Мухолифат қўлига ўтган Ҳалаб, ён беришга тайёр Зеленский ва қора рўйхатдан чиқарилаётган «Толибон» — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Сурия: Ҳалаб учун жанглар
Сурияда Ҳалаб шаҳри учун қайта тўқнашувлар бошланди. Қуролланган мухолифат кучлари Туркия чегарасига яқин Ҳалаб шаҳрига кирганини эълон қилди. CNN хабарни жангарилар баёнотига асосланиб тарқатган бўлса-да, ҳозирча бу мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.
27 ноябрдан бошлаб, исёнчилар Асад ҳукуматининг ғарбий Ҳалабдаги позицияларига кенг кўламли ҳужум уюштирди. Anadolu агентлиги маълумотига кўра, жангарилар икки кун ичида Ҳалаб ва Идлиб ҳудудларида 56 та аҳоли пунктини назоратга олди ва ҳукуматнинг оғир қуроллари ҳамда омборларини эгаллади.
Шунингдек, Ҳукумат кучлари жангариларнинг бундай муваффақиятларини инкор этиб, уларни ёлғон тарқатишда айблади. Улар жангариларнинг дронлари ва оғир техникасини йўқ қилганини билдирди.
Ҳалаб шаҳри Суриянинг энг йирик аҳоли маркази бўлиб, у кўп йиллардан буён қуролли тўқнашувлар марказида қолмоқда. Охирги марта ҳукумат кучлари ва Россиянинг қўшма ҳужуми натижасида 2020 йилда жангарилар шаҳардан бутунлай қувилган эди.
Башар Асад режимига қарши қуролли мухолифат Сароқиб шаҳрини ҳам ўз назоратига олди. Ушбу стратегик муҳим шаҳар Идлиб вилоятида жойлашган бўлиб, Дамашқ-Ҳалаб ва Латақия-Ҳалаб автомагистраллари кесишган нуқтада жойлашган.
28 ноябр куни мухолиф кучлар режими назоратида бўлган бир неча қишлоқларни, жумладан, Тримбе, Дадиҳ, Кафирбаттиҳ ва бошқа ҳудудларни эгаллади. Сароқибни назоратга олиш учун икки кунлик шиддатли жанглар олиб борилди. Ҳукумат кучлари жуда кўп йўқотишларга дуч келди ва туманни тарк этишга мажбур бўлди.
Жанглар 27 ноябрда Ҳалаб вилоятининг ғарбида бошланиб, умумий ҳисобда 70 дан ортиқ аҳоли пункти мухолифат назоратига ўтди. Сароқиб мухолифат учун стратегик устунлик яратди.
Қурбон бўлаётган журналистлар
Исроил армияси Ливаннинг Ҳиам қишлоғида журналистларга қарата от очди. Ҳодиса чегарадан 6 километр узоқликда, мухбирлар қочқинларнинг ўз уйларига қайтишини ҳужжатлаштираётган вақтда содир бўлди.
Кам деганда уч нафар журналист яраланган, жумладан, American Associated Press агентлигининг фотожурналисти Муҳаммад Заатарий ўқдан икки жароҳат олган, россиялик Sputnik агентлиги мухбири Абдулқодир ал-Бай эса зўравонликдан жабрланган.
Ливан матбуоти муҳаррирлар уюшмаси раҳбари Юсуф Қусайфий бу ҳодисани «сулҳнинг биринчи бузилиши», деб атади. Унинг айтишича, 2023 йилдан буён Исроил Ливанда камида 12 журналистни ўлдирган.
Ғазо секторида эса Исроил ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган журналистлар сони 190 нафарга етди. Сўнгги қурбон Аъло Барҳум бўлиб, у бир неча медиа нашрлари учун ишлар эди. Унинг ўлими бўйича батафсил маълумот берилмаган.
Ғазо ҳукуматининг медиа офиси халқаро жамоатчиликка мурожаат қилиб, Исроилнинг журналистларга қарши жиноятлари учун халқаро суд олдида жавобгарликка тортилиши лозимлигини таъкидлади.
Боррел Ғазодаги фожиа ҳақида
Европа Иттифоқи ташқи ишлар раҳбари Жозеп Боррел Ғазода давом этаётган инсонпарварлик инқирозини тўхтата олмаганидан афсусда. Унинг айтишича, Ғазонинг шимолидаги 250 мингдан ортиқ инсон БМТ ёрдамининг етиб бормаслиги сабабли очлик ва касалликлардан азият чекмоқда.
«Улар қийноқлардан ўлмоқда, дунё эса буни кўрмаяпти ёки қила оладиган чорани топмаяпти. Биз эса бундай шароитларда уларга ёрдам қўлини чўза олмаяпмиз», — деган таассуф билан Боррел.
Шунингдек, у Ливанда эришилган тинчликни ижобий, бироқ барқарор бўлмаган қадам, дея таъкидлади. Украина ҳақида сўзлар экан, Украинага кўрсатилаётган ёрдамнинг тўхтатилиши Россиянинг Киевга етиб бориши учун шароит яратиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Европа Иттифоқи дипломатиясининг янги раҳбари Кая Каллас лавозимига киришгач, Украинага ташриф буюришини маълум қилди.
«Европа ўз кучини тиклаши керак. Биз дунё маркази бўлишдан узоқдамиз ва уйғониш ва ҳаракат қилиш учун фурсат етди», — деди Боррел.
Зеленский ён беришга тайёр
Украина президенти Володимир Зеленский агар мамлакат ҳудуди НАТО ҳимояси остига олинса, Россия билан урушнинг «қайноқ фазаси»ни тўхтатишга тайёрлигини билдирди.
