Ўзбекистон | 19:02 / 28.11.2024
5404
2 дақиқада ўқилади

«Шок» усулида музлатиш, озуқа қўшимчаси тайёрлаш бўйича 100 миллион долларлик лойиҳалар ишга туширилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда пишиқчилик даврида нарх тушиб кетиши оқибатида Сурхондарёда карам, лавлаги, Жиззахда пиёз ҳосили, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарёда тарвуз ҳосили охиригача йиғиб олинмагани кўрсатиб ўтилди.

Эҳтиёждан ортган ҳосилни қуритиб, озуқавий қўшимча шаклида экспорт қилиш мумкинлиги, бунга озиқ-овқат саноати корхоналарида талаб катталиги таъкидланди.

Келгуси йилда «шок» усулида музлатиш, озуқа қўшимчаси тайёрлаш бўйича 100 миллион долларлик 50 та лойиҳани ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Саноатлашган боғ-токзорларда 20 сотихгача майдонда кичик музлаткич, саралаш ва қадоқлаш цехларини қуришга рухсат берилган. Мутасаддиларга интенсив боғларда бундай цехлар учун жойларни белгилаш, келгуси йилда 500 минг тоннали қувватларни яратиш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, туманлар бўйича ишни бошлаш топширилди.

Жорий йил якунигача жами қуввати 57 минг тонна бўлган 10 та агрологистика маркази, 230 минг тонналик совиткичли омборхонани ишга тушириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Вилоят ҳокимларига йил якунигача 14 минг, келгуси йили 29 минг гектар саноатлашган интенсив мевали боғ ва токзорларни барпо этиш топширилди.

Бундан ташқари, Қўрғонтепада 300 гектар, Фарғона туманида 200 , Поп, Янгиқўрғон ва Оҳангарон туманларида 100 гектардан саноатлашган интенсив боғ ва токзорлар тайёр ҳолда тадбиркорларга берилиши белгиланди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш ва Ўсимликлар карантини агентликларига экспортга юборишда ҳар бир мева-сабзавот тури бўйича алоҳида техник стандартларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид