Сурхондарёда юқори синфлар учун мактаб биноси ҳокимлик айби билан битказилмаяпти
Музработ туманидаги 3-мактабнинг биноларидан бири яроқсизлиги туфайли янгидан қурилиши бошланган. Реконструкция ишлари салкам 1 йил давом этиб, кейин тўхтаб қолган, қачон якунланиши эса номаълум. Kun.uz билан суҳбатда Мактаб вазирлиги вакили бунда туман ҳокимлиги айбдор эканлигини билдирди.
Сурхондарё вилояти Музработ тумани Меҳнатобод маҳалласида жойлашган 3-мактабнинг бир гуруҳ ўқувчилари спортзал ва фуқаролардан бирининг уйида таҳсил олаётгани акс этган видео тарқалди. Унда мактаб 2008 йилда қурилгани, унинг 4 та синфхонаси борлиги ва бу хоналарда бошланғич синф ўқувчилари таҳсил олаётгани айтилади. 2023 йилда эса мактабнинг юқори синфлари учун туман ҳокимлиги томонидан яна бир бино қурилиши бошланган, бироқ унинг қурилиши 1 йилга етар-етмай тўхтаб қолган.
“Етарли маблағ ажратилмагани учун мактаб қурилиши якунига етказилмаган”– вазирлик
Kun.uz ҳолатга изоҳ олиш учун Мактабгача ва мактаб вазирлиги билан боғланди. Вазир маслаҳатчиси Азиз Турдиевнинг айтишича, яқоридаги видео муҳокамаларга сабаб бўлгач туман ҳокими қарори билан 5-11-синф ўқувчиларини ҳудуддаги 5-мактабга вақтинча кўчирилган.
Маълум қилинишича, 3-мактабнинг қуввати 280 ўқувчига мўлжалланган, бироқ унинг ўқувчилари ҳозирда 327 нафарни ташкил қилади. Шундан 143 нафар ўқувчи 1–4-синфларда ўқийди, 184 нафари эса 5–11-синфларда. Таъкидланишича, 5-мактабнинг қуввати 600 ўқувчига мўлжалланган ва унда ҳозирда 538 нафар бола таҳсил олиб келади. Ўқувчилар икки “смена”да таҳсил олгани учун 3-мактабнинг 184 нафар юқори синф ўқувчилари бу ерга кўчирилган ва улар учун 11 синф хонаси ажратилган.
3-мактабнинг икки ўқув биноси бўлиб, улардан 120 ўринлиси 2023 йилдан таъмирдан чиқарилган. 160 ўқувчига мўлжалланган иккинчи бино ўрнида 180 ўринли бино қурилиши 2023 йилда бошланган, бироқ кейинроқ тўхтаб қолган.
Азизбек Турдиев қурилиш нима сабаб тўхтаб қолганига ҳам муносабат билдирди. Унга кўра, туман ҳокимияти Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг мактаб қурилиши қачон тугатилишига оид саволига жавоб бермаган.
“Етарли маблағ ажратилмагани учун мактаб қурилиши якунига етказилмаган. Энди битта чора, биз буни 2025 йил дастурига киритиб, ўзимиз қуриб берамиз. Мен бошқа чора кўрмаяпман.
Ҳозир мен хат қилиб, вилоят ҳокимлигига киритишни айтдим. Агар вилоят бюджетидан туман бюджетига пул ташлаб беришса, [қурилишни] қилса бўлади. Ҳозир шунинг ҳаракатини қиламиз. Ўзи шундай бўлади-да, туман бюджетида пул бўлмаса, вилоят бюджетида пул бўлади, улар ташлаб беради”, – деди у.
Аввалроқ Бухоро шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг реконструкцияси охирига етказилмаётгани ортидан ўқувчилар совуқ хоналарга ўқишга мажбур бўлаётгани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга оид
10:25 / 12.12.2024
Мактабларда қишки таътил 29 декабрдан бошланади
14:47 / 04.12.2024
Германияда мактабга кечиккан ўқувчиларга жарима солиш бошланди
13:56 / 04.12.2024
«Бир миллион дастурчи» лойиҳасида энг яхши натижа кўрсатган мактабга электромобил берилади
22:48 / 03.12.2024