Россиянинг йирик чакана савдо тармоғи Ўзбекистон маҳсулотларини экспорт қилмоқчи
Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Россиянинг йирик "Монетка" чакана савдо тармоғи бўлим бошлиғи Елена Пермякова билан музокара ўтказди.
Учрашувда "Монетка" тармоғи савдо шохобчаларида мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Елена Пермякова "Монетка" чакана савдо тармоғи ўз мижозларига зарур товарлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини таклиф қилишини айтди. Дўконлар тармоғини сифатли ва ўз вақтида товарлар билан таъминлаш мақсадида корхонада еттита дистрибьюторлик марказлари фаолият кўрсатмоқда. Кунига 50 тонна пиёз, 20 тонна узум, 20 тонна хурмо, 100 тоннага яқин картошка ва бошқа маҳсулотлар сотилади.
"Монетка" тармоғи савдо шохобчаларида Ўзбекистон мева-сабзавотлари, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотларини сотишдан манфаатдормиз. Компаниямиз ўзбекистонлик етказиб берувчилар билан ҳам узоқ муддатли шартномалар тузишга қарши эмас", - деди у.