Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ливанда кескинлашган вазият ва Украинага ракеталар ёғдирган Россия – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида қисман оташкесим
Ливан 1 июн куни «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўртасида қисман ўт очишни тўхтатиш келишувини эълон қилди.
Ливаннинг Вашингтондаги элчихонасига кўра, ушбу келишув мамлакатдаги можарога бутунлай чек қўймайди. Бироқ у Исроилдан Байрут ва унинг «Ҳизбуллоҳ» назоратидаги ҳудудларига зарба беришдан тийилишни талаб қилади. Эрон қўллаб-қувватлайдиган гуруҳ эса ўз навбатида Исроилга ҳужумларни тўхтатади.
Келишув ҳақида биринчи бўлиб эълон қилган АҚШ президенти Доналд Трамп «Ҳизбуллоҳ» воситачилар орқали Исроилга ҳужум қилмасликка ваъда берганини айтди. Трамп, шунингдек, Исроил бош вазири Байрутга ҳужум қилишга тайёрланаётган қўшинларни ортга қайтаришга рози бўлганини айтди.
Трамп баёнотидан кейин Нетаняҳу Ливан жанубида ҳарбий амалиётларни давом эттиришини айтди. У ерда қуруқликдаги кучлар Захарани дарёси томон илгариламоқда. Бу Исроилнинг сўнгги 25 йил ичида Ливанга энг чуқур кириб боришидир.
Куни кеча Эрон ОАВлари Теҳрон АҚШ билан билвосита тинчлик музокараларини тўхтатаётганини, Ливандаги урушни важ қилиб, оташкесимга ҳам чек қўйиши мумкинлигини айтди.
Аммо Эрон расмийлари томонидан ушбу хабарлар тўғридан тўғри тасдиқланмади.
Трамп эса Эрондан ҳеч қандай хабар олмаганини айтди. У душанба куни CNBC телеканалига берган интервюсида тинчлик музокаралари «жуда зерикарли бўла бошлагани» ва агар улар тугаса ҳам унга барибир эканини айтди. «Менга ҳақиқатан ҳам барибир, умуман қизиғи йўқ», деди Трамп.
Эрон урушни тугатиш бўйича ҳар қандай келишувнинг шарти сифатида Исроилнинг Ливандаги ҳужумларини тўхтатишни талаб қилмоқда, АҚШ эса бу икки можаро бир-биридан мустақил эканини таъкидламоқда.
Россия–Украина уруши
2 июнга ўтар кечаси Россия зарбалари оқибатида Украина бўйлаб камида ўн киши ҳалок бўлди: олти киши Днипрода ва тўрт киши пойтахт Киевда. Бу Москва томонидан сўнгги ойларда амалга оширилган энг йирик ҳужумлардан бири бўлди.
Тунги ҳаво зарбалари кўп қаватли уй-жой биноларига келиб тушиши оқибатида ўнлаб одамлар, жумладан, бир неча бола жароҳатланган.
Сешанба кунига ўтар кечаси ва эрта тонгда Украина ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳужумидан мудофаа тревогаси эълон қилинди. Киев расмийлари ҳужумларда баллистик ракеталар ва дронлар учиб келганини билдирди.
Москва ўтган ойда Луҳанскдаги ётоқхонага уюштирилган ва 21 кишининг ўлимига сабаб бўлган дрон ҳужумига жавобан Украинани «тизимли зарбалар» беришидан огоҳлантирган эди. Украина Қуролли Кучлари бу ҳудудга ҳужумни уюштирганини тан олган, бироқ Россия ҳарбий қисмига зарба берилганини таъкидлаганди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада Россия Киевдаги ҳарбий ва қарор қабул қилиш марказларини нишонга олишини айтган ҳамда хорижликларни шаҳарни тарк этишга чақирган.
Малайзияда ижтимоий тармоқларга чеклов
Малайзияда 1 июндан бошлаб 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда аккаунт яратиш тақиқланди.
Чекловлар Facebook, Instagram, TikTok ва YouTube каби йирик платформаларга татбиқ этилади. Компаниялар янги фойдаланувчиларнинг ёшини давлат маълумотлар базаси орқали текширишлари керак. Талабларни бузганлик учун уларга 2,5 миллион долларгача жарима солиниши мумкин.
Расмийлар болаларга технологиялардан фойдаланиш тақиқланмаслигини таъкидлади. Чекловлар вояга етмаганларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш учун зарур. Шунингдек, норма платформалар, ота-оналар ва васийларнинг болаларнинг онлайн хавфсизлиги учун масъулиятини кучайтириши керак.
Аллақачон рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларнинг ёши ижтимоий тармоқлар маъмурияти томонидан 6 ой ичида текширилиши керак.
Малайзия интернетда хавфли постлар сони кўпайганидан сўнг платформаларни қаттиқроқ тартибга сола бошлади. Ирқий ёки диний адоватни қўзғатадиган ёки монархияни танқид қиладиган контент тақиқланган.
Ижтимоий тармоқларнинг зараридан болаларни асраш тенденцияси — 2025 йил охирида Австралия ҳукумати қароридан сўнг кенг ёйила бошлади.
