10 ойда қанча иш ҳақи ва нафақа пуллари талон-торож этилгани маълум қилинди
Ўзбекистонда 10 ойда иш ҳақи ва нафақа пулларининг 5,8 миллиард сўми талон-торож қилингани аниқланган.
Бош прокуратура маълум қилишича, 2024 йилнинг январ-октябр ойлари давомида бундай ҳолатлар ортидан 71 та жиноят иши қўзғатилди.
Бу даврда кредит маблағлари талон-торож қилиниши олдини олиш, муаммога айланган қарздорликлар қайтарилишини таъминлаш ишлари устидан назорат янада кучайтирилди.
Прокуратура аралашуви билан қарздорликларнинг 11,6 триллион сўми амалда ундирилди, 8,9 триллион сўм бўйича гаровдаги мулкларнинг сотувга чиқарилиши таъминланди, 1,6 триллион сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздорларнинг иш ҳақига қаратилди.
Ўтказилган назорат тадбирларида маблағларнинг 2,5 триллион сўми талон-торож қилингани аниқланиб, банк ва мижоз корхоналар раҳбарларига нисбатан 906 та жиноят ишлари қўзғатилди.
2024 йилги инвестиция дастури асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган объектларда қурилиш сифати ва маблағлардан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, 61,2 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар ва 82,1 миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари жойида бартараф этилиб, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди.
Мазкур дастур ижроси бўйича олиб борилган назорат тадбирларида қонунни бузган 466 нафар шахс интизомий, 1854 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 262 та жиноят ишлари қўзғатилиб, давлатга етказилган 71 миллиард сўм зарар ундирилди.
Мавзуга оид
10:02 / 19.10.2024
Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди
18:10 / 12.09.2024
Ўзбекистон сузиш федерацияси мансабдорлари томонидан 2 млрд сўмдан ошиқ маблағ талон-торож қилинди
12:41 / 20.08.2024
Россия ҳарбийлари Курск вилоятидаги дўконни талон-торож қилди
19:47 / 15.08.2024