Жаҳон | 10:09 / 24.02.2026
1974
3 дақиқада ўқилади

ЖБ: Украинани тиклаш учун 588 млрд доллар керак бўлади

Урушдан кейин Украинани тиклаш учун 10 йил мобайнида қарийб 588 млрд доллар талаб этилади. Бу Украина ҳукумати, Жаҳон банки, Еврокомиссия ва БМТ томонидан тайёрланган ҳисоботда айтилган.

Фото: Oleksandr Gimanov/AFP

Украинага 2022 йил февралда бошланган тўлиқ кўламли уруш оқибатларини бартараф этиш ва мамлакатни тиклаш учун 10 йил давомида 587,7 млрд доллар (тахминан 500 млрд евро) керак бўлади. 2025 йил 31 декабр ҳолатига долзарб бўлган ушбу баҳолашни душанба, 23 феврал куни Украина ҳукумати, Жаҳон банки (ЖБ), Еврокомиссия ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) тақдим этди.

Украина бош вазири Юлия Свириденко таъкидлашича, бу сумма Украина иқтисодиётининг 2025 йил учун прогноз қилинаётган номинал ЯИМдан қарийб уч баравар кўп. Ҳисоботга кўра, энг катта харажатлар — 96 млрд доллардан ортиқ — транспорт секторини тиклашга тўғри келади. Иккинчи ўринда уй-жой фонди: 90 млрд доллар. Кейин савдо ва саноат сектори (63 млрд доллар), шунингдек қишлоқ хўжалиги (55 млрд доллар) келади. Яна қарийб 28 млрд доллар мамлакат ҳудудидаги портлашлар оқибатларини бартараф этиш ва ҳудудларни минадан тозалаш ишларига сарфланиши керак.

Украинанинг тўлиқ кўламли урушдан кўрган тўғридан тўғри зарари 195 млрд доллардан ошди — бу 2025 йил февралда эълон қилинган баҳолашдан 19 млрд долларга кўп. Энг кўп зарар фронтга яқин вилоятлар ва йирик шаҳарларга тўғри келган.

Таққослаш учун: ўтган йилги ҳисоботда яқин 10 йил ичида Украинани тиклаш учун 524 млрд доллар (тахминан 445 млрд евро) керак бўлиши айтилган эди. Ўсиш зарарнинг ортиши билан боғлиқ: энергетика объектларидан шикастланган ёки вайрон бўлганлари сони 21 фоизга кўпайган, портлар ва темирйўлларга қилинган ҳужумлар сабаб транспорт соҳасидаги эҳтиёж 24 фоизга ошган. Бундан ташқари, 2025 йил охири ҳолатига кўра, Украинада уй-жойларнинг 14 фоизи шикастланган ёки вайрон бўлган бўлиб, бу уч миллиондан ортиқ хўжаликка таъсир қилган.

2025 йил июл ойида ўша пайтда Украина бош вазири бўлган, ҳозир эса Энергетика вазирлигини бошқараётган Денис Шмихал мамлакатга урушдан кейин тикланиш учун 14 йил мобайнида 1 трлн доллар (тахминан 850 млрд евро) керак бўлишини айтган.

«Бизнинг концепция АҚШнинг бир трлн доллар умумий ҳажмига эга икки жамғарма тузишни назарда тутади», — деган у. Унинг сўзларига кўра, биринчи жамғарма — Киев бошқарадиган “Украина жамғармаси” — хорижда мусодара қилинган, қиймати 460 млрд евродан ортиқ бўлган Россия активлари, шунингдек Россия хомашёсини экспорт қилишга қўйиладиган махсус солиқ ҳисобига молиялаштирилиши керак. Иккинчи жамғарма эса қарийб 400 млрд евро ҳажмда бўлиб, хусусий инвестициялар ҳисобидан шакллантирилиши лозим.

Шу билан бирга, Шмихал 2025 йил феврал ойида ҳам Украина урушдан кейин тикланиши учун тахминан 500 млрд евро керак бўлишини айтган эди. Аммо у бу сумма қайси муддатга мўлжалланганини аниқлаштирмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид