Ўзбекистон | 22:20 / 03.12.2024
2589
5 дақиқада ўқилади

3 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

БААга киришдаги муаммолар муҳокамаси, Магнитский санкция рўйхатига киритилган ўзбекистонлик педофил амалдорлар, Бухоронинг тарихий қисмида велосипедлар учун чекловлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

БААга киришдаги муаммолар ҳал этилади

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев 2 декабр куни Бирлашган Араб Амирликларининг элчиси Саид Матар ал-Қамзий билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида БААга киришда ўзбекистонлик фуқаролар дуч келаётган қийинчиликлар билан боғлиқ ҳолат юзасидан ҳам фикр алмашилди. Томонлар муаммони қисқа вақтда ҳал қилиш учун тегишли чораларни кўришга келишиб олди.

30 ноябр куни Тошкент–Абу-Даби йўналиши бўйича Wizz Air рейсида учган 31 ўзбекистонлик амирликларга киритилмаган эди.

Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси вазият назоратга олинганини ва аэропорт маъмурияти билан мулоқотда бўлиб турганини маълум қилди. Йўловчиларнинг бир қисми аллақачон Ўзбекистонга қайтарилган бўлса, қолганлари учун Wizz Air тегишли чораларни кўраётгани маълум қилинган эди.

Бу ҳолат БААда уч ўзбекистонлик яҳудий роҳибнинг ўлими бўйича гумонланувчи сифатида қўлга олингани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

АҚШ педофил амалдорларга санкция жорий қилди

АҚШ Молия вазирлиги 2 декабр Халқаро қулликка барҳам бериш кунида уч ўзбекистонликни Магнитский рўйхатига қўшди. Ушбу шахслар инсон ҳуқуқларини жиддий равишда бузганликда айбланди.

Санкцияга тушганлар Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязов ва меҳрибонлик уйи собиқ мудираси Юлдуз Худойбергановадир. Улар меҳрибонлик уйидаги етим болаларга нисбатан жинсий зўравонлик, калтаклаш ва қулликка мажбурлаш каби жиноятларда иштирок этган.

Юлдуз Худойберганова ёш қизларни турли зўравонликлар орқали пул эвазига жинсий алоқага мажбурлаган, Анвар Курязов ва Ойбек Машарипов эса ушбу қизлар билан жинсий алоқада бўлган. Улар етказган зарарлар сабабли АҚШ виза чекловлари жорий этиш ва мулкий манфаатларни музлатиш каби жазо чораларини қўлламоқда.

Энди ушбу шахслар ва уларга алоқадор компаниялар молиявий операциялардан бутунлай маҳрум қилинади.

Бухорода ҳаракат чекловлари жорий этилмоқда

Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида мотоцикл, скутер ва мопедлар ҳаракати чекланди. Ҳудудда махсус тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилмоқда. Чеклов тарихий меросни муҳофаза қилиш ва сайёҳлар ҳамда маҳаллий аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган.

ЙҲХБ маълумотига кўра, бундай транспорт воситалари тарихий биноларга зарар етказиши ва йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид туғдириши мумкин. Эндиликда ушбу тақиқни бузганлар 125 минг сўм миқдорида жаримага тортилади.

Шунингдек, тарихий ҳудудда кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситалари, мопед ва велосипедларни бошқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бу ташаббус сайёҳларнинг ҳаракатланишига таъсир этмасдан, тарихий ҳудудлар муҳофазасига хизмат қилади.

Ўзбек аёли дунё рўйхатида

BBC ўзбекистонлик тадбиркор Дилором Йўлдошевани «Дунё бўйлаб илҳомлантирувчи ва нуфузли 100 аёл» рўйхатига киритди. Британия нашри илк бор 2024 йил учун эълон қилган ушбу рўйхатга имконияти чекланган ўзбек аёли кирди.

Сурхондарё вилояти Денов туманидан бўлган Дилором Йўлдошева 2 йил олдин ўрим-йиғим пайтида икки оёғидан айрилган. Фожиадан кейин у янги ҳаётни бошлаб, тикувчилик бизнесини очди. Мақсади — ёш аёлларга иқтисодий кўмак бериш. У тадбиркорлик асосларини ўрганиб, 40 дан ортиқ шогирд тайёрлади. Компанияси қисқа муддатда ўсиб, бепул устахоналар очиш билан бирга, ишчилар ва ўқувчилар учун кийим ишлаб чиқариш шартномаларини тузди.

Бу бизнес нафақат унинг, балки бошқа аёлларнинг ҳам даромад манбаига айланди. У ҳақида «Матонат» ҳужжатли филми суратга олинган. Ушбу филмда унинг фожиадан кейинги матонатли ҳаёти кўрсатилган.

Ирригация тизимлари реконструкция қилинади

Президент қарорига кўра, Бухоро, Наманган, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари Хитой Халқ Республикасининг Эксимбанки иштирокида амалга оширилади. Бу ташаббус суғориладиган ерлар сув таъминотини яхшилаш ва сувдан тежамли фойдаланишни мақсад қилган.

Режалаштирилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 220 млн долларни ташкил қилади: Бухоро, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари учун лойиҳалар қиймати — 160 млн доллар; Қашқадарё вилояти учун лойиҳа қиймати — 60 млн доллар.

2025 йилдан бошлаб бажарилган ишларга мос равишда қарз шартномалари қисмларга бўлиб имзоланади. Қашқадарё лойиҳаси учун аввалдан тўлов сифатида 120 миллиард сўм маҳаллий бюджет маблағларидан ажратилади. Лойиҳалар техник-иқтисодий асослари тасдиқланганидан сўнг, давлат бюджети параметрларига ўзгартишлар киритилади.

Мавзуга оид