Унинг айтишича, НАТО аъзолиги Россиянинг ҳудудий экспансияга қайта уринишининг олдини олади ва ишғол қилинган ҳудудларни дипломатик йўллар билан қайтариш имконини яратади.
Зеленскийнинг таъкидлашича, гап йўқолган ҳудудлардан воз кечиш ҳақида кетмаяпти. У Қримни билан бирга Украина ҳудудларини халқаро даражада тан олинган чегараларда НАТОга қўшилишни режа қилмоқда. Бу, унинг фикрича, Украинага хавфсизлик кафолатини тақдим этади.
Аввалроқ Оқ уй Украинани НАТОга аъзо бўлишга расман таклиф қилмасликка қарор қилгани хабар берилган эди. Байден маъмурияти икки томонлама хавфсизлик келишувлари орқали Украинага ёрдам кўрсатишга эътибор қаратмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга Ғарб қуроллари билан зарба беришга рухсат бергани ҳамда суверенитет ва ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватлаётганини маълум қилганди.
Россиянинг Украинадаги йўқотишлари
Россия армиясининг Украинадаги йўқотишлари сони 80 минг 973 кишига етди, деб хабар берди «Медиазона» ва BBC рус хизмати журналистлари. Улар бу маълумотларни очиқ манбалар ва волонтёрлар гуруҳи ёрдамида аниқлашган.
Қайд этилишича, қурбонларнинг 22 фоизи уруш бошланганидан сўнг шартнома имзолаган ҳарбийлардир. Журналистларнинг таҳлилига кўра, кўнгиллилар фронтга жўнатилгандан кейин бир неча ҳафта ичида ҳалок бўляпти. Умумий қурбонлар орасида маҳкумларнинг улуши камайиб, ноябрдаги 26 фоиздан ҳозирда 18 фоизга тушган. Ҳозиргача 14 минг 738 маҳкумнинг ҳалок бўлгани тасдиқланган.
Шунингдек, 9861 мобилизация қилинган ҳарбий ва 14 минг 542 шартномали аскарнинг қурбон бўлгани аниқланган. Ҳалок бўлганлар орасида 3067 десантчи, 1189 денгиз пиёдаси, 575 махсус хизмат ходими ва 265 учувчи бор. Энг кўп йўқотишлар Бошқирдистон, Татаристон ва Свердловск областига тўғри келмоқда.
Журналистлар маълумотига кўра, қурбонларнинг 52 фоизи уруш бошлангунга қадар армия билан алоқаси бўлмаган. 2023 йилнинг биринчи ҳафталари энг кўп йўқотишлар қайд этилган давр бўлиб, бу пайтда ҳар куни 700 нафардан ортиқ ҳарбий ҳалок бўлган.
Қора рўйхатдан чиқаётган «Толибон»
Россияда «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш учун қадамлар қўйилмоқда. Давлат Думасига бу борада қонун лойиҳаси киритилди. Унга кўра, «Толибон» ўз фаолиятини терроризмни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилишдан тўхтатса, рўйхатдан чиқарилиши мумкин. Қонундаги якуний қарор суд томонидан қабул қилинади.
Экспертларга кўра, Россия «Толибон» билан алоқаларни кучайтириш орқали уларни Украинадаги можарога жалб қилишни кўриб чиқаётган бўлиши мумкин. Айрим таҳлилчилар «Толибон»нинг кўп миқдордаги жангарилари мавжудлигини ва улар Россия учун стратегик аҳамият касб этиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Шунингдек, бу масала Россияда ҳозирги сиёсий ва халқаро вазиятда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. «Толибон» ҳукуматидаги баъзи амаллар, хусусан, инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари, қарор жараёнида катта рол ўйнаши мумкин.
Тбилисидаги намойишлар
30 ноябр куни эрталаб Гуржистон пойтахти Тбилисидаги Шота Руставели хиёбонида намойишчилар ўз ҳаракатларини давом эттирмоқда. Улар ўриндиқ ва чиқинди қутиларидан баррикадалар қуриб, вазиятни кескинлаштирмоқда. Журналистларнинг хабар беришича, намойишчилар вақт-вақти билан олов ёқиб, «Сакартвело!» деб ҳайқиришмоқда.
Кеча кечаси бўлиб ўтган намойишларда парламент биноси олдида мухолифат ва полиция ўртасида кескин тўқнашувлар юз берди. Намойишчилар парламент дарвозаларини синдиришга уриниб, полицияга петарда ва бўёқ идишларини улоқтирган. Ҳукумат эса митинг «қонун доирасидан ташқарига чиққанини» таъкидлаб, сув пуркагичлар ва қалампир газидан фойдаланди. Натижада, намойишчилар парламент биносидан сиқиб чиқарилган.
Гуржистондаги бу кенг кўламли норозилик акциялари Европа Иттифоқига қўшилиш музокараларининг 2028 йилгача тўхтатилгани эълон қилинганидан сўнг бошланди. Намойишларда Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили ҳам иштирок этиб, янги сайловлар ўтказилиши зарурлигини таъкидлади.
Мавзуга оид
14:09 / 29.11.2024
Қамалда қолаётган Ғазо аҳли, Путиннинг Киевга навбатдаги таҳдиди ва Гуржистондаги тўқнашувлар — кун дайжести
13:48 / 28.11.2024
Ғазодаги сулҳ истиқболи, Қримга ракета ҳужуми ва Россияни тарк этаётган мигрантлар — кун дайжести
13:21 / 27.11.2024
Исроилнинг маданий геноциди, Ливанда икки ойлик оташкесим ва жиноий таъқибдан қутулган Трамп — кун дайжести
13:15 / 26.11.2024