар учун қайғули бўлган ҳодисага гувоҳ бўлди: 6 ноябр куни Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтиқорача довонида тоғдан улкан харсангтош юмалаб, довондан ўтаётган Соbalt машинасини босиб қолди.

Соbalt ичида бўлган икки йўловчи Венгрия фуқаролари экани ойдинлашди.

Буни Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси ҳам тасдиқлаб, марҳумларнинг оиласига ҳамдардлик билдирди.

Масъулларнинг айтишича, шу кунлари тинимсиз ёғган ёмғир улкан харсангтошнинг жойидан қўзғалишига сабаб бўлган.

«Вафот этганларнинг яқинларига ва оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирамиз. Ушбу бахтсиз ҳодиса, афсуски, дунёнинг исталган нуқтасида содир бўлиши мумкин бўлган табиий офат натижасида рўй берди», — дейилади элчихона таъзия хабарида.

Ўзбекистон барча тафсилотларни аниқлаш учун синчковлик билан тергов ўтказмоқда. Шунингдек, ҳалок бўлганларнинг жасадини ватанига тез орада қайтаришда тўлиқ ёрдам беришга тайёр.

Наманганда яна вояга етмаган ўқувчи авария содир этди – бу сафар ҳам ижарага олинган машинада

Яна бир нохуш ҳолат эслашга арзийди назаримизда. Наманганлик автомобиллар ижарачилари яна ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ мактаб ўқувчисига ижарага машина тақдим этишган. Мактаб ўқувчиси ижарага олган машина билан “авария” содир этди.

Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги хусусий мактаблардан бирининг 9-синфида ўқиши айтилаётган ўсмир катта тезликда бошқарувни йўқотган, машина айланиб кетган ва йўл четидаги белгига урилиб, тескари ўгирилиб қолган.

Аввалига ўқувчи машина акасига тегишли эканини айтган. Бироқ суриштирувлар давомида машина бошқа шахсга тегишли экани, уни ўсмир икки соатга 150 минг сўмга ижарага олгани аниқланган.

Машинада ўқувчи синфдоши билан бўлган. Ҳодисада бахтли тасодиф туфайли ҳеч ким жароҳатланмаган ва ҳалок бўлмаган.

Афсуски бу каби ҳолатлар Наманганда анъана тусига кириб қолган. Аввалроқ 5 нафар ўқувчи Наманган шаҳрида Gentra машинасини ижарага олиб бошқараётиб ЙТҲ содир этганди. Ўшанда уларнинг бир нафари воқеа жойида, яна икки нафари шифохонада вафот этган эди. Шу ҳодиса тафсилотларини ўрганган Kun.uz мухбирига интервю берган шифокор бу каби ҳолатлар йилига 3-4 марталаб содир бўлаётганини, уларни ҳар бирида ёш йигитлар ўлаётганини айтганди.

Мазкур фожиадан ижарачилар ва Намангандаги мутасаддилар тегишли хулоса чиқармаган кўринади. Республика даражасидаги идораларда уларнинг танобини тортиб қўядиган бирор мард йўққа ўхшайди.

Метродаги воқеа

Энди яхши хабарларга ўтсак. Якунига етаётган ҳафтада кулгили, аммо фойдали ҳодиса юз берди: Тошкент метрополитенининг “Пахтакор” бекатида, одамлар кўз ўнгида бир эркак ҳожатини чиқарди. Бошқа бир йўловчи томонидан ёзиб олинган бу видео тармоқларда тарқагач бутун метрополитен тизимидаги кўп йиллик муаммони очиб ташлади.

Фойдаланувчилар метрода ҳожатини чиқарган эркакни айблаш ўрнига, бекатларда жамоат ҳожатхонаси йўқлиги ва бу кўплаб йўловчиларга муаммо туғдираётгани борасидаги фикрлари билан интернетни портлатишди.

Тошкент метрополитени матбуот хизмати воқеага тезкор муносабат билдириб, “Чилонзор” бекатида қурилган она-бола хонаси ва ҳожатхона тажриба-синовдан муваффақиятли ўтганини тўсатдан ёдга олиб, бошқа 9 та бекатда ҳам шундай махсус хоналар қурилишини маълум қилди.

Қуриладиган ҳожатхоналар пулли бўлади.

Ҳожатхона ҳамда махсус хоналар йўловчилар гавжум бекатларда қурилиши айтилмоқда, бироқ ҳозирча айнан қайси метро бекатларида қурилиши маълум қилинмаган.

Фаоллар кўп йиллик муаммога лоқайдликни ўзига хос тарзда очиб берган бу инсонга бепул адвокат тақдим қилиш, мабодо у қилмиши учун жаримага тортилса, одамлардан пул тўплаб беришга келишиб олишган.

Ер участкалари учун сўнгги “акция” старт олди

8 ноябрдан бошлаб ноқонуний эгалланган ер участкаларига мулк ҳуқуқи тақдим этиш бўйича акция кучга кирди.

Қонун доирасида барча ер участкалари хатлов қилиниб, космик суратлар билан солиштирилади. Қонунга кўра миллионлаб ўзбекистонликларнинг кадастр ҳужжатлари йўқ ер участкалари ва уларда қурилган биноларга бўлган ҳуқуқлари тан олинади. Фуқаролардан эса фақат маълум бир тўлов қилиш талаб этилади.

Хўш, қонун қандай тартибда ишлайди, фуқаролар эътирозли ҳолатларда кимга мурожаат қилиши керак?

Аввало, қонун билан 2018 йил 1 май кунигача якка тартибдаги уй-жой қуриб, ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар ҳамда шу санагача фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар расмийлаштириб берилади.

Шунингдек, аввал ўтказилган “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар; шунингдек, ҳокимларнинг ваколати бекор қилинган 2021 йил 8 июнга қадар туман/шаҳар ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ерларга эгалик ҳуқуқи расмийлаштириб берилади.

Кадастр агентлиги яратган “E’TIROF” дастури ёки расмий сайтида барча фуқаролар One-ID орқали рўйхатдан ўтиб, бу жараёнларни кузатиб туриши ҳам мумкин.

Миллионлаб ҳамюртларимизга дахлдор масала бўлгани учун Kun.uz ушбу акция қандай тартибда ишлаши ҳақида видеолар бериб бормоқда. Қизиққанлар уларни YouTube каналимиздан топишлари мумкин.

Мирзиёев Трампни табриклади

Океан ортида юз берган бўлса ҳам ўзбекистонликлар катта қизиқиш билан кузатган ҳафтанинг энг шов-шувли сиёсий ҳодисаси АҚШдаги президентлик сайлови бўлди, десак адашмаган бўламиз.

Унда республикачилардан номзод, собиқ президент Доналд Трамп ғалаба қозонди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Доналд Трампга АҚШ президенти сайловида ғалаба қозониб, ушбу лавозимга сайлангани муносабати билан табрик йўллади.

«Сайловлардаги ишончли ғалабангиз Сиздек бой тажрибали ва моҳир сиёсатчининг АҚШни халқаро майдондаги нуфузи ва иқтисодий қудратини ошириш, глобал тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қаратилган дастур ва режаларингиз Америка халқи томонидан фаол қўллаб-қувватланганини яна бир бор яққол тасдиқлади», — дейилади табрик хатида.

Президент табригида шунингдек, узоқ муддатли ва кенг қамровли Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини янги босқичга кўтариш мақсадида АҚШ президенти Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиши таклиф этилган.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳрузбек Абдурайимов

Дилшод Абдуқодиров
Муаллиф Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид