Спорт | 11:37 / 28.11.2024
32704
21 дақиқада ўқилади

Мбаппе яна уялтирди, ПСВда тарихий камбэк. Кун ўйинлари

Чоршанба оқшомидаги асосий воқеалар, голлар ва ЕЧЛ жадвалидаги вазият.

Фото: Chris Brunskill/Fantasista/Getty Images

Анчелоттида ресурс тугаб қолди

«Ливерпул» — «Реал» 2:0
Голлар:
Мак Аллистер (52), Гакпо (76). 
Аниқ ижро этилмаган пеналтилар: Мбаппе (61), Салоҳ (70). 
«Ливерпул» – Келлеҳер, Робертсон, ван Дейк, Конате, Брэдли (Гомес, 87), Мак Аллистер, Гравенберҳ, Жонс (Собослаи, 83), Диас, Нунес (Гакпо, 68), Салоҳ.
«Реал» – Куртуа, Менди (Фран, 71), Рюдигер, Асенсио, Валверде, Модрич (Эндрик, 79), Камавинга (Себалйос, 57), Беллингҳэм, Гулер (Васкес, 57), Диас, Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Асенсио (13), Нунес (13), Гравенберҳ (17), Мак Аллистер (40), Менди (69), Себалйос (80).

«Ливерпул» ва «Реал»нинг сўнгги йиллардаги қарама-қаршилиги катта афишага айланади. Бу биринчи навбатда Чемпионлар лигасидаги дарвозабонлар ҳал қилган икки драматик финал билан боғлиқ. 2019 йил майида Лорис Кариус совринни Мадридга туҳфа этганди, тўрт йил ўтиб эса Тибо Куртуа Испания пойтахтидаги ўйинда асосий қаҳрамонга айланади.

Ўшан йилларда «Ливерпул» ва «Реал» тенг рақиблар сифатида кўриларди, аммо ўтган ёзда янги мавсум арафасида икки клубнинг ҳолати бутунлай бошқача эди. «Ливерпул»да Клопп кетганидан кейин турғунлик бошланадигандек кўринаётганди — шу вақтгача фақат Нидерландияда ишлаган Арне Слотдан нима кутиш мумкинлигини ҳеч ким айта олмасди. «Реал» эса Мбаппени ниҳоят ўзиники қилди ва «Галактикос 2.0» томон йўл қўйилгандек эди.

Аммо мавсумнинг биринчи қисми тасаввурларни ўзгартириб юборди — Килиан янги жойда мослашишга қийналмоқда, бу эса оқибатлар занжирини юзага келтирган ва жамоадаги ривожланишни тўхтатиб, натижаларда акс этмоқда. Қолаверса, жамоа жароҳатлардан азият чекмоқда — амалда Анчелотти ихтиёрида соғ марказий ҳимоячилар қолмади ва у яқингача «Кастиля» футболчиси бўлган Раул Асенсиони бошланғич таркибда туширмоқда, Валверде эса шошилинч равишда ўнг қанот ҳимоячисига айлантирилди. Ливерпулга сафар олдидан ҳужум чизиғида Родриго ортидан Винисиус ҳам сафдан чиқди, у уч ҳафта майдонга туша олмайди. Анчелотти Мбаппе — Диас — Гулердан иборат ҳужум триосини ўйнатишига тўғри келди.

«Ливерпул»да эса барчаси ажойиб кетмоқда — ЕЧЛ ва АПЛ турнир жадвалларидаги пешқадамлик буни яққол тасдиқлайди. Асосий дарвозабон Алисон жароҳатлангани ва формасини тиклай олмаётган Александер-Арнолд йўқлиги ҳам жамоа ўйинига сезиларли таъсир кўрсатмаяпти.

Ва биринчи бўлим жамоаларнинг ўйиндан олдинги турнир жадвалидаги жойлашувига мос кечди — «Ливерпул» мезбонларга хос тарзда тўпга ва ташаббусга эгалик қилиб, майдон марказидан хотиржамлик билан комбинациялар уюштирди ва рақибнинг бирга ўйнаш кўникмасига эга бўлмаган ҳимоя чизиғини сочиб юборишга ҳаракат қилди. Тўртинчи дақиқадаёқ Асенсио ўз дарвозасини ишғол этиб қўйишига бир бахя қолди. «Ливерпул» биринчи голли вазиятини прессинг орқали Мбаппедан тўпни олиб қўйиш орқали бошлади. Нунес Салоҳ билан девор услубида ўйнаб зарба берди, Куртуа қутқарди, аммо тўп Асенсионинг оёғидан дарвоза томон ҳаракатланди, ёш ҳимоячи сўнгги сонияда уни тепиб юборишга улгурди.

Бўлим ўрталарида Дарвинда яна бир қулай вазият юзага келди, аммо унинг бош билан олис бурчакка йўллаган зарбаси бироз хато кетди. 

«Реал» очиқчасига иккинчи рақам остида ҳаракатланди ва ўз ижрочиларининг индивидуал маҳоратига таянди. Мадридликлар рақибни юқорироқда кутиб олишга ва ўйинни ўз дарвозасидан узоқроқда олиб боришга ҳаракат қилди. Бу иш берди, Мбаппе ва Беллингҳем тўп учун курашга ёрдамлашди ва ўзи билан бир неча рақибни олиб юрди. Қарши ҳужумлар вақтида рақибнинг ҳар икки таянч яримҳимоячиси — Мак Аллистер ва Гравенберҳ сариқ карточка олишга мажбур қилинди. Айниқса Гулер фаоллик қилди — ёш турк берилган имкониятда ўзини кўрсатишга уринди ва «Реал»нинг биринчи бўлимдаги энг ёрқин футболчисига айланди. Модрич эса доимгидек босим остида ҳаракат қилишда катта ёрдам кўрсатди.

Танаффусдан кейин «Ливерпул» ўйинни яна кучайтирди. Кертис Жонс жарима майдони чизиғидан хавфли зарба йўллади, «Реал»ни рикошет қутқариб қолди. Кейин Конор Брэдли Мак Аллистернинг узатмасидан кейин Куртуанинг ҳушёрлигини текшириб кўрди, белгиялик посбон қийин зарбани бартараф этди. Аммо бир дақиқа ўтиб Алексис барчасини ўзи ҳал қилишга қарор қилди — аргентиналик яримҳимоячи Брэдли билан пас ўйнаб, Куртуанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди.

«Реал» энди бутунлай сочилиб кетадигандек эди. Қолаверса, яна бир жароҳат рўй берди — бу сафар Камавинга белидаги кучли оғриқ сабаб ўйинни давом эттира олмайдиган бўлди. Анчелотти майдонга Себалйос ва Лукас Васкесни ташлади ва ушбу жуфтликнинг ҳужумида пеналти ишланди. Мбаппе ўз руҳий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда бу оқшом «нуқта»га яқинлашиши тўғри бўлмасди. Аммо сўнгги олти ўйинда фақат бир гол урган француз ҳужумчиси бу серияга чек қўйишни қаттиқ хоҳлади, аммо Келлеҳер унинг зарбаси йўналишини аниқ топди.

«Ливерпул» босим қилишда давом этди ва ўн дақиқа ўтиб Салоҳ пеналти ишлади. Мисрлик ҳужумчи шу вақтга қадар «Реал» дарвозасига гол уролмаганди ва бу ишни яна кейинга қолдирадиган бўлди — унинг кучли зарбаси дарвозага тўғри бормасдан, устун ёнидан ўтиб кетди.

Аммо «Ливерпул» барибир ўз мақсадига эришди — бурчак зарбаси амалга оширилганида 172 сантиметрлик Модрич 193 сантиметрлик Гакпога қарши қолди ва кутилганидек иккинчи қаватдаги курашни бой берди, нидерландиялик ҳужумчи дарвозани осонлик билан ўққа тутди.

Фото: Peter Byrne/Getty Images

Меҳмонларга ўйин охирида штурм қилишга ҳам куч етмади, Мбаппе нимадир қилишга уринди, аммо кескинлик ярата олмади. Айнан унинг тўп йўқотишидан кейин Луис Диас ҳисобни йирик кўринишга келтириши мумкин эди, аммо Куртуа яна бир бор қутқарди.

«Реал» зарбалар бўйича яққол ортда қолди – 10:17 (дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича – 4:7, жарима майдонидан йўлланган зарбалар бўйича – 4:13). «Ливерпул» эса бу мавсумда Европанинг энг яхши жамоаси бўлишга бел боғлаганини намойиш этмоқда ва ЕЧЛнинг беш турида 100 фоизлик натижа билан умумий турнир жадвалида яққол пешқадамлик қилмоқда. «Реал» беш турдан учтасида ютқазиб, ўтиш ўйинларига йўлланма берадиган охирги, 24-ўринга тушиб кетди.

Дарвозабонларга аталган кеча

«Астон Вилла» — «Ювентус» 0:0
«Астон Вилла» – Мартинес, Дин, Торрес, Карлос, Кэш, Тилеманс, Камара (Баркли, 78), Макгинн, Рожерс, Бэйли (Филожин-Байдейс, 86), Уоткинс (Дуран, 78).
«Ювентус» – Ди Грегорио, Камбиязо, Гатти, Калулу, Савона (Данило, 66), Тюрам (Фажоли, 86), Локателли, Йилдиз (Мбангула, 82), Копмейнерс, Консейсау, Веа.
Огоҳлантиришлар: Тилеманс (10), Бэйли (12), Торрес (39), Калулу (45), Веа (77).

Бирмингҳемдаги ўйин олдидан тантанали маросим ўтказилди. «Вилла» дарвозабони Эмилиано Мартинес «Вилла Парк» газонига фарзандлари ҳамроҳлигида чиқиб келди ва трибунадагиларга жаҳоннинг энг яхши дарвозабони номига аталган мукофотларини намойиш этди. Фанатлар ҳам аргентиналик севимлилари учун ажойиб баннер тайёрлашганди.

Ўз ўзидан Дибу бундай кунда гол ўтказиб юборишга ҳақли эмасди, унинг Франсишку Консейсаунинг зарбасидан кейинги сейви турнир ҳит-парадлари қаторига кирадиган бўлди. Мартинес ёмон хулқи ва можароли ҳаракатлари туфайли қанча тергалмасин, кўпчилик уни айнан шундай қаҳрамонликлари туфайли кечиради. Дарвоза чизиғи устига етиб борган тўпни тўхтатиш осон эмас, аммо у шундай қила олади.

Ўз навбатида, нариги дарвозада турган Ди Грегорио ҳам ўз ишини яхши бажарди. Бир сафар Диннинг жарима зарбасидан кейин меҳмонларни тўсин голдан қутқарди, иккинчи бўлимда эса кипер бир неча метр масофадан туриб ҳужум қилган Макгинн гол уришига йўл қўймади. Қўшимча дақиқаларда Тилеманс стандарт вазиятдан тўп узатганида Ди Грегорио унга чиқишда хатога йўл қўйди ва Роджерс дарвозани ишғол этди. Аммо вазиятга VAR аралашиб, дарвозабонга қўполлик туфайли голни бекор қилди. «Ювентус» жорий мавсумда барча турнирлар доирасидаги «қуруқ» ўйинлари сонини ўн биттага етказиб қўйди ва бу топ-5 лигаларда «Бавария»ники билан биргаликда энг яхши натижа.

«Боруссия» учун қулай турнир

«Динамо» Загреб — «Боруссия» Д 0:3
Голлар:
Гиттенс (41), Бенсебайни (56), Гирасси (90). 
«Динамо» Загреб – Загорац, Пер-Габриэл, Ристовски, Торренте, Берно, Теофил-Катрин, Стойкович (Пяца, 62), Павич (Хожа, 73), Рог, Батурина (Куленович, 62), Качавенда (Шпикич, 73).
«Боруссия» Д – Кобел, Бенсебайни, Шлоттербек, Антон, Гросс, Брандт (Рюэрсон, 46), Нмеча, Забитцер (Рейна, 62), Гиттенс (Дюранвил, 62), Байер (Гирасси, 62), Мален (Коуто, 75).
Огоҳлантиришлар: Торренте (19), Бенсебайни (60), Батурина (60), Куленович (66).

Чемпионлар лигаси — «Боруссия» бу мавсумда сафар ўйинларида ҳам ғалаба қозонаётган ягона турнир. Икки ой муқаддам Брюггеда ўтган ўйинда ҳам жамоа ғалабага эришганди. Навбатдаги сафар ғалабаси учун йўл биринчи бўлимда вазиятлардан фойдаланишдаги қийинчиликлар билан кечди. Бенсебаинининг зарбаси тўсинга тегди, кейин эса Загорац Маленнинг дарвозабон ҳудудидан йўллаган зарбасини қийинчилик билан қайтарди. Аммо бўлим охирида Байно-Гиттенс узоқдан юқори бурчакка зарба йўллаганида дарвозабон ожиз қолди.

«Асаларилар» жароҳат туфайли Брандтдан айрилди, аммо Нури Шаҳин жамоаси ўз етакчисисиз ҳам катта муаммога учрамади. Иккинчи бўлим бошида бурчак зарбасидан кейин Бенсебаини барибир гол уриб, ҳисобни қулайлаштирди. Сўнгги дақиқаларда эса Гирасси яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, хорватларни узил-кесил таслим этди. Биринчи турда «Бавария»га 2:9 ҳисобида ютқазган «Динамо» яна Германия клуби билан ўйинни йирик ҳисобда бой берди.

Монако ва Болонядаги камбеклар

«Монако» — «Бенфика» 2:3
Голлар:
Бен-Сегир (13), Магасса (67) — Павлидис (48), Кабрал (84), Амдуни (88). 
«Монако» – Маецки, Кайо Энрике (Мависса Элеби, 57), Керер, Синго, Вандерсон, Закариё (Иленикҳена, 90), Камара (Магасса, 57), Головин, Бен-Сегир (Салису, 63), Аклиуш, Эмболо (Балогун, 63).
«Бенфика» – Трубин, Фернандес, Отаменди, Араужу, Ба, Кўкчу, Флорентину (Амдуни, 65), Эурснес (Баррейро, 85), Оқтуркўғли, Ди Мария, Павлидис (Артур, 65).
Огоҳлантиришлар: Флорентину (5), Фернандес (29), Закариё (40), Синго (41), Керер (41), Оқтуркўғли (42), Мависса (79).
Четлатил: Синго (58).

Дам олиш кунларида мавсумдаги биринчи голини уриб, «Монако»га «Брест»ни енгишда ёрдам берган Александр Головин бир неча кун ўтиб халқаро майдонда ҳам голли ҳаракат амалга оширди. Дарвозабон Вандерсоннинг зарбасини қайтарганидан кейин, россиялик легионер тўпга биринчи бўлиб етиб келди ва уни ҳисобни очган Бен Сегирга етказиб берди. Фақат барчаси монегаскликлар назоратида бўлиб тургандек кўринган ўйин йўқ жойдан бутунлай ўзгариб кетди. Эмболо мезбонларнинг ҳисобдаги устунлигини ошириш учун юзага келган қулай имкониятдан фойдалана олмагани ҳал қилувчи бурилиш бўлди.

Бир неча дақиқа ўтиб тажрибали Кайю Энрике қўпол хатога йўл қўйди, у ортга шу қадар ёмон пас бердики, тўп дарвозабон Маецкининг ёнидан ўтиб кетди, Павлидис эса бўш дарвозани ишғол этди. Кейин икки жамоадан Аклиуш ва Банинг голлари офсайд туфайли бекор қилинди, Сингонинг майдон марказидаги фоли эса ушбу ҳимоячи учун иккинчи сариқ карточкага айланди ва Ади Ҳюттер жамоаси бир киши кам бўлиб қолди. Шунга қарамай, «Монако» вазиятдан чиқиб кетиш имкониятига эга бўлди. Мависсанинг узатмасидан кейин Магасса жамоасини яна ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Аммо гол муаллифи ўйин қаҳрамонига айлана олмади, Ди Мариянинг узатмасидан кейин Артур Кабрал ҳисобни тенглаштирди. Ва бу ҳали ҳаммаси эмасди, тўрт дақиқа ўтиб Бруну Лаже майдонга ташлаган яна бир футболчи ўйин тақдирини ҳал қилди. Ди Мария бу сафар нариги қанотдан узатма берди ва жарима майдонида Амдуни барчадан баланд сакради. Турнирда илк бор мағлубиятга учраган «Монако» карахт ҳолатга тушди, «Бенфика» сон жиҳатдан устунлигидан фойдаланиб, Францияда 2013 йилдан буён илк бор ғалаба қозонди. Ди Мария бу оқшом Чемпионлар лигасидаги голли узатмалар сони бўйича Дэвид Бекҳэм (38)дан ўзиб кетди. Ундан фақат Месси (39), Криштиану Роналду (40) ва Райан Гиггз (41) олдинда. Анхелда рекордни ўзиники қилиш учун яхши имконият мавжуд.

«Болоня» — «Лилл» 1:2
Голлар:
Лукуми (63) — Мукау (44, 66). 
«Болоня» – Скорупски, Ликояннис (Миранда, 68), Лукуми, Бекема, Пош (Ҳолм, 85), Фергюсон, Фройлер, Фаббиан (Кастро, 75), Ндойе (Илинг-Жуниор, 85), Даллинга, Орсолини (Одгор, 68).
«Лилл» – Шевале, Гудмундссон, Алессандро, Диаките, Мене (Манди, 73), Буадди, Андре, Саҳравий (Жегрова, 74), Мукау (Ҳаралдссон, 86), Фернандес Пардо (Баккер, 86), Дэвид.
Огоҳлантиришлар: Алессандро (22), Ликояннис (33), Менье (54), Манди (80), Одгор (84).