Европада миграцион сиёсат
Европарламент ва Европа Иттифоқи мамлакатлари вакиллари ўз ҳудудида бошпана бериш рад этилган, бироқ ўз ватанига қайтариб бўлмайдиган мигрантларни депортация қилишни соддалаштирувчи келишувга эришди. Эндиликда Евроиттифоқ улар учун учинчи давлатларда вақтинча туриш марказларини ташкил этиши мумкин бўлади.
Бундай депортация марказларини ташкил этишни Германия, Австрия ва Дания ҳукуматлари ёқламоқда.
Янги регламент яшаш учун рухсатномаси йўқлигига қарамай, Европа ҳудудини тарк этишдан бош тортаётган шахсларга нисбатан қатъийроқ санкцияларни назарда тутади. Хусусан, бундай мигрантларни ҳибсга олиш, Евроиттифоққа қайта киришни тақиқлаш чораси тизимли равишда қўлланади.
Бундан ташқари, ноқонуний миграцияга қарши курашишнинг эҳтимолий чоралари қаторида нафақалар ва ижтимоий ёрдам пуллари тўлашни қисқартириш ёки бутунлай тўхтатиш ҳам бор.
Янги қоидалар нодавлат ташкилотлар вакиллари томонидан кескин танқидга учради. Чунки бундай чоралар одамларни ўзлари умуман ҳеч қандай алоқадор бўлмаган мамлакатларга бадарға қилиш имконини беради.
AFP маълумотларига кўра, Қозоғистон, Ўзбекистон, Руанда ва Уганда Евроиттифоқнинг депортация бўйича келгуси ҳамкорларига айланиши мумкин.
Жанубий Кореяда портлаш
Душанба куни Жанубий Кореядаги «Hanwha Aerospace» компанияси бошқарадиган заводнинг ракета ёқилғиси ишлаб чиқариш линиясида портлаш юз берди. Портлашдан кейинги ёнғин оқибатида беш киши ҳалок бўлди ва яна икки киши жароҳатланди.
Омон қолган икки киши, жумладан, оғир куйиш жароҳати олган бир киши объектдан мустақил равишда қочиб чиқишга муваффақ бўлган, деди ўт ўчириш хизмати расмийси.
Портлаш ёнғинни келтириб чиқарган, бироқ портлашнинг аниқ сабаблари ҳали ҳам ўрганилмоқда.
«Hanwha» Кореянинг йирик мудофаа ва аэрокосмик компанияси ҳисобланади. Заводнинг лойиҳавий чизмаси миллий хавфсизлик қонунлари билан ҳимоялангани сабабли, расмийлар уни қўлга кирита олишмаган.
Ҳалок бўлган беш кишининг икки нафари 20 ёшлардаги вақтинчалик ишчилар бўлган. «Биз қурбонлар ва уларнинг оила аъзоларидан бош эгиб узр сўраймиз», деди компания бош ижрочи директори Сон Чже Ил.
Исроил мудофаа компанияларига чекловлар
Франция Исроил ҳукумати мулозимларига Париждаги йирик қурол кўргазмасида қатнашишни тақиқлади ва Исроилнинг айрим компанияларига чекловлар жорий қилди. «Eurosatory» — дунёдаги энг йирик қурол кўргазмаларидан бири ҳисобланади.
Исроил Мудофаа вазирлиги бу қарорни қоралаб, «кўргазмада қатнашиш ёки миллий павилон ташкил этиш имкониятидан маҳрум бўлишини» билдирди.
Тадбир ташкилотчиси Шарл Бодуэннинг айтишича, кўргазмада фақат «баллистик ракеталарга қарши ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини тақдим этувчи Исроил компаниялари иштирокига» рухсат берилган.
«Бу Франция ҳукумати, Мудофаа кенгашининг қароридир», дея қўшимча қилди Бодуэн. «Ҳеч қандай ноаниқликка ўрин йўқ: агар иштирокчи айни пайтда ракета ишлаб чиқарувчиси ҳам бўлса, уларга ракеталарни намойиш қилишга рухсат берилмайди. Бу эса кўргазмада ҳеч қандай ҳужумкор қуроллар бўлмаслигини таъминлайди», деди у.
Исроил–Франция муносабатлари 2023 йил охиридан бери ёмонлашиб бормоқда. Париж Исроилнинг Ғазо ва Ливандаги урушлардаги хатти-ҳаракатларини ҳамда Эронга қарши бошланган урушни танқид қилиб келмоқда. Исроилнинг радикал ҳукумати – Франция президенти Эммануэл Макроннинг ўтган йили Фаластин давлатини тан олиш қарорига ҳам норозилик билдирганди.
Мавзуга оид
15:20 / 01.06.2026
Банкротлик ёқасидаги БМТ ва аросатда қолган Арманистон – кун дайжести
15:54 / 26.05.2026
Эронга зарба берган АҚШ ва мигрантлар учун божларни ошираётган Россия – кун дайжести
14:46 / 25.05.2026
«Орешник»ни ишга солган Россия ва Ойга интилаётган Хитой – кун дайжести
16:42 / 23.05.2026