We Global Football Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026га чиқиш имкониятини бироз пасайтирди
Осиёда 2026 йилги жаҳон чемпионати ҳал қилувчи саралаш босқич 5-тур ўйинларидан кейин We Global Football портали миллий жамоаларнинг океан ортидаги турнирга бориш имконияти фоизларини янгилади. Ўзбекистоннинг мундиалда иштирок этиш имконияти бироз пасайтирилган.
Ўзбекистон миллий жамоасининг 4-турда Бирлашган Араб Амирликлари устидан қозонган ғалабасидан (1:0) кейин А гуруҳидан ЖЧ-2026 финал босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олиш имконияти 93,1 фоизга кўтарилган эди. Яъни, имконият 10 фоиздан кўпроққа ошганди. Қатардан учралган мағлубиятдан кейин эса Сречко Катанец шогирдларининг имконияти 93,1 фоиздан 84,8 %га пасайтирилди.
Шунга қарамай, мамлакатимиз миллий жамоаси мундиалга тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиш учун даъвогарлар орасида ҳамон Япония, Эрон ва Жанубий Кореядан кейинги 4-ўриндан жой олган.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон миллий жамоасининг 3-турда Эрон билан дуранг (0:0) қайд этганидан кейин А гуруҳидан ЖЧ-2026 финал босқичига тўғридан-тўғри йўл олиш имконияти 75,9 фоиздан 82,8 фоизга кўтарилган эди. 2-турда Қирғизистон устидан эришилган ғалабадан (3:2) кейин Ўзбекистоннинг имконияти 70,3 фоиздан 75,9 фоизга кўтарилган, ЖЧ-2026га чиқа олмаслик имконияти эса 1 фоиздан 0,4 фоизгача пасайтирилган эди.
А гуруҳидан Эроннинг ЖЧ-2026га тўғридан-тўғри бориш имконияти энг юқори баҳоланган – 99,4%. Портал Осиёдан Япония ЖЧ-2026 масаласини амалда ҳал қилган деб ҳисобламоқда – 100 фоиз.
Ўзбекистоннинг 5-турдаги рақиби Қатар 4-турда Эрондан учралган мағлубиятидан (1:4) кейин имкониятини анча пасайтириб, йўлланмага даъвогарлар топ-10лигини тарк этганди, Ўзбекистонни мағлуб (3:2) этиб, 8,9 фоиз билан ўнликка қайтди.
Осиё миллий жамоаларининг 5-турдан кейин ЖЧ-2026га бориш имкониятлари (We Global Football талқини):
1. Япония – 100% (4-турдан кейин – 99.9 % эди)
2. Эрон – 99.4% (99.6 %)
3. Жанубий Корея – 99.5% (99.7 %)
4. Ўзбекистон – 84.8% (93.1%)
5. Австралия – 72.3% (75.1 %)
6. Иордания – 45 % (41.6 %)
7. Ироқ – 44.3% (53.4 %)
8. Саудия Арабистони – 22.9% (16.7 %)
9. Ўмон – 11.1% (5.4 %)
10. Қатар – 8.9% (4.6 %).
Маълумот учун, Ўзбекистон навбатдаги турда 19 ноябр куни Лаосда Шимолий Корея меҳмони бўлади. Ўзбекистон А гуруҳида пешқадам Эрондан (13) кейинги 2-ўринни (10 очко) эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 учун Осиёга 8,5 ўрин ажратилган. Учта гуруҳдан 2тадан жамоа тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқса, гуруҳлардаги 3-4-ўриндаги жамоалар плей-оффлар орқали қолган 2,5та йўлланма учун кураш олиб боради. Жаҳон чемпионати 2026 йилнинг 11 июн — 19 июл кунлари АҚШ, Канада ва Мексиканинг 16та шаҳрида бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
13:11 / 21.11.2024
We Global Football: Ўзбекистон Осиёдан ЖЧ-2026га тўғридан тўғри йўлланмага эга чиқиш учун 4-даъвогар
23:32 / 14.11.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон 90+12-дақиқада гол ўтказиб, Қатарда мағлубиятга учради
17:51 / 14.11.2024
Осиё кубогидаги аламли мағлубият учун реванш олинадими? Қатар – Ўзбекистон ўйини олдидан
16:51 / 16.10.2024