Тезкор голи бекор қилинган «Болоня» ўзи учун янги турнирда барибир биринчи голини уришга эришди. Рақиб дарвозаси икки ҳимоячи иштирокидаги ҳужумда ишғол этилди:  Лукоянис жарима зарбасидан тўп узатиб берди, Лукуми унга барчадан олдинроқ улгурди. Фақат италиялик мухлислар қувончи узоқ давом этмади. Уч дақиқа ўтиб Мукау дублини расмийлаштирди ва «Лилл»га ғалаба келтирди.

20 ёшли яримҳимоячи французлар клубининг асосий еврокубокда дубл қайд этган энг ёш футболчисига айланди. Бу ўринда Брюно Женезионинг ишини эътироф этиш керак. Тажрибали мураббий «Атлетико» билан ўйнаган таркибнинг ярмини алмаштирди, аммо бу сафар ҳам ғалабага эришди. «Лилл» худди «Монако» каби беш турда 10 очко жамғарди ва евромавсумни ўта муваффақиятсиз ўтказаётган «ПСЖ»га анча юқоридан қарамоқда.

Глазгодаги қўпол хато ва Эйндҳовендаги мўъжиза

«Селтик» — «Брюгге» 1:1
Голлар:
Маэда (60) — Картер-Викерс (26, автогол).
«Селтик» – Шмейҳел, Тэйлор (Вале, 59), Трасти, Картер-Викерс, Жонстон, Ҳатате, Макгрегор, Энгелс (Паулу Бернарду, 59), Маэда (Форрест, 76), Фуруҳаси (Ида, 76), Кюн (Ян Ҳён Жун, 88).
«Брюгге» – Миниоле, де Кейпер, Мехеле, Ордонес, Сейс, Яшари, Нвадике, Цолис, Ванакен, Олсен (Талби, 77), Ютгла (Вермант, 77).
Огоҳлантиришлар: Ордонес (48), Мехеле (76), Паулу Бернарду (84).

Глазгодаги ўйин нафақат Картер-Викерснинг аҳмоқона автоголи билан (у Шмейхел қаерда турганига қарамасдан, ўз дарвозаси томон пас берди), балки «Селтик» футболчилари реакцияси билан ҳам ёдда қолади.

«Келтлар» дарвозабони ва жамоа фахрийси Макгрегор майдоннинг ўртасида қисқа йиғилиш ўтказди ва бу ҳам Брендан Роджерс жамоасига ўйинни ўзгартириш имконини берди. Маэда ажойиб айланма зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди. Мезбонлар ютқазиши ҳам мумкин эди, фақат «Брюгге»нинг голи Ферран Жутглидаги микроскопик офсайд туфайли бекор қилинди.

ПСВ — «Шахтёр» 3:2
Голлар:
Тиллман (87, 90), Пепи (90+5) — Сикан (8), Зубков (37).
ПСВ – Бенитес, Дамс (Пепи, 46), Боскали (Лосано, 74), Фламинго, Карсдорп (Ледесма, 90), Тиллман, Мауро, Сайбари, Ланг (Тил, 64), де Йонг, Бакайоко.
«Шахтёр» – Ризник, Педро Энрике, Матвиенко, Бондарь, Конопля, Крискив, де Маседо (Франич, 71), Судаков, Бондаренко, Зубков (Степаненко, 66), Сикан (Эгиналдо, 55).
Огоҳлантиришлар: Боскали (59), Сайбари (85), Крискив (87).
Четлатиш: Педро Энрике (69).

Бу турда Нидерландия клублари — характер бўйича чемпион. Бир кун олдин «Фейеноорд» «Манчестер Сити» майдонида уч гол фарқини йўққа чиқара олганди, ПСВ эса 0:2 ҳисобини сўнгги дақиқаларда 3:2 кўринишига келтирди. Футболда бунақа иродали натижа бўлиб туради, аммо бу ҳолат ўзгача. ЕЧЛда ўйиннинг 86-дақиқасига қадар икки гол фарқи билан ютқазиб турган жамоа асосий вақтдаёқ ғалабани илиб кетиши ҳали кузатилмаганди.

