Жаҳон | 19:30 / 04.12.2024
673
2 дақиқада ўқилади

Британиянинг The Guardian газетаси журналистлари 50 йил ичида биринчи марта иш ташлаш эълон қилди

Газета журналистлари The Observer нашри Tortoise Media компаниясига сотилиши мумкинлигидан норози. Иш ташлаш кунларида тўлдирилиши керак бўлган материаллар чоп этилмаслиги мумкин.

The Guardian ва унинг якшанба кунги версияси ҳисобланувчи The Observer журналистлари иш ташлаш эълон қилди — улар The Observer сотилиши мумкинлигидан норози. Иккала нашр ҳам ҳозирда Guardian Media Group компаниясига тегишли.

Сентябр ойида The Observer нашри Tortoise Media компаниясига сотилиши мумкинлиги тўғрисида миш-мишлар тарқалган эди. Ушбу компанияга ўз вақтида The Times мухбири ва BBC директори лавозимида ишлаган Жеймс Хардинг раҳбарлик қилади.

Хардинг The Observer’нинг ҳар якшанба куни чиқадиган босма нашрини давом эттириш билан бирга, нашрни подкаст ва онлайн трансляциялар билан ҳам бойитишга ваъда берган. Аммо газета ходимларига компенсация пулларини олган ҳолда ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ёки меҳнат шартларини сақлаб қолган ҳолда Tortoise бошқаруви остида ишлашни давом эттириш таклиф қилинмоқда.

The Guardian учун бу сўнгги ярим асрдаги биринчи иш ташлашдир. Журналистлар икки кун — 4 ва 5 декабр кунлари иш ташлаш уюштирмоқчи. Ушбу норозилик акцияси The Observer’нинг биринчи сони чиққанига 233 йил тўлган санага тўғри келмоқда.

Медиакомпаниялар раҳбарияти касаба уюшмаси аъзоси бўлган журналистларнинг хоҳишини ҳурмат қилишларини, аммо «иш ташлаш — яхши ечим эмаслиги»ни маълум қилди. «Иш ташлаш ўқувчилар чоршанба ва пайшанба куни The Guardian веб-сайти ҳамда босма нашрларида айрим ўзгаришларни пайқаши мумкинлигини англатади», — дейилади хабарда. Хусусан, иш ташлаш кунларида тўлдирилиши керак бўлган материаллар чоп этилмаслиги мумкин.

Мавзуга оид