Жаҳон | 16:04
1291
2 дақиқада ўқилади

Курск суди УҚК сафида жанг қилган британияликни ҳибсга олди

Курск областида рус аскарлари томонидан асирга туширилган британиялик Жеймс Андерсон ҳибсга олинди. У теракт ва ёлланма ҳаракатни содир этишда гумон қилинмоқда.

Фото: AP

Курскнинг Ленин район суди Россия давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ва Украина Қуролли кучлари таркибида Курск областидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганликда айбланаётган Буюк Британия фуқароси Жеймс Скотт Рис Андерсонни ҳибсга олди. Бу ҳақда 26 ноябр, сешанба куни минтақа суд тизими қўшма матбуот хизмати хабар берди. Суд мажлиси 25 ноябр куни ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди.

Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг аниқлик киритишича, Андерсонга нисбатан террорчилик ҳаракати ва ёлланма ҳаракат моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган. Унга кўра, Буюк Британия фуқароси ва «ёлланма гуруҳларнинг бошқа вакиллари» 2024 йил ноябр ойи ўрталарида Курск области ҳудудига бостириб кирган ва у ерда «аҳолини қўрқитиш, катта миқдорда мулкий зарар етказиш ва ҳокимият фаолиятини беқарорлаштириш мақсадини кўзлаган».

Жеймс Андерсоннинг Курск областида ушланиши

Россия давлат агентлиги ТАСС 24 ноябр куни хавфсизлик кучларидаги манбаларга таяниб, рус қўшинлари Буюк Британиядан келган «ёлланма аскарни» Курск областида қўлга олгани ҳақида хабар берди. Россия Telegram-каналларида Жеймс Андерсоннинг сўроқ қилиниши акс этган видео эълон қилинди. У ерда эркакнинг айтишича, 2019 йилдан 2023 йилгача Британия армиясининг алоқа полкида хизмат қилган ва у ерни тарк этгач, «молиявий ва оила билан боғлиқ муаммолар туфайли» Украина хорижий легионига қўшилган.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми 25 ноябр куни Лондон «ушбу воқеа ҳақида хабардор қилингани» ва «Британия фуқаросига ҳар томонлама ёрдам беришини» айтди.

Мавзуга оид