Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди
АҚШ дам олиш кунлари Эрон жанубидаги ҳарбий объектларга зарба берди. Муҳофизлар корпуси бунга жавобан душанба куни Кувайтдаги АҚШ ҳарбий базасини нишонга олди.
АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича, якшанба кунги ҳужумлар «халқаро сув ҳудудларида парвоз қилаётган АҚШнинг MQ-1 дронини уриб туширишни ўз ичига олган Эроннинг ҳаракатларига» жавобан амалга оширилган.
«АҚШ қирувчи самолётлари минтақавий сувлардан ўтаётган кемаларга аниқ хавф туғдирган Эрон ҳаво мудофааси тизимлари, ердаги бошқарув станцияси ва иккита камикадзе дронларни йўқ қилиш орқали тезкорлик билан жавоб қайтарди», дейилади CENTCOM баёнотида.
Кейинроқ Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эронга ҳужум қилиш учун фойдаланилган АҚШ авиабазасини нишонга олганини маълум қилди. Бироқ айнан қайси база эканига аниқлик киритмади.
Reutersʼнинг ёзишича, Кувайт расмийлари душанба куни ҳаво мудофааси тизимлари ракета ва дрон ҳужумларини қайтарганини хабар қилган. Бу мамлакатда АҚШнинг йирик ҳарбий базаси жойлашган.
АҚШ ва Эрон ўртасида апрел ойи бошида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганди. Шундан бери асосий битимга эришишга қаратилган музокаралар чўзиляпти. Шу билан бирга улар вақти-вақти билан ўзаро зарбалар алмашиб турибди.
Икки томон бошқа бир қанча масалаларда, жумладан, Ливандаги уруш борасида ҳам келиша олмаяпти. 31 май куни Бинямин Нетаняҳу «Ҳизбуллоҳ»га қарши курашда Исроил қўшинларига Ливан ичкарисига чуқурроқ кириб боришни буюрганини маълум қилди.
БМТ банкротлик ёқасида
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти АҚШ ва Хитой тўловларни кечиктираётгани сабабли банкротлик ёқасига келиб қолди.
Wall Street Journal маълумотларига кўра, Вашингтоннинг ташкилот олдидаги қарзи 4 миллиард доллардан ошади. Пекин эса май ойи охирида 850 миллион долларлик тўловларига қарамай, ҳамон 455 миллион доллар қарз бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, ХХР ўзини «амалда асосий молиявий ҳомий» деб атаб, ташкилот олдидаги мажбуриятларини бажаришга ваъда бермоқда.