Ўйиндаги ҳал қилувчи палла Педро Энрике майдондан четлатилиши бўлди. «Шахтёр» дарвозабони хатоси билан биринчи жавоб голи урилди, у яқин бурчакка йўлланган зарбани тўса олмади ва тўпни фақат чизиқдан ўтганидан кейин ушлаб олди. Бундан илҳомланган Тиллман иккинчи голини чиройли тарзда урди, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда ҳал қилувчи штурм Пепининг ғалаба голига олиб келди.

Белград учун байрам

«Црвена Звезда» — «Штутгарт» 5:1
Голлар:
Силас (12), Крунич (31), Иванич (65), Радонич (69, 88) — Демирович (5). 
«Црвена Звезда» – Гутеша, Сеул Ён У, Спайич, Жига, Мимович, Элшник, Крунич (Далсиу, 77), Милсон (Радонич, 67), Максимович (Иванич, 59), Мвумпа (Канга, 77), Ндиайе (Дуарте, 67).
«Штутгарт» – Нюбел, Миттелштедт, Шабо, Руо, Штенцел (Ридер, 46), Штиллер (Кайтел, 84), Каразор, Фюрих (Боаке, 84), Мийо (Маланга, 76), Вагноман (Стергиу, 76), Демирович.
Огоҳлантиришлар: Максимович (45), Милоевич (45+2), Родич (45+2), Руо (45+2), Ндиайе (45+2), Крунич (52).

«Црвена Звезда» олдинги тўрт ўйинида умумий 4:16 ҳисобида ютқазганди, бу ўйиннинг ҳам бешинчи дақиқасидаёқ Демирович серблар дарвозасини ишғол этди ва мезбон мухлислар навбатдаги мағлубиятга руҳан тайёрлана бошлади. Аммо «Штутгарт» сафида беш мавсум ўтказган Силаснинг собиқ жамоасига голидан кейин барчаси ўзгариб кетди. Тажрибали Крунич эса жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Машҳур фахрий футболчи Болқонга қайтганидан кейин доим ҳам ишончни оқлай олмаяпти, аммо у чоршанба оқшомида ажойиб ўйин ўтказди — жарима майдони марказидан йўллаган зарбаси билан белградликларни олдинга олиб чиқди ва кейинроқ Радоничга ассистентлик қилди. Италия, Испания, Франция, Португалия ва Германия чемпионатларида тўп суриб келган ва етти йилдан кейин қайтиб келган вингер ниҳоят «Звезда» учун гол уришни бошлади. Белградда байрам бошланди.

«Штурм» — «Жирона» 1:0
Гол:
Бирет (59).
«Штурм» – Худяков, Лавале, Гайрҳофер, Айву, Газибегович, Китейшвили, Чуквуани, Бевинг (Хирлендер, 90), Жатта (Ярдимжи, 65), Ялкуйе (Хорват, 65), Бирет (Горенц-Станкович, 76).
«Жирона» – Гассанига, Блинд (Данжума, 67), Крейчи, Хуанпе, Франсес (Солис, 73), Гутиеррес, Ромеу, Мартин (Асприля, 52), Хил, Циганков (Абел Руис, 73), Миовски (Стуани, 67).
Огоҳлантиришлар: Газибегович (20), Хил (64).

«Штурм» «Жирона» билан ўйинда турнирдаги илк ғалабасига эришди – 1:0. Ўйиндаги асосий эпизод – австрияликларнинг голи эмас, балки «Жирона» қўлдан бой берган вазият бўлди. Биринчи бўлим ўрталаридай Иван Марин ўта қулай вазиятга чиқиб борди, аммо у гол урмаслик қийин бўлган вазиятда тўпни тепага тепиб юборди.

Кун статистикаси

«Реал» ўз тарихида 1-марта турнир гуруҳ босқичида уч бор ютқазди.

«Боруссия» ҳужумчиси Байно-Гиттенс турнирнинг жорий мавсумида 4 гол урди. У 21 ёшигача бир мавсумда энг кўп гол урган инглиз футболчиси бўлиши учун яна бир гол қолди. 2000/01 йиллар мавсумида ҳам «Лидс» форварди Алан Смит беш гол урганди.

«Монако» — «Бенфика» ўйинида биринчи бўлимда 6 сариқ карточка кўрсатилиши — турнирда 1992/93 йиллар мавсумидан буён энг максимал кўрсаткич бўлди.

«Монако» охирги бор йигирма йил муқаддам гуруҳ босқичининг беш турида 11 гол уришга эришганди.

Турнир жадвалидаги вазият:

Мавзуга оид