Жаҳон | 13:40
983
4 дақиқада ўқилади

Германия ТИВ раҳбари Хитойни Россияни қўллаб-қувватлаётгани учун яна танқид қилди

Хитойга сафари арафасида Анналена Бербок Пекиннинг Москва билан ҳарбий ва иқтисодий ҳамкорлигини қоралади. У Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашув ўтказиш ниятида.

Анналена Бербок Фото: Reuters

Хитойга сафари арафасида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ваъдаларига қарамай, Украинага қарши урушда Россия Федерациясига сезиларли ёрдам беришда давом этаётган Пекиннинг позициясини қоралади. «Хитой Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида дунё тинчлиги ва хавфсизлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олиш ўрнига, Россияга кўрсатаётган иқтисодий ва ҳарбий ёрдами билан бизнинг асосий Европа манфаатларига зид иш қилмоқда», дейилади ташқи ишлар вазирлиги сайтида 1 декабр, якшанба куни эълон қилинган баёнотда.

Вазир Россия Федерациясининг қарийб 3 йилдан бери давом этаётган агрессив ҳаракатлари бутун дунё учун тўғридан тўғри хавф туғдираётганини таъкидлади: «Хитой билан муносабатларимизда буни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Пекинда муҳокама қиламиз». Бербок 2 декабр куни Хитой пойтахтига қисқа муддатга ташриф буюради ва ҳамкасби Ван И билан музокаралар олиб боради.

Бербок КХДРнинг Украинадаги урушда Россияни қўллаб-қувватлашдаги ролини ҳам эътибордан четда қолдирмади. Агар Шимолий Корея Украинага қарши аскар ва қурол-яроғ юборса, Россия эса Шимолий Кореянинг ядро дастурини қўллаб-қувватласа, «бу, шунингдек, Ҳинд-Тинч океани минтақасида тинчликка таҳдид солади», деди ташқи ишлар вазири.

Германия ТИВ раҳбари ХХРни РФга ҳарбий ёрдам бермаслик ҳақида огоҳлантирди

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок, агар Хитой Россияга Украинадаги уруш учун учувчисиз учоқлар етказиб бераётгани тасдиқланса, Хитойга жазо чоралари билан таҳдид қилди. «Бу оқибатларга олиб келиши керак ва шундай бўлади», деди у 18 ноябр куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши чоғида. Европа Иттифоқи Пекин Москвага учувчисиз учоқлар ёрдамида ҳарбий ёрдам кўрсатиши мумкинлиги ҳақида маълумотга эга.

Шу муносабат билан ЕИ 18 ноябр куни Эронга қарши санкцияларни кучайтирди, Теҳрон учувчисиз учиш аппаратлари ва ракеталарни яратиш ва ишлаб чиқариш учун фойдаланиши мумкин бўлган компонентларни экспорт қилиши тақиқланди, дейилади Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари баёнотида. Бундан ташқари, Евроиттифоқ Эроннинг Каспий денгизидаги бундай технологияларни Россияга ўтказишда фойдаланиладиган портларига, шунингдек, Россия ва Эрон юк ташиш компанияларига нисбатан санкциялар киритди.

Хитой бўйича, ЕИда Хитой заводидан дронлар «Россияга етказиб берилгани ва Украинага қарши урушда фойдаланилгани» ҳақида разведка маълумотларига эга, деб ёзади AFP юқори мартабали европалик амалдорга таяниб. Дипломатлар фикрича, Пекиндаги раҳбарлар бундан бехабар бўлишлари даргумон. Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари душанба куни биринчи марта эҳтимолий жазо чораларини муҳокама қилишди, бироқ ҳали қарор қабул қилинмади. Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни Хитойнинг Россияга эҳтимолий ҳарбий ёрдамини «катта хато» деб атади. Европа Иттифоқи Пекинни бундай «эскалациядан» огоҳлантириши керак, деди у.

Пекин можарода бетараф эканини айтади, бироқ Ғарб ҳукуматлари Хитойнинг дипломатик ва иқтисодий ёрдами Россияга Украинага қарши агрессив уруш олиб боришда ёрдам бераётганини таъкидлаб келади.

Мавзуга оид