Хитой АҚШнинг Тайванга қурол етказиб берганига жавоб чоралари билан таҳдид қилди
Пекин Американинг Тайванга қурол етказиб беришига ва Тайван президентининг Ҳавайига ташрифига норозилик билдирмоқда. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги «суверенитет ва ҳудудий яхлитликни» ҳимоя қилиш учун «қатъий чоралар» билан таҳдид қилди.
Хитой расмийлари Қўшма Штатлар Тайванга қурол сотишга рухсат берганидан норозилик билдирди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 1 декабр, якшанба куни «ўз суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилиш» учун «кучли чоралар» билан жавоб беришини билдирди.
Пекин Вашингтонни Хитой ўзининг исёнкор провинцияси деб ҳисоблаган Тайванга қурол етказиб беришни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бир кун аввал Америка Давлат департаменти Тайбэйга умумий қиймати 385 миллион долларлик яна бир қурол партиясини сотишга рухсат бергани хабар қилинганди. Гап F-16 қирувчи самолётлари учун эҳтиёт қисмлар, радар тизимлари, шунингдек, модернизация қилинган мобил алоқа ускуналарини етказиб бериш ҳақида бормоқда.
ХХРнинг Тайван президентининг Ҳавайида қабул қилинишига қарши норозилиги
Хитой, шунингдек, Тайван президенти Уиляму Лай (Лай Циндэ)Тинч океани минтақасига сафари доирасида АҚШнинг Ҳавайи штатида юқори даражада қабул қилинганидан ғазабланди. Пекин Қўшма Штатларни бунинг учун «энг кучли тарзда» қоралади ва Вашингтонга «жиддий норозилик» билдирди, дея маълум қилди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги. Идоранинг таъкидлашича, Хитой «воқеа ривожини диққат билан кузатиб боради ва ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўради».
Лай турнега 30 ноябрда йўл олди. Уни Ҳонолулу аэропортида қизил гиламда кутиб олишди, деб хабар берди унинг офиси. Қайд этилишича, Тайван президенти ҳеч қачон бундай даражада кутиб олинмаган.
Уилям Лай Ҳавайига ташрифидан сўнг Маршалл ороллари, Тувалу ва Палауга ташриф буюради. Тайван президенти май ойидан бери ўз лавозимини эгаллаб турибди, у ўзидан олдинги Цай Инвэнга қараганда Тайваннинг суверенитети ҳақида кўпроқ гапиради. Шунинг учун Пекин уни сепаратистлар қаторига қўяди, деб таъкидлайди AFP.
Мавзуга оид
13:40
Германия ТИВ раҳбари Хитойни Россияни қўллаб-қувватлаётгани учун яна танқид қилди
18:00 / 01.12.2024
Ўзбекистон фуқаролари Хитойга 30 кун визасиз саёҳат қилиши мумкин
22:32 / 30.11.2024
АҚШ Тайванга F-16 қирувчи самолётлари учун эҳтиёт қисмлар ва радиолокацион тизимлар етказиб беради
19:47 / 30.11.2024