21 май куни Музработ туманидаги маҳалла ҳудудида хизмат қилаётган ЙПХ ходимларидан бири ҳаракатланиш давомида шубҳа уйғотган Lacetti ҳайдовчисига тўхташ ишорасини кўрсатган. 

Ҳайдовчи эса қонуний талабни бажармаган. Шу тарзда у яқин атрофда бўлган уйларнинг бирига кириб қолган. Ходимлар ундан бир неча маротаба ҳужжатларни сўраган бироқ у тақдим этишни хоҳламай, автомашинадан тушиб қочиб кетишга уринган. 

Ходимлар ҳаракатига шу атрофда бўлган бир неча фуқаролар аралашган. Шу сабабли сафдор ходим электрошокердан фойдаланиб ҳайдовчини тинчлантиришга уринган. Навбатчилик қисмидан қўшимча ёрдам чақирилган. 

Шундан сўнг ҳайдовчи ички ишлар бўлимига олиб келинган. Ҳайдовчи қилмишидан пушаймон эканини билдирган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ходимлар ҳаракатлари юзасидан ҳам хизмат текшируви ўтказилмоқда.